Ўзбекистон | 21:37 / 01.02.2025
5928
2 дақиқада ўқилади

Мадина—Фарғона рейси бўйича учган самолёт Туркманистонда фавқулодда қўнишни амалга оширди

Centrum Air компаниясининг А321neo самолёти двигателидан мой сизиб чиққани боис Мари шаҳрига қўндирилди. Ҳаво кемасида бўлган йўловчиларни олиб келиш учун Туркманистонга захира борти юборилган.

Фото: Centrum Air

Centrum Air авиакомпаниясининг Мадина—Фарғона рейси бўйича учган ҳаво кемаси Туркманистонга қўндирилди. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 1 февраль куни Centrum Air’нинг Мадинадан Фарғонага учаётган С6 3336 рақамли А321neo самолёти Туркманистон ҳаво ҳудудидан ўтаётганида, унинг двигателидан мой сизиб чиққани аниқланган.

Парвозларни амалга ошириш қўлланмасига мувофиқ, ҳаво кемаси командири Фарғона халқаро аэропортига учишни тўхтатиш ва уни Мари аэропортига йўналтириш бўйича қарор қабул қилган. Самолёт командиридан тегишли билдиришнома олинганидан кейин захирадаги А321neo самолёти Мари аэропортига юборилган.

Захира борти Мари аэропортига етиб келганидан кейин йўловчилар ҳамда уларнинг юклари Фарғона аэропортида етказилган.

«Айни вақтда бизнинг юқори малакали муҳандислар жамоамиз томонидан двигателдан мой сизиб чиқиш ҳолати бартараф этилган ва самолёт тез орада йўловчиларсиз Тошкентга техник рейсни амалга оширади», — дейилади хабарда.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид