Ўзбекистон | 21:06 / 29.01.2025
5547
5 дақиқада ўқилади

Ислом цивилизациясининг замини – илм-фан, маданият, таълим ва тарбиядир — президент

Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази қурилиши билан танишди. Давлат раҳбари юртимиздаги ислом маданияти билан боғлиқ бир неча минг йиллик қадимий ўтмиш бир жойда – мана шу мажмуада мужассам бўлишини, марказ билан танишган одам ўзбек халқининг дунё тамаддунига қўшган буюк ҳиссасини англашини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев 29 январ куни Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Қайд қилинишича, унинг қурилиши якуний босқичга кирган. Марказ биноси уч қаватни ташкил этиб, қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган.

Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилади. Бу ерда мусулмон дунёсининг маънавий дурдонаси – қадимий Усмон Мусҳафи жойлаштирилади. Шунингдек, сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, Ўзбекхон, темурийлар ва бошқа тарихий сулолалар даврида битилган муқаддас китоб нусхалари ва уларнинг эски ўзбек тилидаги таржималари қўйилади. Жаҳондаги энг нодир қўлёзма Қуръонлардан намуналар ҳам ўрин олади.

– Халқимизнинг бой ва бетакрор меросига оид кўп китоблар, турли ўлкаларга сочилиб кетган қўлёзмалар, ноёб маълумотлар, санъат асарлари, афсуски, бизга номаълум эди. Мана шу марказ сабаб бўлиб тарихни ўрганишда катта қадамлар қўйдик, янги манбалар юзага чиқди. Энди буларнинг таъсири, натижаси қандай бўлади? Уларни фақат ёдгорлик сифатида сақламасдан, фаол илмий истеъмолга киритиш, аҳолимиз, ёшларимизга тушунарли тилда етказиш, жаҳон жамоатчилигига кенг тарғиб қилиш керак. Бу даргоҳ нафақат ўтмиш ҳақида ҳикоя қиладиган, балки тарих, бугун ва келажакни боғлайдиган, тараққиётимизнинг асосий йўналишларини белгилаб берадиган ақл-тафаккур маркази бўлиши зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мажмуада “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс даври”, “Иккинчи Ренессанс даври”, “Ўзбекистон XX асрда”, “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс” каби бўлимлар ташкил этилади. Бу даврлар тарихи турли ашёлар, қўлёзма манбалар, суратлар ва мультимедиа воситалари орқали намойиш этилган. Хоразмий, Фарғоний, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Бурҳониддин Марғиноний, Маҳмуд Замаҳшарий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Али Қушчи каби аллома ва мутафаккирларнинг серқирра фаолияти ҳақида маълумот берилган. Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби уламоларнинг ислом маърифатига қўшган ҳиссаси атрофлича ёритилган. Айни вақтда мажмуада Бибихоним, Хонзодабегим, Гавҳаршодбегим, Гулбадан, Нодирабегим, Увайсий, Анбар отин каби тарихда из қолдирган машҳур аёлларнинг илм-маърифат ҳомийси сифатидаги фаолияти ҳам ўз ифодасини топган.

Давлат раҳбари марказнинг фаолияти ва аҳамияти ҳақида тўхталди.

– Ислом цивилизациясининг, ислом таълимотининг замини – аслида илм-фан, маданият, таълим ва тарбиядир. Биз барпо этаётган марказнинг бош ғояси, асоси ҳам шу. Энг муҳим томони – юртимиздаги ислом маданияти билан боғлиқ бир неча минг йиллик қадимий ўтмиш бир жойда – мана шу мажмуада мужассам бўлади. Марказ билан танишган одам ана шу тарихни яққол кўриб, ислом дини, бу аввало, тинчлик, тараққиёт ва бағрикенглик дини эканини, ўзбек халқининг дунё тамаддунига қўшган буюк ҳиссасини англайди, – деди президент.

Ана шу вазифадан келиб чиққан ҳолда, марказда улуғ аждодлар меросини чуқур тадқиқ қилиш, уни бугунги куннинг ўткир муаммоларига жавоб бера оладиган ҳаётбахш кучга айлантириш зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий номидаги ва бошқа халқаро илмий-маърифий ташкилотлар фаолиятини илмий-услубий жиҳатдан мувофиқлаштириш, биргаликда замонавий таҳдидларга муносиб илмий жавоблар топиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш керак.

– Насиб этса, бу мажмуа ўзимизнинг меъморий тажрибамиз, Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлик мактаби, илмий-маънавий салоҳиятимиз рамзи сифатида тарихга киради. Ҳар бир бўлимнинг мазмун-моҳияти айни шу мақсадга қаратилиши лозим. Чет элдаги машҳур музей ва кутубхоналар, нуфузли мутахассислар билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани, китоблар, мақолалар нашр этилаётгани эътиборга лойиқ. Бу ишлар доимий ва илмий асосга эга бўлиши учун ишни режали ташкил қилиш керак. Бош мақсадимиз – миллий ўзлигимизни англаш ва англатиш, – деди давлат раҳбари.

Қурилиш ишлари ва экспозиция билан танишиш жараёнида Шавкат Мирзиёев марказ фаолиятини ташкил этиш, унинг маъно-мазмунини янада бойитиш ва такомиллаштириш юзасидан зарур кўрсатмалар берди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид