Иқтисодиёт | 15:32 / 30.01.2025
1778
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Покистон тарифларни пасайтириш бўйича қўшма "ҳаракатлар режаси"ни ишлаб чиқади 

Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон коммуникациялар, хусусийлаштириш ва инвестициялар кенгаши вазири Абдул Алим Хан билан учрашди.

Фото: "Дунё" АА

Мулоқот чоғида давлатлар ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, минтақавий боғлиқлик ташаббуси доирасида транспорт-логистика, инвестиция ва хусусийлаштириш йўналишидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Трансафғон темирйўли лойиҳаси иқтисодий ҳамкорликнинг негизи сифатида баҳоланиб, уни биргаликда илгари суриш, амалга ошириш жараёнини тезлаштириш мақсадида хорижий шерикларни жалб қилиш механизмларига алоҳида эътибор қаратилди.

Савдо-иқтисодий муносабатларни янги босқичга чиқаришда транспорт-логистика муҳим ўрин тутиши қайд этилди. Товар айланмаси ҳажмларини янада ошириш мақсадида логистика харажатлари ва тарифларини пасайтириш бўйича қўшма "ҳаракатлар режаси"ни ишлаб чиқишга келишилди.

"Тошкент-Лаҳор" йўналишидаги авиақатновларнинг бошлангани барча даражадаги алоқаларни жадаллаштириши таъкидланиб, икки давлат шаҳарлари ўртасидаги парвозлар географиясини кенгайтириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Иқтисодий дипломатия йўналишидаги ҳамкорликнинг ҳозирги даражасида икки давлат бизнес доира вакиллари иштирокида бизнес-форумлар ташкил этилиши янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, инфраструктура объектлари қурилиши ва хусусийлаштириш жараёнида ўзаро иштирок этишга имкон яратиши таъкидланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид