Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроилни танқид қилган БМТ, Трампнинг камтар инаугурация маросими ва Туркияда тарқалган қалбаки олтинлар — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазога тинчлик қайтадими?
Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга Исроил томонидан юзага келтирилган тўсқинликлар воситачилар саъй-ҳаракатлари туфайли бартараф этилганини маълум қилди.
ҲАМАС баёнотида: «Исроилнинг ўт очишни тўхтатиш шартларини бажармагани натижасида юзага келган тўсиқлар бугун воситачиларнинг қимматли саъй-ҳаракатлари орқали бартараф этилди», – дейилади. Яқин кунларда биринчи босқичда озод этиладиган фаластинлик маҳкумлар рўйхати эълон қилиниши кутилмоқда.
Шунингдек, 17 январ куни Исроил хавфсизлик кабинети ҲАМАС билан ўт очишни тўхтатиш ва асирларни алмашиш бўйича келишувни маъқуллади.
Исроил бош вазири девони баёнотида келишув хавфсизлик, сиёсий ва ҳуманитар нуқтайи назардан уруш мақсадларига мос экани таъкидланди. Келишув хавфсизлик кабинети томонидан маъқулланганидан кейин ҳукуматнинг тасдиғига тақдим этилди.
БМТ Исроилни танқид қилди
15 январ куни Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилганига қарамай, Исроилнинг фаластинликларга ҳужумлари давом этмоқда.
Бу ҳақда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар бошқармаси вакили Равина Шамдасани маълум қилди. У томонларни келишув шартларига риоя қилишга чақирди.
Женевада ўтказилган матбуот анжуманида Шамдасани, фаластинлик манбаларнинг маълумотларига кўра, 19 январда расман кучга кирадиган келишув олдидан Исроил ҳужумлари натижасида 100 дан ортиқ фаластинлик, шу жумладан 31 аёл ва 27 бола ҳалок бўлганини таъкидлади.
БМТ вакили вазият жиддий кузатиб борилаётганини маълум қилиб, Исроилнинг ўт очишни тўхтатиш келишувидан аввалги интенсив бомбардимонларига эътибор қаратди.
Трампнинг инаугурациясига 250 минг киши келади
20 январ куни АҚШ пойтахти Вашингтон Доналд Трампнинг президентлик қасамёди маросимига ва унга ҳамроҳ бўладиган норозилик акцияларига тайёрланмоқда.
Расмийлар 250 мингга яқин киши маросимда қатнашиш учун билетлар олганини қайд этишмоқда. Бу кўрсаткич Трампнинг 2017 йилги биринчи инаугурациясига қараганда анча кам — ўшанда шаҳарга 1 млндан ортиқ киши келган эди.
Мажлисда кетувчи президент Жо Байден ва унинг рафиқаси Жилл Байден иштирок этиши кутилмоқда. Гарчи, 2021 йилда Трамп Байденнинг инаугурациясида иштирок этмаган ва сайловларда ғалаба қозонганини иддао қилган эди.
Маросим куни ҳаво ҳарорати -5 даража изғирин бўлиши тахмин қилинмоқда, бу январ ойидаги одатий ҳароратдан 10 даражага пастдир. Трамп Truth Social платформасида ҳаво ҳароратининг совуқ бўлиши сабабли маросимни ёпиқ бинода ўтказишга қарор қилинганини тасдиқлади.
TikTok АҚШда тақиқлананадими?
Судялар ўтган йили Конгрессда кўпчилик овоз билан қабул қилинган ва TikTok сотилиши ёки тақиқланиши кераклиги ҳақидаги қонун сўз эркинлигини ҳимоя қилувчи АҚШ Конституциясининг Биринчи тузатишини бузмайди, деган қарорга келди.
АҚШда TikTok ижтимоий тармоғини ноқонуний деб эълон қилувчи қонун якшанба куни кучга киради. Бироқ, янги сайланган президент Доналд Трамп маъмурияти сервисни тақиқдан қутқариш режаси борлигини маълум қилди.
Қонунга кўра, TikTok’нинг Хитойдаги бошқарувчи компанияси — ByteDance ижтимоий тармоқни Хитойга тегишли бўлмаган компанияга сотиши керак. Конгрессмен Майк Уолтзнинг Fox News телеканалига берган маълумотига кўра, Трамп ByteDance компаниясига келишувни якунлаш учун 90 кунлик имтиёз бериш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Бу чора ижтимоий тармоқни тақиқдан сақлаб қолиш ва компанияга сотиш жараёнини якунлаш учун вақт беришни мақсад қилган.
АҚШ Афғонистоннинг активларини тақиқдан чиқармаяпти
АҚШ президенти Жо Байден Афғонистондаги фавқулодда ҳолат муддатини узайтириб, мамлакатнинг музлатилган 7 млрд долларлик активларини тақиқдан чиқаришдан бош тортди. Бу маблағлар 2021 йилда «Толибон» ҳокимиятга келганидан сўнг музлатиб қўйилган.
Оқ уй баёнотига кўра, Афғонистондаги ҳуманитар ва иқтисодий инқироз хавфи АҚШ миллий хавфсизлиги ва ташқи сиёсатига таҳдид солишда давом этмоқда. Шунинг учун маблағлар Швейцариядаги траст фондида сақланади.
Экспертлар бу қарор АҚШнинг Афғонистон бўйича сиёсатида катта ўзгариш бўлмаслигини кўрсатишини таъкидлашмоқда. Бунга жавобан Афғонистон ҳукумати халқаро ҳамжамиятдан активларни Марказий банкка қайтаришни талаб қилди.
Эслатиб ўтамиз, «Толибон» ҳаракати 2021 йил 15 августда ҳокимият тепасига келганидан сўнг, АҚШ Афғонистоннинг қарийб 7 млрд долларлик, Европа давлатлари эса 2 млрд доллардан ортиқ маблағни музлатиб қўйган.
Россия ва Эрон энди стратегик шерик
17 январ куни Россия президенти Владимир Путин ва Эрон президенти Масъуд Пизишкиён Москвада стратегик шериклик тўғрисидаги кенг қамровли шартномани имзолади. Кремл маълумотига кўра, ҳужжат мудофаа, терроризмга қарши кураш, энергетика, молия, транспорт, саноат, қишлоқ хўжалиги, маданият, илм-фан ва технология соҳаларини қамраб олади.
Россия президенти Путин бу келишув икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янги даражага олиб чиқишини таъкидлади. Эроннинг Россиядаги элчиси Козим Жалолийнинг маълум қилишича, ҳужжат 47 моддадан иборат. Уни ишлаб чиқиш 2022 йилда бошланган бўлиб, 2023 йил июнида томонлар шартнома матнини келишиб олган.
Музокаралар давомида Путин ва Пизишкиён глобал ва минтақавий масалалар, жумладан, Сурия ва Фаластин-Исроил можароси ҳамда Жанубий Кавказдаги вазиятни муҳокама қилишган.
Германия иқтисодиётида энг ёмон кўрсаткичлар
Германия иқтисодиёти 2024 йилда 0,2 фоизга пасайиб, икки йиллик иқтисодий таназзулга учради. Бу ҳолат сўнгги марта 2002–2003 йилларда кузатилган эди. Мамлакат иқтисодиёти ички талабнинг пастлиги, энергия нархларининг ошиши ва Хитой кучли рақобати оқибатида таназзулга юз тутмоқда.
2024 йилда Германия саноати қийинчиликларга дуч келди. Ишлаб чиқариш ҳажми кескин пасайиб, 3 фоизгача тушиб кетди. Энг катта зарар автомобилсозлик, кимё ва энергия истеъмоли юқори бўлган тармоқларда кузатилди. Масалан, Volkswagen 2030 йилгача 35 мингдан ортиқ иш ўрнини қисқартиришни режалаштирмоқда.
Қурилиш соҳаси 3,8 фоизга қисқарди, айниқса турар жой қурилишига таъсир кўрсатган юқори фоиз ставкалари ва хомашё нархлари сабаб бўлди. Бироқ хизмат кўрсатиш соҳаси 0,8 фоизга ўсиб, чакана савдо бу ўсишга ҳисса қўшди.
Иқтисодий қийинчиликлар Олаф Шольц бошчилигидаги коалиция ҳукуматининг тарқалиб кетишига сабаб бўлди. 23 февралга белгиланган муддатдан олдинги сайловлар иқтисодий инқироз ва сиёсий вазиятни ҳал қилиш учун муҳим бўлади.
Ултраўнг миллатчиларнинг «Германия учун муқобил» партияси машҳурлиги ошиб, Христин демократик иттифоқи/Христиан социалистлар иттифоқи консерватив блокидан кейин рейтингда иккинчи ўринда турибди.
Туркияда қалбаки олтин тарқалди
Туркия бозорларида қалбаки олтиннинг янги тури кенг тарқалди, уни ҳатто тажрибали заргарлар ҳам аниқлай олмаяпти. CNN Turk хабарига кўра, бу ҳолат фуқаролар орасида хавотир уйғотган.
Олтин ва пул бозори мутахассиси Исом Мемишнинг айтишича, қалбаки маҳсулотлар ёз мавсумида олтин нархининг кескин ўзгаришлари оқибатида пайдо бўлган. Фирибгарлар махсус устахоналарда паст сифатли ёки бутунлай сохта олтин ишлаб чиқариб, асосан онлайн савдо орқали тарқатмоқда.
Заргарлик дўконлари эгалари ҳам фирибгарлар қурбони бўлаётгани хабар қилинди. Савдогарлар ўзларини ҳимоялаш усулларини ҳам ўйлаб топди. «Фирибгар келганида биз уни видео суратга олиб, ижтимоий тармоқлардаги гуруҳга жўнатамиз», деди Мемиш.
Туркия заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги энг йирик марказларидан биридир. Турк заргарлари ўз ҳунармандчилиги билан машҳур бўлиб, ноёб заргарлик буюмларини яратади.
Мавзуга оид
13:40 / 28.05.2025
Талабаларга виза суҳбатларини тўхтатган АҚШ, Исроилни танқид қилган канцлер ва Ҳайит кунини эълон қилган Саудия – кун дайжести
13:15 / 27.05.2025
ҲАМАСга таклиф қилинган сулҳ, Ливерпулдаги фожиа ва рафиқасидан шапати еган Макрон — кун дайжести
13:31 / 26.05.2025
Путин вертолёти атрофида дронлар ҳужуми, Ҳамаснинг ҳарбий операцияси ва ЕИга божларни кечиктирган Трамп – кун дайжести
14:21 / 24.05.2025