Жаҳон | 23:33 / 17.01.2025
3152
2 дақиқада ўқилади

Шолц Илон Маскни Европанинг демократик тараққиётига таҳдид деб атади

Германия канцлери америкалик миллиардернинг Европадаги айрим сиёсий кучларни қўллаб-қувватлашини «қабул қилиб бўлмаслигини» таъкидлади. У Маскни «ўз фикрини айтаётгани учун эмас, балки нималарни гапираётганини тандиқ қилиш керак»лигини билдирди.

Фото: Getty Images

Германия канцлери Олаф Шолц миллиардер Илон Маскнинг Европадаги айрим сиёсий кучларни қўллаб-қувватлашини «қабул қилиб бўлмаслигини» таъкидлаб, уни демократик тараққиёт учун таҳдид деб атади. Бу ҳақда Associated Press агентлиги хабар берди.

«У Европадаги, Буюк Британия, Германия ҳамда бошқа кўплаб давлатлардаги ўта ўнгларни қўллаб-қувватлади ва буни мутлақо қабул қилиб бўлмайди», — дейди Шолц.

9 январ куни Илон Маск Х ижтимоий тармоғида ўнг популистик «Германия учун муқобил» (ГуМ) партияси етакчиси Алис Вайдел билан тўғридан-тўғри эфир ўтказганди. Шундан кейин бундестаг 23 феврал куни бўлиб ўтадиган парламент сайловларига аралашиш эҳтимоли юзасидан текширув бошлади. Декабрь охирларида бизнесмен «фақат ГуМ Германияни қутқариб қола олади», деб ёзганди.

«Биз глобал оламнинг бошқа давлатидан бўлган миллиардер ўз фикрини айтгани учун эмас, балки у нималар деяётгани учун тандиқ қилишимиз керак», — деган Германия канцлери.

Шунингдек, у Маскнинг позицияси Европанинг демократик тараққиёти учун таҳдид туғдиришини билдирган.

Аввалроқ Германия Мудофаа вазирлиги Х ижтимоий тармоғидаги ўзининг расмий аккаунти фаолиятини тўхтатишини эълон қилганди. Идора аккаунтлари фаолияти тўхтатилишига Х ижтимоий тармоғи эгаси Илон Маск немис ҳукумати вакилларига қарши кўплаб ҳақоратли чиқишларни амалга ошираётгани сабаб содир бўлмоқда. Хусусан, бизнесмен Германия канцлери Олаф Шолцни «нокомпетент аҳмоқ» деб атаб, у истеъфога чиқиши кераклигини айтди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид