Жаҳон | 14:23 / 01.02.2025
3876
8 дақиқада ўқилади

Ёрдамга муҳтож Ғазо болалари, фронтдан йўқолган КХДР аскарлари ва яшил энергиядан 15 млрд доллар тежаган Туркия — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Сўнгги уч кунда 500 мингдан ортиқ фаластинлик Ғазонинг шимолига қайтди. Улар марказий ва жанубий ҳудудлардаги қочқинлар лагерларини тарк этган. Бироқ уларни вайронага айланган шаҳар ва харобалар кутиб олди – 15 ойлик уруш деярли бирорта бинони соғ қолдирмаган. Кўпчилик ҳозир кўчалардаги чодирларда яшашга мажбур.

Associated Press хабарига кўра, фаластинликларнинг оммавий қайтиши Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг шимолий Ғазони босиб олиш режасини қийинлаштирди. У ҲАМАСни йўқ қилиш ва барча гаровга олинганларни озод этишга ваъда берганди, бироқ уруш тўхтаб қолди.

Агар олти ҳафталик тинчлик келишуви узайтирилмаса, ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланиши мумкин. Аммо фаластинликларнинг оммавий қайтиши буни мураккаблаштиради. Таҳлилчиларга кўра, Исроил бу вазиятда урушни давом эттириши қийин бўлади.

Ёрдамга муҳтож ғазолик болалар

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Ғазодан 2,5 минг болани зудлик билан эвакуация қилишга чақирди. Америкалик шифокорларнинг айтишича, агар улар яқин ҳафталарда зарур тиббий ёрдамни олмаса, ҳаётдан кўз юмиши мумкин.

15 ойлик уруш Ғазо соғлиқни сақлаш тизимини бутунлай вайрон қилди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, 12 мингдан ортиқ бемор эвакуация қилинишни кутмоқда, уларнинг 2,5 минги болалар.

Калифорниялик жарроҳ Феруз Сидванинг таъкидлашича, аксарият болаларга оддий жарроҳлик амалиётлари зарур, аммо Ғазода асбоблар ва стерил шароит йўқ.

Стэнфорд университетидан доктор Эммануэл Ҳан болаларга протезлар ва реабилитация имконияти йўқлигини айтмоқда.

Исроил эвакуация жараёнини тез-тез тўхтатиб туриши сабабли ҳали-ҳануз аниқ механизм ишлаб чиқилмаган. БМТ раҳбари бу ҳолатни тоқат қилиб бўлмас фожиа деб атади.

Сурияда ягона бошқарув тикланади

Суриянинг янги президенти Аҳмад Аш-Шаръа мамлакатда ягона бошқарувни тиклаш, терроризмга қарши кураш ва сиёсий ислоҳотларни амалга оширишни ваъда қилди.

30 январ куни у ўтиш даври ҳукумати ташкил этилганини эълон қилди ва бу ҳукумат мамлакатни янги сайловларгача бошқаради.

Аш-Шаръа ҳозирги кундаги асосий мақсад — Сурия ҳудудий яхлитлигини тиклаш эканини таъкидлади. У курд айирмачи гуруҳларининг фаолиятига барҳам бериш ва шимолий-ғарбий ҳудудларда тўлиқ назорат ўрнатишни ваъда қилди. Бу ҳудудларда, айниқса, Дайр-уз-Заврдаги нефт конлари террорчи гуруҳлар қўлида қолмоқда.

Президент янгиланган конституция ишлаб чиқилиши ва кенг қамровли аҳоли рўйхати ўтказилишини айтди. Унга кўра, янги сайловлар тўрт йил ичида ўтказилади. Аш-Шаръа Башар Асад режимининг ағдарилишини «сурияликлар учун озодлик» деб баҳолади ва иқтисодий ислоҳотлар бошланишини маълум қилди.

КХДР аскарлари фронтдан олиб кетилдими?

Шимолий Корея ҳарбийлари Россия-Украина урушидаги йўқотишлар туфайли фронтдан орқага қайтарилди, деб ёзади The New York Times. Украина ва АҚШ манбаларига кўра, КХДР 11 минг аскар юборган, аммо улар уч ой ичида йирик йўқотишларга учраб, сафлари икки бараварга камайган.

Россия КХДР аскарларидан пиёда қўшин сифатида фойдаланиб, уларни танк ва артиллерия ёрдамисиз миналар майдонига ташлаган. Бу тизимли бошбошдоқлик ва катта йўқотишларга олиб келган. Украина ҳарбийлари уларнинг заиф координацияси ва қўмондонлик муаммоларини қайд этган.

Вашингтон манбалари КХДР аскарларининг олиб кетилиши вақтинчалик қарор бўлиши мумкинлигини таъкидлаяпти. Улар тайёргарликдан сўнг яна фронтга юборилиши мумкин. Расмий Пёнгянг эса йўқотишларга эътибор қаратмай, Москва билан фойдали битим қилишни мақсад қилган.

Россияликлар қаерларга кўчмоқда?

