Жаҳон | 16:06 / 14.01.2025
3012
3 дақиқада ўқилади

Калифорниядаги ўрмон ёнғинларини ўчиришга 900 дан ортиқ маҳбус жалб қилинди

Штат маъмурлари анчадан бери бундай тажрибадан фойдаланади. Шу билан бирга, кўпчилик дастурга қарши чиқиб, буни маҳбусларга жуда кам ҳақ тўланиши билан изоҳламоқда: кунига 10 доллар.

Фото: Max Whittaker / The New York Times

Калифорниядаги ўрмон ёнғинларини ўчиришда 900 дан ортиқ маҳбус иштирок этмоқда. Бу ҳақда The New York Times Калифорния жазони ижро этиш муассасалари ва реабилитация департаменти (CDCR) маълумотларига таяниб хабар берди.

NYT таъкидлашича, штат ҳукумати анчадан бери маҳбусларни ўрмон ёнғинларига қарши курашга жалб этиб келади. Шу билан бирга, кўпчилик бу дастурга қарши. Қамоқхона ислоҳоти танқидчилари маҳбуслар хавфли иш учун кўпинча АҚШдаги энг кам иш ҳақидан ҳам камроқ маош олишини айтмоқда: кунига энг кўпи билан 10 доллар ва фавқулодда вазиятларда ишлаган ҳар бир соат учун қўшимча 1 доллар. Бундан ташқари, ўт ўчириш командасида хизмат қилган ҳар бир кун учун маҳкумнинг қамоқ муддатидан икки кун айрилади.

Дастур ихтиёрий. Тўғри, унда барча маҳбуслар ҳам иштирок этолмайди: ўт ўчириш командасига жисмоний ва руҳий соғлом деб топилган, жинсий зўравонлик ва ўт қўйиш билан боғлиқ жиноятлар учун қамалмаган ва бирор марта қамоқдан қочишга уринмаган маҳбуслар қабул қилинади. Улар махсус ўт ўчириш лагерларида тайёргарликдан ўтиши керак.

CDCR маълумотларига кўра, Калифорниядаги ёнғинларни ўчириш ишларида қатнашаётган ўт ўчирувчиларнинг қарийб 30 фоизини маҳкумлар ташкил этади. Актриса Ким Кардашян уларнинг ҳимоясини ёқлаб чиқди. У губернатор Гевин Нюсомга мурожаат қилиб, ёнғинларни бартараф этишда иштирок этаётган маҳбусларнинг маошини “одамлар ва уларнинг уйларини қутқариш учун ўз ҳаётини хавф остига қўяётган инсонга мос” даражага кўтаришни талаб қилди. Кардашяннинг қўшимча қилишича, маҳбус ўт ўчирувчилар кунига 24 соатлик смена билан ишлайди ва уларнинг иш ҳақи сўнгги 40 йил давомида ўзгармаган.

Лос-Анжелесдаги ёнғинлар

Калифорнияда ўрмон ёнғинлари 7 январдан буён авж олмоқда, улар нуфузли Пасифик-Палисейдс ҳудудида бошланиб, Малибу ва Санта-Моника курорт шаҳрига тарқалди. Ёнғин оқибатида камида 24 киши ҳалок бўлган, штатнинг турли туманларида 180 минггача одам эвакуация қилиш бўйича кўрсатмалар олинган. Сўнгги маълумотларга кўра, ёнғин 14 минг гектардан ортиқ майдонни қамраб олган, 10 мингтагача биноларни вайрон қилган, Калифорниянинг жанубий қисмида 250 минггача одам чироқсиз қолмоқда.

Кўплаб машҳурларнинг уйлари ёниб кетди. Вазият туфайли “Оскар” мукофотига номзодларни эълон қилиш 17 январдан 19 январга қолдирилди.

Мавзуга оид