Жаҳон | 20:31 / 17.01.2025
2630
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Афғонистоннинг музлатилган активларини тақиқдан чиқармади

«Толибон» ҳаракати 2021 йилда ҳокимият тепасига келганидан сўнг, АҚШ Афғонистоннинг қарийб 7 миллиард долларлик маблағини музлатиб қўйган.

Фото: Getty Images

АҚШ президенти Жо Байден Афғонистондаги иқтисодий инқирознинг олдини олиш мақсадида мамлакатдаги фавқулодда ҳолат муддатини узайтирди. Мақом Афғонистоннинг музлатилган 7 миллиард долларлик активларини Швейцариядаги траст фондига ўтказиш тўғрисидаги фармойишга асосланади, деб хабар берди TOLOnews.

Оқ уй Афғонистондаги гуманитар инқироз ва иқтисодий инқироз хавфи туфайли буйруқ 2025 йил 11 февралдан кейин ҳам кучда қолишини маълум қилди.

Оқ уй баёнотида шундай дейилади: «Афғонистондаги кенг тарқалган гуманитар инқироз, жумладан, афғон халқининг озиқ-овқат хавфсизлиги, яшаш воситалари, сув, санитария, соғлиқни сақлаш, гигиена, бошпана ва кўчиришга бўлган шошилинч эҳтиёжлари ва бошқа асосий инсон эҳтиёжлари ва Афғонистондаги эҳтимолий иқтисодий инқирознинг чуқурлашиши хавфи АҚШ миллий хавфсизлиги ва ташқи сиёсатига ноодатий ва фавқулодда таҳдид солишида давом этмоқда».

«Байденнинг баёноти асосан Афғонистонда фавқулодда ҳолат давом этаётганини тасдиқлайди. Бу шуни англатадики, афғон активлари АҚШ назорати остида қолади», деди иқтисодий таҳлилчи Сайид Масъуд.

Аввалроқ, Афғонистон Иқтисодиёт вазирлиги халқаро ҳамжамиятни музлатилган барча активларни блокдан чиқариш ва Афғонистон Марказий банкига қайтаришга чақирган эди.

Эслатиб ўтамиз, «Толибон» ҳаракати 2021 йил 15 августда ҳокимият тепасига келганидан сўнг, АҚШ Афғонистоннинг қарийб 7 миллиард долларлик, Европа давлатлари эса 2 миллиард доллардан ортиқ маблағни музлатиб қўйган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид