Жаҳон | 13:49 / 12.01.2025
8473
8 дақиқада ўқилади

Арзонлаган бензин, чегарадаги учрашув ва кредитга шифохона – МО ҳафта ичида

Тожикистонда метро қурилади, “Манас” аэропортидаги граната эса ўйинчоқ бўлиб чиқди. Туркманистон Саудиядан шифохона қуришга кредит оляпти. Қирғизистонда бензин арзонлаган. Уч бош вазир чегарада кўришди.

Марказий Осиё ва Афғонистон ҳақидаги баъзи хабарлар жамланган ҳафталик дастурни томоша қилинг.

Уч бош вазир чегарада кўришди

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон бош вазирлари 8 январ куни давлат чегаралари туташган нуқтада кўришди. Маълум қилинишича, Абдулла Арипов, Одилбек Қосималиев ва Қоҳир Расулзода давлат чегараси бўйича аввалги эришилган келишувлар доирасида кўришган. Ўзбекистон ҳукумати матбуот хизматига кўра, учрашув минтақавий интеграцияни мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилган. Бош вазирларнинг давлат чегараси туташган ҳудудда кўришгани эса рамзий маънога эга. Улар савдо, логистика, сув-энергетика, маданий-гуманитар алоқалар бўйича катта салоҳият борлигини гаплашган. Хўш, бош вазирларнинг бу учрашуви нимани англатади. Биласиз, уч давлат ҳам узоқ йиллар давомида чегара даъволари ва территориал низолар билан яшади. Олдинги ҳукуматлар ён бермади, бутун дунёга қўшнилар ўзаро баҳамжиҳат эмаслиги билан намоён бўлиб, бу давлатлар сиёсий имижига ҳам путур етказди. Ҳозирги чегара келишувлари эса ростданам яхши натижа, бош вазирлар учрашуви билан эса масала тўла ижобий ҳал бўлгани мессежи берилмоқда.

Тожикистонда метро қурилади

Тожикистонда метро қурилиши мумкин. Бунинг учун пойтахт Душанбе шаҳри танланмоқда, ўтган йилнинг ўрталаридан метро қуриш лойиҳасини ишлаб чиқиш бошланган. Республика Транспорт вазирлигига кўра, узунлиги 10,5 км бўлган биринчи метро линияси шаҳарнинг жанубий қисмидан давлат цирки ҳудудигача давом этади. Метро қуриш ташаббуси пойтахтдаги тирбандлик ва жамоат транспорти тизимининг ноқулай экани ортидан билдирилган. Лекин метро вазиятни яхшилаш-яхшиламаслиги бўйича таҳлиллар ўтказилаётгани йўқ.

Asia Plus Tajikistan аҳолининг фикрини ўрганаркан, кўпчилик метро қурилишини ёқлади. Одамлар бу тирбандликнинг олдини олишига умид қилмоқда. Пойтахт аҳолиси фикрича, пиёдалар ўтиш йўлакларини демонтаж қилиш ортидан ҳам тирбандликни камайтириш режаланганди, лекин натижа акс таъсир қилди. Ёшлар фикрича, қийин бўлса ҳам Тожикистонга метро керак. Аммо сўровномада қатнашганлар ичида бу муаммони ҳал қилмаслигини айтувчилар ҳам топилди. “Менимча, тирбандликлар аввалгидек қолади. “Мана, пиёдалар ўтиш жойлари ҳам ёпилди, лекин ҳеч нарса ўзгармади-ку”, дейди пойтахтлик қиз.

Тожикистон минтақада электрон ҳукумат энг кам ривожланган давлат

Тожикистон Марказий Осиёда электрон ҳукумат энг кам ривожланган давлат деб топилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2024 йилги электрон ҳукуматни ривожлантириш индекси рўйхати эълон қилинаркан, Марказий Осиё давлатлари орасида Тожикистон охирги ўринни эгаллади. Минтақа бўйича энг яхши кўрсаткич эса Қозоғистонники. Индекс доирасида дунёнинг 193 давлати рақамли ривожланиши баҳоланган ва давлатларга турли критериялар асосида баллар берилган.

Тожикистон шу баҳолашда 1 балл ҳам ололмай, 123-ўринни эгаллади. Умумий рўйхатда Қозоғистон 24-ўринда, Ўзбекистон эса 63, Қирғизистон 78-ўринда.

Энг яхши электрон ҳукумат эса Дания, Эстония ва Сингапурники бўлди. АҚШ бу бўйича 19-ўринга лойиқ кўрилган. Энг ёмон кўрсаткичлар Сомали, Жанубий Судан ва Марказий Африка Республикасида. Улар балли шкала бўйича ярим балл ҳам йиғишолмаган.

Бензин 2 бараварга арзонлади

Қирғизистонда бензин арзонлади, шу январ ойида бензиннинг нархи деярли икки бараварга арзонлаган. 2024 йил декабр ойида бензин нархи 3 сўмга, 2025 йилнинг январ ойида эса 4-5 сўмга арзонлашди. “Бу қолган ёқилғини сотиш учун қилинган мавсумий чегирмалардир”, - дейди нефт трейдерлари уюшмаси раҳбари Канат Эшатов. Яъни бу узоқ давом этмайди, яқин кунларда бензин нархлари яна ўз жойига қайтади. Шу билан бирга, нефт трейдерларининг прогнозларига кўра, Россияда ҳам янги йил байрамларидан кейин ёқилғининг нархи яна кўтарилади.

Аэропортдаги граната ўйинчоқ бўлиб чиқди

“Манас” халқаро аэропорти ҳудудида 9 январ куни граната топилди. Воқеа жойига вилоят ички ишлар бошқармаси ва туман тезкор тергов гуруҳи чақирилган. Аэропорт ҳудуди ўраб олинган ва барча фуқаролар тезлик билан эвакуация қилинган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси воқеа жойига сапёрлар гуруҳини ташлаган. Топилган граната эса шунчаки ўйинчоқ бўлиб чиқди. “Манас” аэропортидаги видеокамералар ёрдамида ўйинчоқ граната қўйган жиноятчиларни аниқлаш ва қўлга олиш ишлари давом этмоқда.

Чегара ўтказиш пунктлари янгиланади

Ҳозирги хабар Қозоғистон чегарасида кунлаб ранги сарғайган юк машиналари ҳайдовчиларини қувонтирса керак. Қозоғистон Хитой, Ўзбекистон ва Туркманистон билан чегара ўтказиш пунктларини тўлиқ модернизация қилади, уларнинг ўрнига янги ва замонавийларини қуради. Натижада чегара ўтиш жойларининг ўтказиш қобилияти камида олти баробарга ортади. Бу ҳақида Қозоғистон давлат даромадлари қўмитаси маълум қилган.

“Мамлакатнинг транзит салоҳиятини ривожлантириш ва қўшни давлатлар билан товар айирбошлаш ҳажмини ошириш мақсадида ҳукумат Хитой Халқ Республикаси, Ўзбекистон ва Туркманистон билан чегара ўтказиш пунктларини кенг кўламли модернизация қилишни бошлади. Модернизация, аслида, замонавий талабларга жавоб бермайдиган эски инфратузилмани бузиб, янги чегара пунктларини қуришни ўз ичига олади”, деб тушунтирди қўмита. Маълум бўлишича, юк ташишнинг бутун циклини автоматлаштириш туфайли чегарадан ўтиш вақти 30 дақиқагача қисқаради.

“ТAPI” лойиҳаси тезлашади

Туркманистон ва Афғонистон TAPI газ қувури лойиҳасини тезлаштириш ҳаракатида. 4 январ куни Кобул шаҳрида Афғонистон кон ва нефт вазири вазифасини бажарувчи Ҳидоятуллоҳ Бадри ва ТАPI Pipeline Company Limited компанияси бош директори Муҳамметмурод Аманов кўришган. Улар Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон (ТАПИ) газ қувури лойиҳасининг қолган ишларини жадаллаштиришни гаплашган. Афғонистонликлар учун янги иш ўринлари яратиш, лойиҳага жалб қилинган афғон муҳандисларининг малакасини ошириш ҳақида ҳам сўз борган.

Декабр ойида Туркманистон делегацияси Афғонистондаги участкаларда қурилиш ишларининг боришини кўздан кечирганди. Бу билан лойиҳа туркманлар учун муҳимлиги ўз исботини топади.

Шифохона учун кредит

Туркманистон Саудиядан кредит олмоқда. 7 январ куни асосий ҳужжат имзоланган. Саудия тараққиёт жамғармаси 300 миллион Саудия риали миқдорида кредит беради, Туркманистон эса бу пулга Марям вилоятида 200 ўринли онкология марказини қурмоқчи.

Битим Саудия тараққиёт жамғармаси бош ижрочи директорининг Туркманистонга ташрифи чоғида имзоланган. Бош директор Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳаммедов билан ҳам кўришган.

Китобхон президент

Туркманистон президенти худди отаси каби китоблар ёзмоқда. Кичкина Бердимуҳаммедовнинг “Махтумқули – дунё мутафаккири” китоби тақдимоти ўтказилиб, қайсики дипломат бўлмасин, ҳамма унга таклиф қилинди. Ташқи ишлар вазири қўлига ушбу китобни кўтариб, таъриф берди, яхши гаплар ёғдирди. Маросимда Ўзбекистон элчиси ҳам қатнашган, дипломатлар бирма-бир китоб билан расмга тушган. Ҳиндистон элчиси сўзга чиқиб, китобни мақтай кетган. Элчи китобни ўқиб чиққан чоғи, унда 30 марта Ҳиндистон сўзи ишлатилганидан хурсандлигини айтган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш