Жаҳон | 14:08 / 08.01.2025
4032
9 дақиқада ўқилади

Ғазодаги бошқарув истиқболлари, Хитойдан рус танкерларига чекловлар ва Саудиядаги сув тошқинлари — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Бирлашган Араб Амирликлари Исроил ва АҚШ билан Ғазо секторидаги вақтинчалик маъмуриятда иштирок этиш масаласини муҳокама қилмоқда. Reuters маълумотига кўра, амирликлар АҚШ ва бошқа давлатлар билан биргаликда Ғазодаги бошқарув, хавфсизлик ва тикланиш ишларини вақтинча назорат қилиш вариантини кўриб чиқмоқда.

БАА Исроил ва АҚШнинг яқин хавфсизлик ҳамкори сифатида Ғазо, Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусни ўз ичига олган мустақил Фаластин давлати учун Фаластин маъмуриятини ислоҳ қилиш ва кучайтиришни қўллаб-қувватламоқда.

Амирликлар расмий вакили: «Амирликлар Фаластин маъмурияти жиддий ислоҳ қилинмаса, ҳеч қандай режада иштирок этмайди», — деб таъкидлади.

БАА Фаластин маъмуриятининг янги бош вазирини тайинлашни таклиф қилмоқда ва эҳтимолий номзод сифатида собиқ бош вазир Салом Файёд кўриб чиқилмоқда. Ғазони тиклаш ишлари кўп йиллар ва миллиардлаб доллар халқаро молиявий ёрдамни тақозо қилади. Исроил ҳанузгача Ғазонинг келажаги борасида аниқ режа тақдим этмаган.

Хитойдан Россия танкерларига чекловлар

Хитойнинг Шандонг провинциясидаги энг йирик нефт портлари АҚШ санкциясига тушган танкерларга хизмат кўрсатишни тақиқлади, деб хабар бермоқда Reuters.

Янги тартибга кўра, санкцияга тушган танкерлар портда лангар ташлаши, юк тушириши ёки бошқа порт хизматларини олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

Бу чекловлар Цингдао, Жичжао ва Янтай портларини ҳам қамраб олган. Мазкур ҳолат Хитойнинг Россия, Эрон ва Венесуэла нефтини импорт қилиш суръатларини секинлаштириши мумкин.

АҚШ, Британия ва Европа Иттифоқи 2024 йил сўнгига қадар 180 та нефт ташувчи танкерни санкциялар рўйхатига киритган. Улардан 100 таси ҳаракатни тўхтатган. АҚШ маъмурияти Россиянинг «яширин флот»ига қарши янги санкциялар тайёрламоқда, Россия нефтига эмбарго қўйиш ва Россия банклари лицензияларини бекор қилишни режалаштирмоқда.

Сурияга нисбатан санкциялар юмшатилмоқда

Россияга қарши янги санкцияларга тайёргарлик кўраётган АҚШ молия вазирлиги Суриянинг давлат муассасалари билан молиявий операцияларга, энергетика ресурслари учун тўловларга ва Марказий банк орқали пул ўтказмаларига чекловларни вақтинча бекор қилди.

Фақат Россия ёки Эрон манфаатларига хизмат қилувчи битимлар бундан мустасно.

Молия вазирлиги хабар беришича, 2024 йил 8 декабрдан кейин бошланган операциялар учун GL24 лицензияси жорий қилинди. Бу лицензия олти ой давомида амал қилади ва вазиятни кузатиб бориш мақсадида ишлаб чиқилган. Бу қарор АҚШ томонидан Асад режими қулатилганидан кейинги ўзгаришларга мослашиш доирасида қабул қилинган.

НАТО Болтиқ денгизини қўриқлайди

НАТО Болтиқ денгизида муҳим аҳамиятга эга энергия ва маълумот узатувчи сувости кабелларини ҳимоя қилиш учун 10 га яқин кема юборишини эълон қилди. Бу кемалар асосан кабеллар атрофида жойлаштирилиб, тийиб турувчи омил сифатида фаолият юритади, аммо халқаро сувларда бошқа давлат кемаларининг ҳаракатини тўхтата олмайди.

Декабр охирида Эстония ва Финландия ўртасидаги Estlink 2 электр кабелига зарар етказилганидан сўнг, НАТО ўз ҳарбий иштироки кучайтирилишини маълум қилганди.

Кабел яқинида Ҳонгконг байроғи остидаги Xin Xin Tiang 2 ва Кук ороллари байроғи остида Eagle S кемалари сезиларли даражада секинлашган ҳолда аниқланган эди. Айни пайтда кабеллар таъмирланмоқда.

Европа газ захиралари қисқармоқда

Европа нисбатан совуқ келган қишда ўз газ захираларини 2018 йилдан буёнги энг юқори суръатларда сарфламоқда. Bloomberg маълумотига кўра, газ омборлари 70 фоизгача тушиб кетган, бу ўтган йилги 86 фоизлик кўрсаткичдан анча пастдир. Бу эса кейинги йил энергетик хавфсизлик учун жиддий хавф туғдириши мумкин.

Газ танқислиги ҳозирча кутилмаяпти, аммо бу ҳолат келгуси қиш мавсумига тайёргарлик кўришни қийинлаштириши ва газ нархлари кескин ошишига олиб келиши мумкин.

