Жаҳон | 13:33 / 06.02.2025
3610
3 дақиқада ўқилади

Панама канали АҚШ ҳукумати кемалари учун бепул бўлади

Қўшма Штатлар давлат котиби Марко Рубионинг мамлакатга ташрифи ортидан ҳукумат кемаларига Панама канали орқали бепул ўтишга рухсат берилганини маълум қилди.

Фото: Mauricio Valenzuela/dpa/Global Look Press

АҚШ ҳукумати кемаларидан Панама канали бўйлаб ҳаракатланиш учун тўлов олинмайди. Бу ҳақда 6 феврал, пайшанбага ўтар кечаси АҚШ Давлат департаменти ўзининг ижтимоий тармоқдаги аккаунтида ёзди.

«АҚШ ҳукумати кемалари энди Панама канали бўйлаб тўлов тўламасдан ўтиши мумкин бўлиб, АҚШ ҳукумати йилига миллионлаб долларларни тежайди», — дейилади баёнотда.

АҚШ ва Панама хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди

Шу куни Панама президенти Хосе Раул Мулино ва Пентагон раҳбари Пит Хегсет ўртасидаги музокаралар натижасида томонлар хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олгани маълум бўлди. «Улар Қўшма Штатлар ва Панама ўртасида мустаҳкам муносабатлар мавжудлиги ва хавфсизлик бўйича кўплаб манфаатлар, жумладан Панама каналини ҳимоя қилиш бўйича умумий манфаатлар мавжудлиги ҳақида келишиб олдилар», — дейилади АҚШ Мудофаа вазирлиги баёнотида.

Панама Хитой билан канал бўйича лойиҳасини бекор қилади

3 феврал, душанба куни Панама президенти Хосе Раул Мулино унинг мамлакати Хитойнинг Панама каналидан савдо мақсадларида фойдаланиш бўйича ҳамкорлигини назарда тутувчи «Бир камар, бир йўл» ташаббусидан чиқишини айтди. «Мен муҳим қарор қабул қилдим ва бу ҳақда сизни хабардор қиляпман. Ҳукуматим 2017 йилда "Бир камар, бир йўл" ташаббуси бўйича ўзаро англашув меморандумини янгиламайди. Бу тўғри. Лойиҳани муддатидан олдин якунлаш имкониятини ўрганамиз», деди Мулино кеча АҚШ давлат котиби Марко Рубио билан музокаралардан сўнг журналистларга.

2 феврал куни Марко Рубио Хосе Раул Мулино билан учрашувда Хитойнинг Панама каналига таъсиридан норозилигини билдирди. Давлат департаменти раҳбари «мавжуд вазиятни қабул қилиб бўлмаслигини ва зудлик билан ўзгартирилмаса, Қўшма Штатлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора кўриши кераклигини айтди», деди АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Темми Брюс.

Шу куни Мулино Вашингтон билан мулоқотни ижобий деб атади. Шубҳа йўқки, канал Панама назорати остида ва бу мақом ўзгаришсиз қолади, дея тушунтирди Панама президенти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид