Жаҳон | 01:21 / 03.02.2025
11410
2 дақиқада ўқилади

Суриянинг янги раҳбари илк хорижий сафарини Саудия Арабистонига амалга оширди

Суриянинг ўтиш даври президенти Аҳмад аш-Шаръа Ар-Риёдда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол-Сауд билан учрашув ўтказиб, икки томонлама муносабатларни муҳокама қилди.

Фото: SPA

Суриянинг ўтиш даври президенти Аҳмад аш-Шаръа 2 феврал куни ўзининг илк хорижий сафарини амалга ошириб, Ар-Риёд шаҳрига ташриф буюрди. У мамлакат валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол-Сауд билан учрашув ўтказди.

«Унга ташқи ишлар вазири Асаад аш-Шибаний ҳамроҳлик қилди», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, валиаҳд шаҳзода ва Шаръа Ар-Риёд ҳамда Дамашқ ўртасидаги икки томонлама муносабатларни, турли соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш имкониятларини муҳокама қилган. Шунингдек, улар минтақани ривожлантириш ва бу йўналишда тегишли саъй-ҳаракатларни амалга ошириш масаласига ҳам тўхталиб ўтган.

Бундан ташқари, томонлар гуманитар ва иқтисодий ҳамкорликни, шунингдек, тинчлик ва барқарорликни сақлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни, ҳақиқий шерикликка эришиш учун энергия, технология, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида кенг кўламли режаларини муҳокама қилган.

29 январ куни Сурия администрацияси раҳбари Аҳмад аш-Шаръа мамлакатнинг ўтиш давридаги президенти сифатида эълон қилинган эди. Янги ҳукумат, шунингдек, олдинги конституция бекор қилиниши ва парламент тарқатиб юборилишини эълон қилди. Барча хавфсизлик хизматлари ва қуролли тузилмалар тарқатилади — уларнинг ўрнига фуқаролар хавфсизлигини таъминлайдиган янги тузилма пайдо бўлади.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид