Жаҳон | 14:00 / 09.01.2025
5739
9 дақиқада ўқилади

Ғазога авиазарбалар, ҳаддидан ошаётган Илон Маск ва Россия нефт базасига дронлар ҳужуми — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Исроилнинг Ғазо секторидаги давомли авиазарбалари натижасида ўнлаб фаластинликлар ҳаётдан кўз юмди.

Хон Юнус шаҳридан жануброқдаги Жизан Рашван туманидаги ҳужумлар натижасида 10 киши ҳаётдан кўз юмган. Хон Юнуснинг Манара кўчасида ҳаракатланаётган автомобилга уюштирилган ҳужуми туфайли 2 киши ҳалок бўлган. Зайтун туманида эса 5 нафар жабрланувчининг таналари вайроналар остидан топилган, яна 4 киши қидирилмоқда.

Ғазо марказидаги Басса туманига қилинган ҳужумлар натижасида яна 3 фаластинлик ҳалок бўлгани тўғрисида «Ал-Ақсо шаҳидлари» касалхонаси маълум қилди.

Исроил армияси Бурайж қочқинлар лагеридаги Вишахлар оиласининг уйини вайрон қилган.

460 кундан буён давом этаётган қамал минглаб одамларни бошпанасиз қолдириб, ёстиғини қуритмоқда.

Ғазо секторидаги қамал сабабли 35 кунлик чақалоқ Юсуф Қулуб совуқдан ҳалок бўлди. Сўнгги кунлар ичида совуқдан ҳалок бўлган гўдаклар сони 8 га етди.

БМТнинг UNRWA агентлиги: «XXI асрда болалар совуқдан ҳалок бўлмаслиги керак», — деб таъкидлашдан бошқа чора топа олмаяпти.

Ғазо секторида Исроил ҳужумлари натижасида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 45 минг 936 нафарга етган, шундан 17 минг 800 нафари болалардир. Ҳужумлар давомида 109 мингдан ортиқ киши жароҳат олган.

Сурияда узоқ муддатли барқарорлик режалари

БМТнинг Ҳуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси вакили Йенс Лерке Сурияда узоқ муддатли барқарорликни таъминлаш учун маблағ ва саъй-ҳаракатларни сармоялаш муҳимлигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, ҳуманитар ташкилотлар учун асосий устувор вазифа — аҳолининг муҳим эҳтиёжларини қондириш: озиқ-овқат, турар жой, тиббий хизмат, ичимлик сув ва бошқа асосий эҳтиёжларни таъминлашдир.

Лерке шунингдек, сурияликларнинг асосий хизматларга, жумладан, электр энергиясига уланишини тиклаш ва уларнинг даромад манбаларини яратишга кўмаклашиш зарурлигини қайд этди.

Унинг фикрича, узоқ муддатли барқарорлик учун сув таъминотини тиклаш ва суғориш тизимларига сармоя киритиш керак. «Бу одамларнинг ўз уйларига барқарор қайтишини таъминлайди», – деди Лерке.

Алиев Зангезур йўлаги ҳақида

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Зангезур йўлагининг очилиши муқаррар эканини таъкидлади. У Арманистонни Туркия ва Озарбойжон ўртасида «географик тўсиқ» бўлмасликка чақирди. «Зангезур йўлаги очилиши шарт ва очилади. Буни қанча тез англаб етишса, шунча яхши», — деди Алиев телевидение орқали чиқишида.

Президент «Сорос тарафдорлари» позицияси пасайиб бораётганини қайд этиб, Арманистон раҳбариятини бу ҳолатни тушунишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, арманларни қўллаб келган «Яқин Шарқдаги Асад диктатураси тарих саҳифасидан ўчирилди ва бундай жараён давом этади».

Алиев Озарбойжоннинг Арманистон учун хавф эмаслигини қайд этиб, Жанубий Кавказда тинчлик ва ҳамкорликка интилишларини таъкидлади. «Биз фақат тинчлик ва ҳамкорликни истаймиз. Улар бизга тўсқинлик қилмаслиги керак», — деди у. Алиев Туркия ва Озарбойжонни боғловчи йўлагини очиш муҳимлигини таъкидлади.

Жанубий Кавказдаги тинчлик масаласи Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқоти давомида ҳам муҳокама этилди. Президентлар икки давлат ўртасидаги икки томонлама муносабатлар, минтақавий ва глобал масалаларни ҳам муҳокама қилди.

Эрдўған Туркия ва Озарбойжоннинг «икки давлат – бир миллат» принципига асосланган ҳамкорлигини ривожлантиришдан мамнун эканлигини таъкидлади.

Шунингдек, Эрдўған Жанубий Кавказда барқарор тинчлик ўрнатиш йўлида Туркиянинг тўлиқ қўллаб-қувватловини билдириб, Озарбойжонга ҳар томонлама ёрдам давом этишини қайд этди.

Россия нефт базасига дронлар зарбаси

Украина дронлар билан Россиянинг Саратов области Энгелс шаҳридаги «Кристалл» нефт базасига ҳужум уюштирди. Бу база «Энгельс-2» ҳарбий аэродромига ёқилғи етказиб беради, у ерда Россиянинг стратегик бомбардимончи самолётлари жойлашган.

Украина армиясининг баёнотига кўра, ҳужум нефтебаза логистикасига жиддий зарба бериб, Россиянинг стратегик авиация имкониятларини сезиларли даражада чеклайди. Бу эса Украина шаҳарларига ҳужумлар хавфини камайтиради.

Ҳужумда Украинада ишлаб чиқилган узоқ масофали қуроллардан фойдаланилган. Россия расмийлари ҳодиса оқибатида «Кристалл» нефтебазасида кучли ёнғин келиб чиққанини тасдиқлади. Саратов области губернатори Роман Бусаргин ҳаво ҳимоя тизими дронларни уриб туширганини айтган, аммо ҳужум қайси объектга уюштирилганини аниқлаштирмаган.

Россияда мигрантларга нисбатан кескин чоралар

2024 йилда Россия 80 мингдан зиёд мигрантни депортация қилди. Бу ўтган йилга нисбатан икки баравар кўпдир. Расмий маълумотларга кўра, бу кўрсаткич асосан миграция қонунлари бузилиши билан боғлиқ.

Бу кўрсаткичлар март ойида «Крокус Сити Холл»да содир бўлган терактдан кейинги сиёсатнинг натижаси бўлиб, расмийлар миграцияни хавфсизлик муаммоларининг асосий сабаби сифатида кўрсатмоқда. Кремл миграция қонунларини кучайтиришни талаб қилмоқда, аммо бу чоралар ижтимоий ва иқтисодий кескинликларни оширмоқда.

Янги қонунларга кўра, мигрантлар фақат давлат муассасаларида рус тилидан имтиҳон топшириши керак. Шунингдек, мигрант ишчиларнинг оилалари Россияга олиб келишини тақиқлаш ва яшаш жойларини чеклаш таклиф қилинмоқда.

2024 йил декабрида қабул қилинган қонунга кўра, рус тили бўйича мажбурий тестдан ўтмаган мигрант болалар Россия мактабларига қабул қилинмайди. Бу қонун депутатлар томонидан деярли бир овоздан қўллаб-қувватланди.

Канада ва Британия Илон Маск нишонида

Америкалик миллиардер ва Space X компанияси асосчиси Илон Маск Канада ва Буюк Британия бош вазирларини кескин танқид қилди. Маск Канада бош вазири Жастин Трюдони ҳақоратлаб, Британия бош вазири Кейр Стармерни «жиноятларга шериклик»да айблади.

Маскнинг танқидлари Жастин Трюдонинг Канаданинг АҚШга қўшилиши эҳтимолини рад этишига жавобан янгради. Трюдо: «Канада АҚШнинг бир қисмига айланмайди», — деб твит ёзди. Маск эса бу баёнотга жавобан ўзига тегишли ижтимоий тармоқда «Эй қизгина» деб мурожаат қилиб, «Канаданинг собиқ губернаторидан ҳеч нарса сўралмайди», деб кесатган.

Бундан ташқари, Маск Британия бош вазири ва унинг партиясини овозлар эвазига «оммавий зўрлашларга шериклик»да айблаб, бу ҳукуматни танқид қилди. Шунингдек, Британия ҳукумат аъзоси Жесс Филлипсни «геноцид ва зўрлашларнинг ҳимоячиси» сифатида таърифлаб, уни қамоққа олишга чақирди.

Франция Маскка қарши чоралар талаб қилмоқда

Франция Европа комиссиясини Илон Маскнинг Европа сиёсий жараёнларига аралашувига қарши қатъий чоралар кўришга чақирди. Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро: «Европа қоидалари қатъий амалга оширилиши ёки ваколатлар давлатларга қайтарилиши керак», деди.

Барро Маскка тегишли бўлган X ижтимоий тармоғини блоклаш имкониятини ҳам истисно этмади. Унинг фикрича, ижтимоий тармоқларни блоклаш механизмлари қонунларда назарда тутилган.

АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трампга яқинлигидан фойдаланиб, қуюшқондан чиқаётган Маскнинг Европа етакчиларига, жумладан, Германия канцлери Олаф Шолц ва Буюк Британия бош вазири Кейр Стармерга ҳужумлари Франция ва бошқа Европа давлатларида кескин танқидларга сабаб бўлди. Президент Эммануэл Макрон уни Германиядаги келгуси сайловларга аралашувда айблади.

«Ўн йилгина аввал жаҳондаги йирик ижтимоий тармоқлардан бирининг эгаси янги халқаро реакцион ҳаракатни қўллаб-қувватлаши ва Европадаги сайловларга тўғридан тўғри аралашишини ҳеч ким тасаввур ҳам эта олмасди», деди Макрон.

Лос Анжелесдаги кучли ёнғин

7 январ куни Лос-Анжелес яқинидаги Пасифик-Палисейдс ҳудудида кучли ўрмон ёнғини рўй берди. 1182 гектар майдонни қамраб олган ёнғин туфайли 30 минг киши эвакуация қилинди. Ҳодиса сабабли бир нечта уй вайрон бўлди, катта ҳудуд заҳарли тутунга тўлди.

Ёнғиннинг тез тарқалиши аҳолини шошилинч эвакуация қилишга мажбур қилди. Автойўлларда тирбандликлар юзага келди, кўплаб одамлар машиналарини ташлаб, пиёда қочишга мажбур бўлди. Ҳозирча ҳалок бўлганлар ёки жароҳатланганлар ҳақида маълумот йўқ.

Жо Байден Калифорнияга ҳар қандай зарур ёрдам кўрсатилишини ваъда қилди. Лос Анжелесда фавқулодда ҳолат эълон қилинган, губернатор Гэвин Нюсом янги ёнғинлар хавфи борлигини таъкидлаган.

 
Шуҳрат Шокиржонов
Муаллиф Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид