Ўзбекистон | 10:55 / 10.01.2025
2493
2 дақиқада ўқилади

Тоғли ҳудудларда туризм мажмуаларини ташкил этишга 500 млн доллар инвестиция жалб қилинади

Туризм мажмуалари “апарт-отел”, “капсула” уйлар ва шу каби жойлаштириш воситаларидан иборат бўлади.

Президентнинг “Ўзбекистон–2030 стратегиясини Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. 

Бош вазир ўринбосари – Ж.Хўжаев, иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари – И.Норқулов, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири – А.Абдуҳакимов туризм салоҳияти юқори бўлган тоғли ҳудудлар, сув омборлари ва сув ҳавзалари ҳамда дарё бўйларида “апарт-отел”, “капсула” уйлар ва шу каби жойлаштириш воситаларидан иборат туризм мажмуаларини ташкил этишга 500 миллион доллар миқдорида инвестицияларни жалб қилиш чораларини кўради.

Давлат бюджети маблағларидан самарали ва оқилона фойдаланишда парламент назоратини янада кучайтириш мақсадида:

Ҳукуматнинг Давлат бюджетига доир барча ҳисоботларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Ҳисоб палатасининг ташқи аудит хулосаси билан биргаликда киритиш амалиёти йўлга қўйилади;
Қонунчилик палатасига инвестиция дастурлари лойиҳаларини ҳудудлар кесимида тайёрлашда Қонунчилик палатаси депутатларининг фикр-мулоҳазаларини олиш тартибини жорий этиш тавсия этилади.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги (А.Абдуҳакимов) давлат экология назорати ва текширувни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш, Давлат экологик назорат инспекцияси фаолиятини самарадорлигини тубдан ошириш, уларнинг ходимлари махсус восита ва транспортлар билан таъминлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид