Ўзбекистон | 21:53 / 17.01.2025
4077
5 дақиқада ўқилади

17 январ янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Лимитдан ортиқ мобил қурилмалар учун янги бож, иккиламчи автобозорда пасайган нархлар, 30 минг доллар билан ушланган ҳоким ёрдамчиси ва 100 граммли олтин қуймалар — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Четдан телефон олиб киришга бож

2024 йилдан бошлаб янги телефонлар ва сим-карта кетадиган бошқа мобил қурилмаларни Ўзбекистонга олиб киришда божхона декларациясини тўлдириш мажбурий бўлди.

Энди қурилмани IMEI тизимида қайддан ўтказиш учун хорижга чиқиб келганлик фактининг ўзи етарли эмас.

Мабодо декларация тўлдирилмаса, қурилмани UzIMEI тизимида рўйхатга олиш учун 30 фоизлик бож тўлаш талаб қилинади. Бу бож эса янги телефоннинг расмий нархига қараб ҳисобланади.

Ҳозир хориждан Ўзбекистонга кириб келаётган фуқаро бир мартанинг ўзида кўпи билан иккита янги телефон олиб кириши мумкин: Фақат самолётда келганда бу телефонларнинг жами нархи 2000 доллардан, поездда – 1000 доллардан, машинада – 300 доллардан ошмаслиги керак. Лимитдан ошса, қийматнинг ортиқча қисмига 30 фоиз бож ундирилади.

Агар чегарани кесиб ўтаётганда божхона декларацияси тўлдирилмаса, қурилмани UzIMEI тизимида регистрация қилиш учун қурилманинг божхона қийматидан 30 фоиз бож тўланади. Бож тўланмаса телефонни UzIMEI тизимида регистрация қилиб бўлмайди.

Нафақат телефонлар, шунингдек, планшетлар ва сим-карта модулли бошқа қурилмаларни олиб киришда декларация тўлдириш шарт. Аммо соатлар, модемлар ёки компютерлар учун декларация талаб қилинмайди.

Бу чора ноқонуний олиб кирилган телефонларни аниқлаш учун жорий қилингани айтилмоқда. Янги тартиб UzIMEI тизимида регистрациядан ўтмаган барча қурилмалар, жумладан, хориждан сотиб олинган ва аввал фойдаланилган телефонлар учун ҳам амал қилади.

Туркияда вафот этган ўзбекистонликлар 14 нафарга етди

Туркияда қалбаки спиртли ичимлик истеъмолидан вафот этган фуқаролар сони 37 нафарга етган. Уларнинг 14 нафари ўзбекистонлик.

16 январ куни яна 4 нафар ўзбекистонлик вафот этгани маълум қилинди. Истанбул шифохоналаридаги заҳарланган 3 нафар Ўзбекистон фуқаросининг аҳволи оғир.

Туркияда жами қалбаки спиртли ичимликдан заҳарланганлар сони 88 нафарни ташкил қилмоқда. Ҳуқуқ-тартибот органлари 32 минг 862 литр сохта алкогол мусодара қилиб, 9 нафар гумонланувчини қўлга олди. Тергов ишлари давом этмоқда.

Иккиламчи автобозорда нархлар пасайиши кузатилди

2024 йил декабр ойида Ўзбекистонда иккиламчи автомобил бозорида фаоллик пасайиши давом этди. Бу кўп ва ўртача фойдаланилган маҳаллий автомобиллар нархлари тушишига олиб келди.

Хусусан, Onix 3,6–4,4 фоизга, Lacetti 1,3 фоизга, Cobalt 0,8–1,6 фоизга, Nexia 0,9 фоизга, Spark 0,5–1 фоизга ва Damas 1–1,2 фоизга арзонлади.

Malibu ва Tracker автомобиллари нархлари ҳам пасайган бўлса, Equinox бироз қимматлашди.

Электромобиллар орасида янги BYD моделлари 1,2–1,9 фоизга арзонлаган. Шунингдек, ўртача фойдаланилган электромобиллардан BYD E2 ва Han 0,8–4,2 фоизга арзонлашган бўлса, кўп фойдаланилган электромобиллар айрим ҳолатларда қимматлашди.

Chevrolet Monza ва Kia Sportage арзонлашган бўлса, Kia К5, Seltos ва Hyundai Tucson нархларида ўсиш қайд этилди.

30 минг доллар билан ушланган ҳоким ёрдамчиси

Тошкентнинг Учтепа туманидаги маҳаллалардан бирининг ҳоким ёрдамчиси фирибгарликда айбланиб қўлга олинди. У тадбиркорга 210 метр квадрат ер майдонини аукцион орқали расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, бунинг учун 30 минг доллар олган вақтида тезкор тадбирда ушланган.

Маълумотларга кўра, ушбу шахс олдин ҳам 3 марта жиноят ишлари бўйича судланган. Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг фирибгарлик, пора беришга қасд қилиш моддалари билан иш қўзғатилган. У қамоққа олинган.

100 граммли олтин қуймалар сотувга чиқади

17 январдан эътиборан Ўзбекистондаги тижорат банклари орқали оғирлиги 100 грамм бўлган олтин қуймалар сотувга чиқарилади. Бундан аввал 5, 10, 20 ва 50 граммли қуймалар сотувда бўлган.

100 граммли қуйманинг нархи 114 млн 570 минг сўм қилиб белгиланган.

Қуймалар махсус ҳимоя қадоғида тақдим этилиб, қадоғи сертификат вазифасини бажаради ва серия рақамига эга бўлади.

Қуймаларнинг нархи ҳар куни Марказий банк сайтида миллий валютада эълон қилинади. Қадоғи бут қуймалар қайта сотиб олиниши ва Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқилиши мумкин.

Дам олиш кунлари ёмғир ва қор кутилмоқда

«Ўзгидромет» маълумотларига кўра, 17–19 январ кунлари мамлакат бўйлаб беқарор об-ҳаво ҳукм суради. Ҳудудларда ёмғир ва қор ёғиши кутилмоқда. Фарғона водийсида ёғингарчилик асосан 19 январда кузатилади.

Ҳарорат шанба ва якшанба кунлари кечаси 0...+5, кундузи +2...+7 даража бўлади. Кечаси ва эрталаб айрим ҳудудларда туман тушиши мумкин. Шамол тезлиги 7–10 м/с, баъзи жойларда 13–18 м/сга етади.

Тошкентда 18–19 январ кунлари ёмғир ва қор ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кундузи +4...+7 даража атрофида бўлади.

Мавзуга оид