Жаҳон | 13:46 / 16.01.2025
4940
9 дақиқада ўқилади

Келишиб олган Исроил ва ҲАМАС, Башар Асаднинг хатланган машиналари ва ҳибсга олинган Корея президенти — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Исроил ва ҲАМАСнинг оташкесим келишуви

Исроил ва ҲАМАС ўзаро ўт очишни тўхтатиш ва асирларни алмашиш бўйича келишувга эришди. Reuters хабарига кўра, мазкур келишув 15 ойдан бери давом этаётган урушга чек қўйиши мумкин. Музокаралар Миср ва Қатар воситачилигида ва АҚШ кўмагида ўтказилган.

Дастлаб, келишув Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг хавфсизлик ва вазирлар кабинетлари томонидан тасдиқланиши керак. Кутилганидек, бу қадамлар ҳукуматдаги кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланади.

Биринчи босқичда Ғазода асирда бўлган 33 аёл, болалар, ёши катта ва жароҳатланган фуқаролар озод этилади. Уларга жавобан Исроилдаги бир неча юз фаластинлик аёл ва болалар қамоқдан озод қилинади. Асирликдаги аскарлар ва бошқа эркаклар иккинчи босқичда озод этилади.

Урушни тўхтатишнинг дастлабки босқичи 42 кун давом этиши ва ЦАҲАЛ қўшинларининг Ғазо секторидан босқичма-босқич чиқиши билан бошланиши кутилмоқда.

Бу орада Исроил пойтахти Тел Авивда юзлаб одамлар Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва асирларни алмашишни талаб қилиб намойишга чиқишган. Намойишчилар шаҳар марказидаги шоссе йўлини тўсиб, исроиллик асирларнинг исмлари ёзилган плакатларни кўтариб туришди.

Бу норозилик акциялари Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва асирларни алмашиш бўйича келишувнинг яқин кунларда тасдиқланиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар фонида бўлиб ўтмоқда.

Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саарнинг маълум қилишича, келишувни Исроил ҳукумати эртага тасдиқлайди. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен эса келишув кучга кириши билан Исроил ўз қўшинларини Ғазо секторидан олиб чиқишни бошлашини ва ҳар икки томон асирларни озод этишини билдирди.

АҚШнинг бўлажак президенти Доналд Трамп ҳам Исроил ва ҲАМАС ўртасида асирларни озод қилиш бўйича келишувга эришилганини тасдиқлади.

«Улар тез орада озод этилади. Раҳмат!», — деб ёзди сиёсатчи ўз баёнотида.

Ғазодаги вазият

Исроил ҳаво ҳужумларидан сўнг оёғини йўқотган фаластинлик шифокор Холид Ас-Саидий Ғазода «Ал-Ақсо шаҳидлари» касалхонасининг болалар бўлимида ишлашда давом этмоқда. Унинг жасорати Ғазо урушидаги инсонпарварлик ва матонат рамзига айланди.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Исроилнинг зулмга йўғрилган ҳужумлари туфайли Ғазода 4500 кишининг турли тана аъзолари ампутация қилинган, уларнинг 800 нафари болалар, 540 нафари аёллардир.

Вазият юзасидан вазирликнинг тиббий маълумотлар бўлими бошлиғи Зоҳир Ал-Воҳидий мазкур кўрсаткичлар Ғазода давом этаётган гуманитар фожиани ёритиб берганини таъкидлади. Қамал туфайли соғлиқни сақлаш тизими оғир ҳолатда қолмоқда, уруш эса вазиятни янада оғирлаштирмоқда.

Россиянинг Украина инфратузилмасига ҳужуми

15 январ куни Россия Украинадаги бир неча областларни, жумладан Лвив ва Киевдаги муҳим инфратузилма объектларини нишонга олган кенг кўламли ракета ҳужумларини амалга оширди. Ҳарбийлар томонидан қайд этилган маълумотга кўра, Россия қанотли ракеталар ва баллистик қуролдан фойдаланган.

Лвив областида Дрогобич ва Стрий туманларида инфратузилма объектлари зарар кўрган. Золочев туманидаги Скнилов қишлоғида яшаш уйи ва хўжалик иншоотига зарар етган. Жабрланганлар қайд этилмаган.

Киевда Крешчатик кўчасида президент офиси яқинида электр подстанцияси ёниб кетгани тасдиқланди. Ҳужум натижасида Харкив, Суми, Полтава, Днипропетровск ва Кировоград областларида электр энергияси авариявий ўчирилди.

Шу билан бирга, Полша ушбу ҳужумларга жавобан ҳаво кучларини ҳаракатлантириб, ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимларини юқори тайёргарлик ҳолатига келтирди.

Словакия бош вазирига ишончсизлик вотуми

Словакия мухолифати бош вазир Роберт Фицо ҳукуматига ишончсизлик вотуми бўйича парламентда сессия чақиришни режалаштирмоқда. Европапараст «Прогрессив Словакия» партияси раҳбари Михал Шимечка бу ташаббусни барча мухолиф партиялар номидан эълон қилди.

Шимечканинг сўзларига кўра, Фицо мамлакат манфаатларини четга суриб, «диктаторларга таъзим қиляпти» ва давлат ишларини эътиборсиз қолдириб, хорижий сафарлар билан банд. Унга кўра, яқин кунларда парламентда ишончсизлик вотуми бўйича муҳокама ўтказилиши кутилмоқда.

Фицо Кремлда Россия президенти Владимир Путин билан Украина орқали газ транзити масаласини муҳокама қилгани танқид остига олинди. У Украина орқали газ транзити билан боғлиқ муаммолар сабаб Словакия «газ инқирози»га дуч келганини таъкидлаган.

Шу билан бирга, 17 январ куни Киевда Украина президенти Володимир Зеленский билан музокара ўтказиш таклифини Фицо рад этгани маълум қилинди.

Корея президенти иккинчи уринишда кишанланди

Жанубий Корея президенти Юн Сок Йол ўз резиденциясида терговчилар томонидан қамоққа олинди. Reuters, The New York Times ва Yonhap маълумотига кўра, бу воқеа 3 декабрдаги ҳарбий ҳолат жорий этилиши билан боғлиқ иш доирасида содир бўлди.

Терговчилар, полиция ходимлари билан бирга, ҳар қандай қаршиликка тайёрланган ҳолда борди. Улар баррикадаларни енгиб ўтиш учун нарвонлар олиб келишди, аммо президентнинг хавфсизлик хизмати ҳеч қандай қаршилик кўрсатмади.

Юн Сок Йол ўзининг ҳибсга олинишини ноқонуний деб атади ва видеомурожаатида тинчликни сақлаш учун терговга рози бўлганини таъкидлади. Президент икки кун давомида сўроқ қилиниши мумкин, шундан сўнг расмий қамоққа олиш учун алоҳида ордер талаб этилади.

31 декабр куни Жанубий Корея суди Юн Сок Йолни давлат тўнтаришига уринишда айблаб, уни қамоққа олишга ордер берганди. Шунингдек, президентнинг қароргоҳида қидирув ўтказишга рухсат берилган.

14 декабрда парламент президентга нисбатан импичмент жараёнини маъқуллаган, аммо Конституциявий суд ҳали бу борада сўнгги қарорини чиқармаган. Шунга қарамай, Юн Сок Йол ҳамон ўз лавозимида қолмоқда.

Башар Асаднинг машиналари хатланди

Сурия пойтахти Дамашқдаги Президент саройи гаражида Башар Асад оиласига тегишли қимматбаҳо автомобиль коллекцияси намойиш этилди.

Анадолу агетлиги хабарига кўра, 1336 та машинадан иборат коллекциядан чекланган серияда ишлаб чиқилган ретро, спорт ва электромобиллар ўрин олган.

Гараждаги эътиборга лойиқ машиналардан бири Ferrari F50 бўлиб, унинг баҳоси 3 млн долларга тенг. Шунингдек, 2 млн долларлик Ferrari F12 Berlinetta ва 1 млн долларлик Lamborghini Murcielago ҳам бор.

Коллекцияда 1,5 млн долларлик Aston Martin, нархи 320 минг доллардан бошланувчи бир нечта Bentley ва 186 минг долларлик Mercedes AMG G63 ҳам ўрин олган. 170 минг долларлик замонавий электр Cadillac Escalade ҳам бу қимматбаҳо тўпламни безаб турибди.

Куба сиёсий маҳкумларни озодликка чиқарди

Жо Байден президентлик фаолиятининг сўнгги босқичида Куба билан муҳим келишувга эришди. АҚШ Кубани терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатлар рўйхатидан чиқарди, бунга жавобан Куба 553 сиёсий маҳкумни озод этди. Бу сиёсий сабаблар билан қамалганларнинг тахминан ярмини ташкил этади.

Куба ҳукумати ушбу қадам билан АҚШ билан муносабатларни яхшилашга умид қилмоқда. Шунга қарамай, Доналд Трампнинг ҳокимиятга қайтиши билан ушбу қарор қайта бекор қилиниши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Кубанинг бундай келишувга бориши икки давлат ўртасидаги мураккаб дипломатик алоқаларни юмшатишга қаратилган муҳим ишора бўлди.

Лос-Анжелесдаги ёнғинлар: адолатсизлик ва самарасизлик рамзи

Калифорниянинг Лос-Анжелес округидаги йирик ёнғинлар минтақа тарихида энг ҳалокатли офатлардан бири сифатида қайд этилмоқда. Воқеа шунчаки табиий офат эмас, балки ҳукуматнинг самарасизлиги ва ижтимоий адолатсизликни очиб берди.

8 кундан бери давом этаётган ёнғинлар натижасида 25 киши ҳалок бўлди, 37 минг акр ер ёниб кетди. Ҳисоб-китобларга кўра, зарар ҳажми 250-275 млрд долларни ташкил этади. Бу вақт давомида 150 мингга яқин одам эвакуация қилинди.

Қўшма Штатлар вице-президенти Камала Ҳаррис фавқулодда вазият давомида Лос-Анжелесга федерал молиявий ёрдам ажратилишини эълон қилди. Аммо маҳаллий аҳоли ва машҳур шахслар ҳукуматнинг ёнғинни бартараф этиш бўйича қониқарсиз саъй-ҳаракатларини, хусусан сув таъминоти етишмаслигини қаттиқ танқид қилишди.

Шунингдек, мутахассислар ёнғинлар оқибатида ичимлик сув зарарланган бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Профессор Эндрю Уэлтоннинг таъкидлашича, ёнғин натижасида ҳосил бўлган кимёвий моддалар сув таъминоти тизимига кириши мумкин. Бундай сувни филтрлаш ёки қайнатиш уни хавфсиз қила олмайди.

Шуҳрат Шокиржонов
Муаллиф Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид