Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғазо урушининг етимлари, Суриянинг янги президентига айланган аш-Шаръа ва Россияга дронлар галаси ҳужуми — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазодаги уруш оқибатлари
Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 2023 йил октябридан буён Ғазода давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар 38 минг 400 болани ота-онасиз қолдирди.
Вазирлик вакили Зоҳир ал-Воҳидийга кўра, 32 минг 151 бола отасини, 4 минг 417 бола онасини йўқотган. 1918 бола эса ҳам отаси, ҳам онасидан айрилган. Шунингдек, 13 минг 901 аёл бева қолган.
Исроилнинг ҳужумлари натижасида фаластинлик 2092 оила бутунлай йўқ қилинган, уларнинг фуқаролик рўйхатидан ҳам номлари ўчган.
Расмий маълумотларга кўра, 47 минг 300 фаластинлик, асосан аёллар ва болалар ҳалок бўлган. Шу билан бирга, 10 мингдан ортиқ киши вайроналар остида қолган бўлиб, уларни қидириш ишлари давом этмоқда.
«Ҳизбуллоҳ»: Исроил 1350 марта шартларни бузди
«Ҳизбуллоҳ» етакчиси Наим Қосим ўз чиқишида Исроилнинг жанубий Ливандан қўшинларини олиб чиқиш муддатини узайтириш таклифини рад этди.
«Шартнома муддати якшанба куни тугади ва уни узайтириш учун ҳеч қандай асос йўқ», — деди у. Қосим Исроилни 1350 марта отишни тўхтатиш шартларини бузганликда айблади.
Унинг сўзларига кўра, «Ҳизбуллоҳ» Ливан ҳукумати илтимосига биноан, Исроилнинг ҳужумларига жавоб қайтармай турибди. Шунингдек, у Исроил ҳаракатлари оқибати учун масъулият БМТ, АҚШ, Франция зиммасида эканини таъкидлади.
Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, якшанба ва душанба кунлари Исроил ҳужумлари натижасида 24 киши ҳалок бўлган, 141 киши яраланган.
Трамп Суриядан қўшинларни олиб чиқадими?
АҚШ президенти Доналд Трамп Суриядаги ҳарбий ҳозирлигини кескин камайтиришни режалаштирмоқда. Исроилнинг Kan телеканали манбаларига кўра, Вашингтон бу ҳақда Тел-Авивни хабардор қилган.
Ҳозирда Сурияда тахминан 2000 нафар америкалик аскар жойлаштирилган. АҚШ қўшинларининг чиқиб кетиши Исроил хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлиги таъкидланмоқда.
Шунингдек, Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац Аш-Шайх тоғида Исроил қўшинлари Сурияда «муддатсиз» қолишини маълум қилди.
Декабр ойида Исроил армияси Сурия ҳарбий объектларига йирик ҳаво ҳужумлари уюштирди ва бу халқаро танқидларга сабаб бўлган эди. Тел-Авив шунингдек, 1974 йилги битимни бекор қилиб, Жўлан тепаликларидаги қуроллардан холи ҳудудга қўшинларини жойлаштирди.
Бу орада Сурия маъмурияти раҳбари Аҳмад аш-Шаръа мамлакатнинг ўтиш давридаги президенти сифатида эълон қилинди.
Янги ҳукумат, шунингдек, олдинги конституция бекор қилиниши ва парламент тарқатиб юборилишини эълон қилди. Барча хавфсизлик хизматлари ва қуролли тузилмалар тарқатилади — уларнинг ўрнига фуқаролар хавфсизлигини таъминлайдиган янги тузилма пайдо бўлади.
АҚШ Сенати Ҳаага судини қўллади
АҚШ Сенати 28 январ куни республикачилар томонидан таклиф қилинган Халқаро жиноий судга қарши санкцияларни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини қўллаб-қувватламади.
Лойиҳа Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галлант устидан чиқарилган ҳибсга олиш ордерига жавоб сифатида ишлаб чиқилган эди.
Республикачилар ташаббуси 54 овоз жамғарди, аммо қонун қабул қилиниши учун 60 овоз керак эди. Демократларнинг аксарияти лойиҳага қарши чиқди.
Қонун Исроил ёки АҚШ фуқароларига қарши тергов ўтказган ҳар қандай хорижий шахсга қарши санкциялар жорий этишни назарда тутарди.
Бироқ демократлар ҳужжатни жуда кенг қамровли деб ҳисоблаб, у халқаро муносабатларга жиддий таъсир қилиши мумкинлигини айтди.
Лекин Доналд Трамп Конгресс тасдиғисиз ҳам Ҳаага судига қарши санкцияларни президент фармони орқали киритиш имкониятига эга.
Путин: «Музокараларга очиқмиз, лекин Зеленский нолегитим»
Россия президенти Владимир Путин Украина президенти Володимир Зеленский билан музокара ўтказишга тайёрлигини билдирди, лекин унинг легитимлигини тан олмаслигини айтди.
«Музокаралар ҳар қандай одам билан ўтказилиши мумкин, лекин анави одам [яъни, Зеленский] нолегитим. Агар у музокараларда иштирок этмоқчи бўлса, биз унга мос келадиган вакилларни танлаймиз», — деди Путин.
Путинга кўра, Украина музокаралардан олдин 2022 йил октябрида қабул қилинган ўзи билан музокараларни тақиқловчи қарорни бекор қилиши керак. «Буни фақат Украина парламенти раиси амалга ошириши мумкин», деди Путин.