Сўнгги уч йил ичида Россиянинг 95 мингдан ортиқ фуқароси Исроилга кўчиб ўтди. Бу совет иттифоқи парчаланганидан кейинги энг йирик репатриация тўлқини бўлди, деб хабар берди Бинямин Нетаняҳу девонхонаси.

2022 йилдан буён 145 минг киши Исроил фуқаролигига эга бўлди, уларнинг иккидан уч қисми россияликлардир. Бу кўрсаткич 1989–1991 йилларда СССРдан чиқиб кетган 120 минг репатриант билан таққосланади.

Уруш бошланганидан буён мамлакатни тарк этишга қарор қилган россияликларнинг асосий қисмини собиқ СССР давлатлари қабул қилмоқда:

Жумладан, Арманистонга 110 минг, Қозоғистонга 80 минг, Гуржистонга 73,6 минг руслар кўчиб ўтган.

Шунингдек, АҚШ — 48 минг, Германия — 36 минг ва Туркия —28 минг россиялик муҳожирларни қабул қилган.

Росстат маълумотларига кўра, сўнгги 20 йил ичида Россияни 2 млнга яқин фуқаролар тарк этган.

The Economist айни пайтдаги муҳожирликни 1920 йиллардаги сиёсий қочқинлар тўлқинига тенглаштирмоқда.

Канада ва Мексика билан савдо уруши

АҚШ бугундан бошлаб Канада ва Мексикадан импорт қилинадиган товарларга 25 фоизлик бож жорий қилади. Трамп бу қарорни савдо тақчиллигини камайтириш ва ноқонуний миграцияга қарши кураш билан асослади.

Бироқ нефт божлари бўйича қарор ҳали қабул қилинмаган. Агар улар жорий этилса, ёқилғи нархи ошиб, иқтисодга таъсир қилиши мумкин.

Канада ва Мексика жавоб санкциялари тайёрлаётгани ҳақида маълум қилди, бироқ Вашингтонни қарорни қайта кўриб чиқишга чорлашда давом этмоқда. АҚШ учун Канада энг йирик экспорт бозори, икки давлат ўртасида ҳар куни 3,6 млрд долларлик савдо-сотиқ амалга ошади.

Шу билан бирга, Трамп Хитой товарларига ҳам қўшимча тарифлар жорий этишни режалаштирмоқда. Пекин бу можарони кескинлаштирмасликка чақирмоқда, бироқ Вашингтон ҳозирча позициясини ўзгартиргани йўқ.

Трамп Гренландия масаласида ҳазиллашмаяпти

АҚШ давлат котиби Марко Рубио президент Доналд Трампнинг Гренландияни сотиб олиш ғоясини тасдиқлаб, унинг Арктикадаги стратегик аҳамиятини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Гренландияда Хитой таъсирининг олдини олиш учун жиддий чоралар кўриши керак.

Рубио Арктиканинг музлар эриётгани сабабли жаҳон савдо йўллари учун муҳим ҳудудга айланаётганини ва бу ерда Хитой тажовузкор сиёсат юритаётганини таъкидлади. «Агар Хитой Гренландияда таъсирини кучайтирса, биз бу ҳудудни ҳимоя қила оламизми?» — деб савол ташлади у.

Дания бош вазири Метте Фредериксен Трампнинг таклифини рад этган. Аммо давлат котиби президентнинг позициясини қўллаб-қувватлаб, бундай музокараларда кучли босим ўтказиш одатий усул эканини айтди.

Туркия яшил энергиядан 15 млрд доллар тежади

Кейинги икки ярим йил ичида Туркия қуёш ва шамол энергетикаси ҳисобига табиий газ импорт ҳажмини 15 млрд долларга қисқартиргани маълум бўлди.

Фақат қуёш энергетикаси орқали 52 TWh электр энергияси ишлаб чиқарилган, бу эса мамлакат умумий истеъмолининг 6 фоизини ташкил қилди ва 5,4 млрд долларлик газ сотиб олишдан сақлади. 2024 йилда қуёш станциялари ҳисобига газ импорти 1,7 млрд долларга камайди ва 2023 йилга нисбатан ўсиш 22 фоизни ташкил этди.

Икки ярим йил ичида Туркия қуёш энергетикасини 2 баробар ошириб, 19 GW’га етказди ва 2025 йилга белгиланган мақсадга 2024 йил августидаёқ эришди. Энди мамлакат 2035 йилгача шамол ва қуёш энергетикаси ҳажмини 120 GW’га етказишни режалаштирган.

Туркия ўсмирларга ижтимоий тармоқларни тақиқламоқчи

Туркия 2025 йилда 16 ёшдан кичик болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат транспорти ва инфратузилма вазири Абдулқодир Уралоғлу маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, болалар энг нозик гуруҳ ва уларни ҳимоя қилиш керак. «Ёшлар учун ижтимоий тармоқларда фойдали нарса йўқ. Биз бу борада тартибга солувчи чоралар кўришни режалаштиряпмиз», — деди вазир CNN Türk телеканалига.

Туркия бу борада халқаро тажрибани ўрганмоқда. Австралия 2023 йилда 16 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаган. Норвегия эса бу чегарани 15 ёшга чиқаришни режалаштирмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид