Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жанийндаги вайронкор ҳужумлар, Трампнинг кутилаётган тинчлик режаси ва Евроиттифоқдан Путин учун трибунал — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Фаластиндаги вазият
Исроил армияси Ғарбий соҳилдаги Жанийн қочқинлар лагерини вайрон қилишда давом этмоқда. Ўтган кунлар ичида қатор маҳаллалар йўқ қилинди, минглаб фаластинликлар бошпанасиз қолди. Жанийн мэри буни сўнгги 20 йилдаги энг катта фожиа деб атади.
Жанийнда Исроил икки ҳафта аввал махсус операция бошлаган ва уни Эронга алоқадор гуруҳларга қарши кураш деб атамоқда. Бироқ Тел-Авив бу борада ҳеч қандай далил тақдим этганича йўқ. Ҳужумларда 30 дан ортиқ киши, асосан аёллар ва болалар ҳалок бўлган.
Исроилнинг танк ва булдозерлари кўчаларни вайрон қилди, уйлар портлатилди. БМТ маълумотларига кўра, Жанийндаги 3490 та оиладан атиги 100 таси қолган. Ташкилот бу ҳолат Ғазодаги муваққат тўхташ жараёнига хавф солишини ва янги кескинликка сабаб бўлиши мумкинлигини огоҳлантирмоқда.
Исроил ҳарбийлари Тубас ва Тулкармда ҳам рейдлар ўтказмоқда. Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, йил бошидан буён Ғарбий соҳилда 70 киши ҳалок бўлган, шулардан 38 нафари Жанийнда ўлдирилган.
Фаластинликлар буни янги Нақба — 1948 йилдаги катта қочқинлик фожиасининг такрори, деб баҳоламоқда.
Трампнинг Ғазо бўйича режаси танқид остида
АҚШ президенти Доналд Трамп Фаластин аҳолисини кўчириб юбориш ва Ғазони назоратга олиш нияти борлигини билдирди. Бу эса халқаро майдонда қаттиқ танқидларга сабаб бўлди.
Ар-Риёд Фаластин давлатини тузмасдан Исроил билан муносабатлар нормаллаштирилмаслигини яна бир бор таъкидлади. Фаластинликларни мажбуран кўчириш мумкин эмаслигини қайд этди.
Расмий Москва Трамп режасини «коллектив жазо» деб баҳолаб, Ғазо ва Ғарбий соҳилни босиб олиш халқаро ҳуқуқни бузишини таъкидлади.
Пекин фаластинликларни мажбуран кўчиришга қарши эканини билдирди ва икки давлат принципига асосланган музокараларни қайта бошлашга чақирди.
Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан режани «ноқонуний» деб атади ва Анқара Исроилга қарши чораларни қайта кўриб чиқишини билдирди.
Лондон «икки давлат ечими» тарафдори эканини ва Фаластин халқининг ўз тупроғида яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилишини билдирди.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Турк ҳам Доналд Трампнинг Ғазони «эгаллаб олиш» ва у ерда яшовчи фаластинликларни кўчириш режасини танқид қилди. Унинг таъкидлашича, «оккупация қилинган ҳудудларда инсонларни мажбурий кўчириш ёки уларни у ердан депортация қилиш қатъий тақиқланган».
Amnesty International ташкилот раҳбари фаластинликларни кўчириш «этник тозалаш»га тенг эканини ва бу жиноят сифатида баҳоланишини таъкидлади.
Сурия ва Туркия стратегик шериклик остонасида
Анқарада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Сурия президенти Аҳмад аш-Шаръа ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Учрашувдан сўнг улар матбуот анжуманида чиқиш қилди.
Аш-Шаръа Туркиянинг меҳмондўстлиги учун миннатдорлик билдирди ва турк халқи томонидан миллионлаб суриялик қочқинларни қабул қилиш тарихий аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Сурия ва Туркия қон тўкилишини тўхтатиш ва минтақа хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда давом этади.
Сурия раҳбари икки давлат ўртасидаги муносабатлар энди чуқур стратегик шериклик даражасига ўтиши кераклигини таъкидлади. Уларнинг ҳамкорлиги ҳозирча ҳуманитар, иқтисодий, маданий ва ижтимоий соҳаларни қамраб олган бўлса-да, келгусида хавфсизлик ва сиёсий йўналишда ҳам узоқ муддатли шерикликка айланиши кутилмоқда.
Аш-Шаръа Суриянинг ҳудудий яхлитлигига таҳдид солаётган муаммолар ва бу борада халқаро босимни кучайтириш кераклигини таъкидлади. Шунингдек, у Исроилнинг Сурия жанубидаги буфер ҳудуддан чиқиши учун 1974 йилги келишувни бажаришини талаб қилди.
Трампнинг Украина бўйича тинчлик режаси
АҚШ президенти Доналд Трамп жамоаси 14–16 феврал кунлари Мюнхен хавфсизлик конференциясида Украина бўйича тинчлик режасини тақдим этади. Бу ҳақда Bloomberg манбалари хабар берди.
Режани Трампнинг Украина бўйича махсус вакили Кит Келлог тақдим этади. Тафсилотлар ҳозирча номаълум, аммо манбаларга кўра, режа «зўравонлик орқали тинчлик» тамойилига асосланган. Россия босиб олган ҳудудларнинг мақоми аниқлаштирилмай қолиши мумкин, аммо Украинага хавфсизлик кафолатлари таклиф этилиши кутиляпти.
Бу кафолатларнинг қандай шаклда бўлиши ҳозирча ноаниқ. Шунингдек, Россиянинг тинчлик шартларига қўядиган талаблари ҳақида маълумот йўқ.
Зеленский музокараларга тайёрлигини билдирди
Украина президенти Владимир Зеленский Владимир Путин билан тўғридан тўғри музокараларга тайёрлигини эълон қилди. Унинг айтишича, агар бу урушни тугатиш ва украиналикларнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг ягона йўли бўлса, Киев бу қадамга боради. Бироқ музокаралар АҚШ ва Европа Иттифоқи иштирокида ўтиши лозим.
Зеленский Доналд Трамп можарони ҳал этиши мумкинлигини ва Украинага хавфсизлик кафолатлари таклиф қила олишини таъкидлади. У, шунингдек, ҳарбий йўл билан барча босиб олинган ҳудудларни қайтариш имконияти йўқлигини, дипломатик усуллар самаралироқ бўлиши мумкинлигини қайд этди.
Украина раҳбари уруш тугаганидан сўнг сайлов ўтказиш ниятида эканини тасдиқлади. У фронтдаги ҳарбийлар, босиб олинган ҳудудлар аҳолиси ва чет элдаги украиналикларнинг овоз бериш имконияти ҳал этилиши кераклигини айтди.
Зеленский Россия ва Украина йўқотишлари ҳақида ҳам рақамларни келтирди. Унга кўра, Украина 45 минг ҳарбий йўқотган, 390 минг киши яраланган. Россиянинг йўқотишлари эса 350 минг ўлдирилган, 50-70 минг бедарак йўқолган ва 600-700 минг яраланган аскарлардан иборат, деб баҳоланмоқда.
Ғарб манбаларига кўра, Россияда ҳалок бўлганлар сони 115-200 минг атрофида, ярадорлар эса 400-500 мингни ташкил этади.
Кремл ҳам Зеленский билан музокараларга рози
Россия президенти Владимир Путин Володимир Зеленскийни «нолегитим» деб ҳисобласа-да, Кремл у билан тўғридан тўғри музокаралар ўтказишга тайёр. Бу ҳақда матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
Песковга кўра, музокаралар учун Украина раҳбарияти бу борада «манфаатдорлигини намоён этиши» ва Россия билан алоқаларни чекловчи қонунларни бекор қилиши керак. Акс ҳолда Кремл Зеленскийнинг Россия президенти билан тўғридан тўғри музокараларга тайёр экани ҳақидаги баёнотини жиддий қабул қилмайди.
«Тайёрлик нимагадир асосланиши керак… Шунинг учун ҳозирча буни қуруқ гапдан бошқа нарса сифатида қабул қилиб бўлмайди», — деди Песков.
ЕИ Путин учун трибунал ташкил этади
Европа кенгаши Украинага қарши босқинчилик жинояти бўйича Махсус трибунал ташкил этишнинг ҳуқуқий асосларини келишиб олди. Агар трибунал ташкил этилса, у Халқаро жиноий суддан мустақил фаолият юритади.
Европа Иттифоқи вакилларига кўра, босқинчилик жинояти учун жавобгарлик ҳужум ҳақида қарор қабул қилган мамлакат раҳбарияти зиммасига юкланади. Бу Путинга нисбатан суд иши очилишига йўл очиши мумкин.
Европа Иттифоқининг олий вакили Кая Каллас Путиннинг «босқинчилик жинояти» содир этганига шубҳа йўқлигини айтди. Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен ҳам Россиянинг Украинага ҳужуми халқаро ҳуқуқни қўпол бузишини таъкидлади.
Трибунал ташкил этиш бўйича 41 та давлат вакилининг ишчи гуруҳи 14-учрашувни апрелда ўтказади. Унда расмий қарор қабул қилиниши кутилмоқда.
МРБ ходимлари ишдан бўшатилмоқда
АҚШ Марказий разведка бошқармаси барча ходимларига ихтиёрий равишда ишдан кетишни таклиф қилди. Wall Street Journal нашрига кўра, бу қарор Доналд Трамп маъмуриятининг миллий хавфсизлик устуворликларига мослашиш мақсадида қабул қилинган.
Ишдан бўшатилганларга 8 ойлик маош ва имтиёзлар сақлаб қолинади. Аммо бу таклифдан кимлар фойдалана олиши ҳозирча аниқ эмас. Шунингдек, МРБ янги ходимлар қабул қилишни ҳам вақтинча тўхтатган.
Трамп МРБ учун учта асосий вазифа белгилаган: наркокартелларга қарши кураш, Хитой билан савдо урушини кучайтириш ва Пекин таъсирини камайтириш.
Мавжуд ўзгаришлар кенг кўламли давлат тозалаш жараёнининг бир қисми бўлиб, Трамп ҳокимиятга содиқ кадрларни жойлаштиришни мақсад қилган.
Мавзуга оид
13:40 / 28.05.2025
Талабаларга виза суҳбатларини тўхтатган АҚШ, Исроилни танқид қилган канцлер ва Ҳайит кунини эълон қилган Саудия – кун дайжести
13:15 / 27.05.2025
ҲАМАСга таклиф қилинган сулҳ, Ливерпулдаги фожиа ва рафиқасидан шапати еган Макрон — кун дайжести
13:31 / 26.05.2025
Путин вертолёти атрофида дронлар ҳужуми, Ҳамаснинг ҳарбий операцияси ва ЕИга божларни кечиктирган Трамп – кун дайжести
14:21 / 24.05.2025