Шунингдек, у одатий тарзда Ғарб мамлакатларини Украинани урушни давом эттиришга «мажбурлаётганликда» айблади. Путинга кўра 2022 йил баҳорида Россия Киевдан ўз қўшинларини олиб чиққач, Европа етакчилари тинчлик келишуви имзоланишини кафолатлаган, аммо бу ваъда бажарилмаган.
Зеленский музокараларга тақиқ қарори фақат бошқа расмийларга тегишли эканини, аммо унинг ўзи бундай қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга эканлигини айтган.
Россияда дронлар галаси ҳужуми
Россия ҳудудига 2025 йил бошидан бери иккинчи энг йирик дрон ҳужуми амалга оширилди. Россия расмийлари 104 та зарбдор дрон тутиб олингани ҳақида хабар берди.
Нижний Новгород областида дрон ҳужумидан сўнг Кстово шаҳридаги саноат ҳудудида йирик ёнғин келиб чиққан. Ҳужумда жумладан, «Лукойл-Нижегороднефтеоргсинтез» нефт заводи нишонга олинган. Бу корхона 2024 йил баҳорида ҳам ҳужумга дучор бўлган ва таъмирлаш ишлари икки ой давом этган.
Смоленск областида ҳужум нишонларидан бири губернатор Василий Анохинга кўра, атом электр станцияси бўлган. Чунки станция яқинида дрон уриб туширилган.
Россия мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 104 дрондан 47 таси Курскда, 27 таси Брянскда, 11 таси Смоленскда, қолганлари эса 6 та бошқа ҳудудда йўқ қилинган.
АҚШ Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатди
АҚШ президенти Доналд Трамп Украинага ҳарбий ва иқтисодий ёрдамни тўхтатиш ҳақида қарор чиқарди. The Washington Post нашрига кўра, Трампнинг қарори Киевга ажратилаётган маблағларни музлатиб қўйди, шу жумладан, USAID дастури орқали молиялаштирилаётган лойиҳалар ҳам тўхтатилди.
Америка томонидан молиялаштирилган ветеранларни қўллаб-қувватлаш марказлари, мактаб ва тиббий ёрдам дастурлари фаолияти тугатилди. USAID 2022 йилдан бери Украинага 30 млрд доллар ажратган эди.
Бироқ Украина давлат хизматчиларининг маошлари учун ажратилган маблағлар ҳозирча сақлаб қолинди. Айрим манбаларга кўра, ёрдам музлатилгани билан улар бутунлай бекор қилиниши ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.
Украиналик ветеранларга ёрдам марказлари ҳам ёпила бошлади. Маблағлар тугатилгани сабабли 30 нафар ходим ишдан бўшатилди ва психологик ҳамда ҳуқуқий ёрдам тақчиллашиб бормоқда.
Украина расмийлари бу ҳолатни очиқ муҳокама қилишдан чўчишмоқда, чунки бу Вашингтон билан муносабатларга салбий таъсир қилиши мумкин. АҚШ расмийлари ёрдам фақат 90 кунга тўхтатилганини айтмоқда, бироқ у қайта тикланиши ҳозирча даргумон.
Оқ уй журналистларни жавобгарликка тортади
АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти оммавий ахборот воситаларини ёлғон хабарлар учун жавобгарликка тортиш ниятида. Оқ уйнинг янги матбуот котиби Каролин Левитт ўзининг биринчи брифингида шу ҳақда эълон қилди.
Унинг сўзларига кўра, Трампга қарши ёлғон тарқатган анъанавий медиа компаниялар энди маъмуриятнинг қаттиқ муносабатига дуч келади. Ҳар бир дезинформация ҳолатига қарши чоралар кўрилиши таъкидланди.
Шунингдек, Трамп маъмурияти Оқ уйга кириш тизимини ўзгартиради. Янги қоидаларга кўра, блогерлар, подкастерлар ва мустақил журналистлар ҳам расмий аккредитация олиш имконига эга бўлади.
Левитт Трампни «Америка тарихидаги энг шаффоф ва очиқ президент» деб атади.
ГФР: Канцлерликка номзод танқид остида
Германияда канцлерликка асосий номзод бўлган Христиан-демократик иттифоқи етакчиси Фридрих Мерц ўта ўнгчи «Германия учун муқобил» партияси билан ҳамкорлик қилишда айбланмоқда.
Мерц 28 январ куни мамлакатга ноқонуний мигрантларнинг киришини чеклашни кўзда тутувчи таклифларни эълон қилди. Бу таклифларга ҳокимиятдаги Социал-демократик партия ва «Яшиллар» қаршилик қилмоқда. Қонунни ўтказиш учун ГуМ овозлари керак бўлиши мумкин, бу эса сиёсий доираларда шов-шувларга сабаб бўлди.
Канцлер Олаф Шолц ва танқидчиларга кўра, Мерц ГуМни «қонунийлаштириб», ўта ўнгчиларга йўл очиб бермоқда. У ўз қарорини мамлакат хавфсизлиги ва фуқаролар ташвишлари билан изоҳламоқда.
Мавзуга оид
13:40 / 28.05.2025
Талабаларга виза суҳбатларини тўхтатган АҚШ, Исроилни танқид қилган канцлер ва Ҳайит кунини эълон қилган Саудия – кун дайжести
13:15 / 27.05.2025
ҲАМАСга таклиф қилинган сулҳ, Ливерпулдаги фожиа ва рафиқасидан шапати еган Макрон — кун дайжести
13:31 / 26.05.2025
Путин вертолёти атрофида дронлар ҳужуми, Ҳамаснинг ҳарбий операцияси ва ЕИга божларни кечиктирган Трамп – кун дайжести
14:21 / 24.05.2025