Шунингдек, Россия газининг Украина орқали транзити тўхташи ҳам Европани қийин аҳволда қолдирмоқда. Бу йўл олдин Европа газ импортининг 5 фоизини таъминлар эди. Айниқса, Венгрия ва Словакия каби давлатлар бу транзитга жуда боғланиб қолган эди.

Европа газ захираларини Греция, Туркия ва Руминия орқали трансболқон қувури орқали келадиган газ билан тўлдириш таклифини ўрганмоқда. Бироқ бу йўллар Россия гази транзитига қараганда анча қимматга тушади.

Трампнинг Гренландия бўйича режалари

Дональд Трамп Гренландияни АҚШга қўшиш бўйича келишув амалга ошиши кераклигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, эркин дунё ва Гренландия хавфсизлик ва тинчликка муҳтож. Трампнинг ўғли Гренландия пойтахти Нуук шаҳрига борган, бироқ маҳаллий ҳукумат ташриф хусусий дея, унга пешвоз чиқмаган.

Шунингдек, Трамп Гренландия ва Панама канали узра назорат ўрнатишда ҳарбий ва иқтисодий услублардан фойдаланмаслигига кафолат бера олмаслигини ҳам маълум қилган.

Трамп Мексика қўлтиғини «Америка қўлтиғи» деб қайта номлаш режасини маълум қилди ва бу бўйича қарор яқин кунларда эълон қилиниши кутилаётганини таъкидлади.

Шу билан бирга, у Украинадаги урушни олти ой ичида тўхтатишга умид қилмоқда. Трамп Россиянинг Украина НАТО аъзосига айланишига қарши чиқишига тушуниш билан қарашини айтди. Путиннинг у билан учрашувга тайёрлигидан хабардор экани, лекин бунга у расман Оқ уйга қайтмагунча қўл уриб бўлмаслигини таъкидлади.

Бундан ташқари, Трамп у Оқ уйга қайтгунига қадар ҲАМАС гаровда ушлаб турилганларни озод қилмаса «ҳар бир томон учун ёмон бўладиган ҳолат» юз бериши мумкинлиги билан таҳдид қилди.

Лукашенко ҳокимиятни ёшларга топширадими?

Беларус президенти Александр Лукашенко яқинлашаётган сайловлар олдидан ҳокимиятни ёш авлодга топширишга тайёрлигини маълум қилди. У ўзининг ҳокимият тепасида қолишга интилмаётганини қайд этиб, ҳокимиятни тинч ва осойишта топшириш истагини билдирди.

«Мен ҳокимиятга ёпишиб олганим йўқ. Тинчлик ва осойишталик билан уни янги авлодга топшираман. Чунки уларнинг қандай яшашини кўришни хоҳлайман. Бунинг учун ҳокимиятни куч билан ушлаб қолишга интилаётганим йўқ», — деди Лукашенко.

Шу билан бирга, у сиёсатдан кетиш нияти йўқлигини, соғлиги бор экан, мамлакат манфаати учун ишлашда давом этишини таъкидлади. «Мен соғлом эканман, доим сизлар биланман. Ҳар қандай лавозимда бўлса ҳам, ўз қўлимиз билан яратган нарсаларимизни асраш учун ишлайман», — деган у.

Маккада сув тошқинлари

Саудия Арабистонида кучли ёмғирлар туфайли Макка ва Мадинада сув тошқинлари юз берди. Жидда шаҳрида ҳам кўчаларни сув босиб, шаҳарларни боғловчи йўллар бузилди.

Saudi Gazette ва Khaleej Times нашрлари маълумотига кўра, Маккага умра зиёратига борган зиёратчилар ҳам кучли жала остида қолган.

Қишда ёғингарчилик кам учрайдиган Саудия Арабистонида бундай ҳолат сўнгги марта 2024 йилнинг апрелида кузатилган эди.

Араб давлатларидаги сўнгги тошқинлар ушбу мамлакатларидаги дренаж тизимлари кучли ёғингарчилик оқибатларини бартараф этишга қодир эмаслигини кўрсатиб бермоқда.

Тибетдаги зилзила қурбонлари

Тибетнинг тоғли ҳудудларида рўй берган 6,8 магнитудали кучли зилзила натижасида камида 126 киши ҳалок бўлиб, 188 киши яраланган. Зилзила эпимаркази Тингри уездида, ер сатҳидан 10 километр чуқурликда жойлашган. Афтершоклар 4,4 магнитудага етиб, кўплаб бинолар қулаган.

АҚШ Геология хизмати зилзилани 7,1 магнитудага баҳолаб, унинг таъсири Непал, Бутан ва Ҳиндистонда ҳам сезилганини қайд этди. Тибетнинг муқаддас Шигаже шаҳри яқинидаги Панчен-ламанинг қароргоҳи жойлашган ҳудуд ҳам зарар кўрган.

Воқеа жойидаги кадрларда вайрон бўлган бинолар ва парчалар тасвирланган. Ҳалокат ҳудудида ҳаво ҳарорати Целсий шкаласи бўйича –8 даража, кечаси эса –18 даражага тушиши кутилмоқда.

Тингри уезди 62 минг аҳолига эга бўлиб, зилзилаларга мойил ҳудуд саналади. 2015 йилда Непалдаги 7,8 магнитудали зилзила 9 минг кишининг ҳаётига зомин бўлган эди.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид