Жаҳон | 16:56 / 30.01.2025
2457
3 дақиқада ўқилади

Axios: АҚШ Украинага Patriot ЗРК учун ўнлаб ракеталарни беради

Axios маълумотларига кўра, Patriot ҳаво мудофаа тизимлари учун Американинг 90 га яқин ракеталари аллақачон Исроилдан Полшага етказилган ва Украина Қуролли кучларига топширилади. Нашрда ЗРК тизимларининг ўзи Украинага етказилиши ҳақида сўз юритилмаган.

Фото: Global Look Press/Sebastian Gollnow

АҚШ ҳарбийлари Исроилдаги омборлардан 90 га яқин Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими учун ракеталарни олиб чиқиб кетди ва уларни АҚШ ва НАТО мамлакатлари томонидан Украинага қурол етказиб бериш учун асосий логистика маркази ҳисобланган Полша жануби-шарқидаги Жешув шаҳрига етказди. 28 январ, сешанба куни кечқурун Axios агентлиги уч хабардор манбага таяниб ёзишича, бу Исроилдан Украинага Россия босқинидан буён энг йирик қурол-яроғ етказиб беришдир. Шу билан бирга, Киевга Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етказиб берилиши ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Нашр таъкидлаганидек, ўтган йилнинг апрел ойида Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Patriot ҳаво мудофаа тизимини АҚШ томонидан биринчи марта мамлакатга топширилганидан 30 йилдан кўпроқ вақт ўтиб расман фойдаланишдан чиқарган. Бугунги кунда у Исроил учун ўз аҳамиятини йўқотди, чунки у ўзининг ҳаво мудофаа тизимларини ишлаб чиқди ("Темир гумбаз" ва David's Sling) ҳамда Patriot ЗРК батареяларининг аксарияти ўқув мақсадларида ишлатилган ёки сақлашда қолган.

«Сўнгги кунларда АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг C-17 транспорт самолётлари Исроил жанубидаги базага етиб келди ва у ердан Полшанинг Жешув шаҳрига учиб кетди», — дейилади мақолада. Қўшимча жиҳозлар, жумладан радарлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг бошқа элементлари биринчи навбатда модернизация қилиш учун АҚШга юборилади. Нашр шунингдек, 28 январ куни Украина президенти Володимир Зеленский ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу телефон орқали мулоқот қилганини таъкидлайди.

Исроил Украинага Россия қуролларини етказиб беришни бошлаган бўлиши мумкин

Очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра, Исроил Украинага Яқин Шарқдаги ҳарбий амалиётлар чоғида Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) томонидан қўлга олинган Россия қуролларини етказиб беришни бошлаган. Бу ҳақда 25 январ куни Европа ва дунёнинг бошқа минтақаларидаги ҳарбий можароларни таҳлил қилувчи OSINTdefender лойиҳаси хабар берди.

Унинг маълумотларига кўра, шу ҳафтада АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг бир нечта Boeing C-17 ҳарбий транспорт самолётлари Германиядаги Рамштайн авиабазасидан Исроил жанубидаги Хацерим ҳаво базасига учган, шундан сўнг улар Полша жануби-шарқидаги Жешув шаҳрига йўл олган. Шаҳар АҚШ ва НАТО давлатлари томонидан Украинага кўрсатиладиган ҳарбий ёрдам учун асосий логистика маркази ҳисобланади.

Мавзуга оид