Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Канада, Мексика ва Хитой товарларига юқори божлар жорий қилиб, янги савдо урушини бошлади
АҚШ президенти Мексика ва Канададан импорт қилинаётган маҳсулотларга 25 фоиз, Хитойникига эса 10 фоизлик янги божлар киритди. Бу Шимолий Америкада жуда кўп турдаги товарлар нархининг ошишига олиб келиши мумкин.
АҚШ президенти Доналд Трамп Мексика ва Канададан импорт қилинаётган маҳсулотларга 25 фоиз, Хитойникига эса 10 фоизли янги тарифлар жорий этилишини эълон қилди.
Оқ уй сайтига жойлаштирилган ҳужжатда келтирилишича, Канада энергия ташувчиларига нисбатан пастроқ тариф қўлланади – 10 фоиз. Божлар “Мексика, Канада ва Хитойни ноқонуний иммиграция, заҳарли фентанил ҳамда бошқа наркотикларнинг АҚШга келишини тўхтатиш борасидаги ваъдасини бажаришга мажбурлаш” зарурати билан изоҳланган.
Тариф бу – импорт қийматига мутаносиб равишда мамлакатга кирган товарлардан олинадиган ички солиқ. Божлар Трампнинг иқтисодий қарашларида асосий ўринни эгаллайди. У буни АҚШ иқтисодиётини ривожлантириш, иш ўринларини ҳимоя қилиш ва солиқ тушумларини ошириш йўли, шунингдек, бошқа давлатларга босим ўтказиш воситаси сифатида кўради. Америка президенти агар бошқа давлатлар томонидан жавоб қайтариладиган бўлса, тарифларни янада ошириш билан таҳдид қиляпти.
Трампнинг радикал сиёсати глобал савдо урушининг янги даврини бошлаб бериши мумкин. Иқтисодчиларнинг огоҳлантиришича, АҚШ импорт тарифлари ва бошқа давлатлар томонидан қўлланадиган жавоб чоралари автомобиллар, ёғоч ва пўлатдан тортиб озиқ-овқат ва спиртли ичимликларгача бўлган жуда кўп турдаги товарлар нархининг қимматлашишига олиб келади.
Канада, Мексика ва Хитой нима қилмоқчи?
Канада бош вазири Жастин Трюдо АҚШдан импорт қилинадиган 155 млрд долларлик маҳсулотларга 25 фоизлик жавоб божлари жорий этилишини эълон қилди. Бу тарифлар алкогол, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, пойабзаллар, маиший техника, мебел, ёғоч материаллари ва бошқа товарларга нисбатан қўлланади. 30 млрд долларлик тарифлар душанба кунидан, қолгани эса уч ҳафтадан сўнг кучга киради.
Трюдонинг айтишича, Трампнинг ҳаракати “уларни бирлаштириш ўрнига ажратиб юборган”. Шунингдек, у Канада қўшинлари Афғонистонда америкаликлар билан бирга жанг қилгани, кўплаб инқирозли вазиятларда Канада халқи АҚШ халқига ёрдам бериб келганини эслатиб ўтди.
“Бундай вазиятга тушиб қолишни хоҳламадик, сўраганимиз ҳам йўқ. Аммо биз ҳам канадаликларнинг манфаатларини ҳимоя қилишдан қайтмаймиз”, деди Трюдо.
Шунингдек, Канада бош вазири икки давлат ўртасидаги чегарани “дунёдаги энг хавфсиз чегаралардан бири” дея таърифлаб, Қўшма Штатларга кирадиган фентанил ва ноқонуний муҳожирларнинг 1 фоиздан камроғи Канада орқали ўтишини алоҳида таъкидлади ва шу сабаб савдо сиёсатини қаттиқлаштириш яхши ечим эмаслигини айтди.
Аввалроқ, расмий Оттава тарифлардан қочиш учун АҚШ билан чегарада 900 млн доллар қийматидаги янги хавфсизлик чораларини қўллашга ваъда берганди.
Мексика президенти Клаудия Шейнбаум ўзининг иқтисодиёт вазирига “мамлакат манфаатлари ҳимояси учун тариф ва нотариф чораларни ўз ичига олган Б режани амалга ошириш”ни буюрди. У муаммолар “тарифларни жорий этиш йўли билан эмас, музокара ва мулоқотлар орқали” ҳал этилишини қўшимча қилиб, Трампга жамоат соғлиғини сақлаш ҳамда хавфсизлик соҳасидаги мутахассислар иштирокида ишчи гуруҳ тузиш таклифини берди.
Шунингдек, Шейнбаум Трампнинг “Мексика ҳукумати наркокартеллар билан ноқонуний тарзда ҳамкорлик қилмоқда” деган баёнотини “Мексикага нисбатан бўҳтон” деб атади.
Хитой Савдо вазирлиги АҚШ томонидан Жаҳон савдо ташкилоти қоидалари “жиддий бузилаётгани”ни маълум қилиб, ЖСТга шикоят қилишларини ва “тегишли қарши чоралар” кўрилишини ваъда қилди. Айнан қандай чоралар кўрилишига ҳозирча аниқлик киритилмаган.
ЕИ билан ҳам савдо муносабатлари ёмонлашяпти
Трамп АҚШнинг Европа Иттифоқи билан савдо тақчиллиги 300–350 млрд доллардан ошганини, Европа давлатлари эса Америка автомобиллари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олмаётганидан норози эканини ҳам айтган. Агар вазият шу таxлит давом этса, Трамп ЕИ маҳсулотларига ҳам бож киритиш билан таҳдид қилди.
Бунга жавобан Германия вице-канцлери ва иқтисодиёт вазири Роберт Хабек Трамп Евроиттифоқдан келадиган товарларга бож жорий қилса, Европа давлатлари ҳам АҚШга бож жорий этишга тайёрлигини билдирди.
Нархлар кескин ошиши мумкин
2024 йилда Хитой, Мексика ва Канададан кириб келган маҳсулотлар АҚШ умумий импортининг 40 фоиздан кўпроқ қисмини ташкил этган. Тарифларнинг кўтарилиши бу мамлакатлардан келадиган маҳсулотлар нархларининг ошишига олиб келади. Канада, Мексика ва Қўшма Штатлар иқтисоди ўзаро чуқур интеграциялашган, ҳар куни чегараларни тахминан 2 млрд доллар қийматидаги маҳсулотлар кесиб ўтади.
Бундан ташқари, Канада Америкага энг йирик хорижий хом нефт етказиб берувчи ҳисобланади. Сўнгги расмий маълумотларга кўра, ўтган йилнинг январ-ноябр ойларида Қўшма Штатларга импорт қилинган нефтнинг 61 фоизи Канададан кириб келган. Жастин Трюдо ўз нутқида АҚШ учун жуда зарур бўлган қазилма бойликлар, шу жумладан нефт ва газ экспортига чекловлар киритилиши мумкинлигини ҳам истисно қилмади.
Божлар АҚШдаги компанияларнинг харажатларини оширади. Уларнинг аксарияти Хитойдан келадиган хомашё ва деталларга боғланиб қолган.
Савдо чекловлари фонида автомобил саноати энг оғир зарбани қабул қилиши кутиляпти. Автомобил қисмлари тайёр машина ҳолатига келгунга қадар учта давлат чегарасини бир неча марта кесиб ўтади. TD Economics ҳисоб-китобларига кўра, АҚШда автомобиллларнинг ўртача нархи тахминан 3000 долларга қимматлайди. Янги тарифлар уч мамлакатда ҳам иқтисодий ўсишни секинлаштириши ва инфляцияни тезлаштириши прогноз қилиняпти.
Мавзуга оид
08:51 / 04.06.2026
Кувайт аэропортида Эроннинг дрон зарбаси оқибатида 1 киши вафот эди, ўнлаб инсонлар жароҳатланди
15:12 / 26.05.2026
Наркожиноятда айбланиб, қидирувда бўлган ўзбекистонлик АҚШдан депортация қилинди
12:35 / 28.05.2025
Трамп: Канада "Олтин гумбаз" ҳимоясини 61 млрд долларга олади
11:00 / 28.05.2025