Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жанийндан кўчирилаётганлар, Саудия шаҳзодасининг Трампга мурожаати, АҚШни шантажда айблаган Хитой — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазодаги вазият
Исроил армияси Ғазодаги Нецарим йўлагидан қўшинларни олиб чиқишни бошлади. Бу ҲАМАС билан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув доирасида амалга оширилмоқда.
Нецарим йўлаги Исроил қўшинлари томонидан Ғазони шимол ва жанубга бўлиш ва фаластинликларнинг ҳаракатини чеклаш мақсадида яратилган эди. Ҳарбийлар бир кун ичида бу ҳудуддан тўлиқ чиқиб кетиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, Исроил делегацияси Қатарга йўл олди. Бригадир генерал Гал Ҳирш ва ШАБАКнинг собиқ раҳбари иштирок этаётган гуруҳ биринчи босқични амалга оширишни муҳокама қилади. Аммо уларга иккинчи босқич бўйича музокара ўтказиш ваколати берилмаган.
«Haaretz» нашри маълумотига кўра, Бинямин Нетаняҳу гаровдагилар тўлиқ озод қилиниб, сулҳ келишувининг иккинчи босқичига ўтишдан аввал ҲАМАСни тўлиқ йўқ қилишни мақсад қилган.
«Бугун биз ҲАМАС йиртқичларининг асл юзига яна бир бор гувоҳ бўлдик. Улар ўз жиноятлари учун жавоб берадилар. Гаровга олинган барча фуқароларимизни қайтариб оламиз, аммо Ғазода ҲАМАС қолмайди», — деган Нетаняҳу.
Исроил фаластинликларга зуғум ўтказмоқда
ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги бешинчи асир алмашинуви доирасида 42 нафар фаластинлик Офер ҳарбий қамоқхонасидан халқаро Қизил Хоч қўмитаси ходимларига топширилди. Озод қилинган маҳбуслар Рамаллоҳ шаҳрига олиб борилди. Аммо Исроил армияси уларнинг қувончли кунини бузишга ҳаракат қилган.
Исроил ҳарбийлари озод қилинган маҳбусларнинг оила аъзолари уйларига бостириб кириб, байрам ўтказишни бас қилишни талаб қилмоқда. Исроил аскарлари озодлик муносабати билан байрам ўтказилса, собиқ муҳбуснинг бутун оиласи қамоққа олиниши билан таҳдид қилган.
Фаластин Қизил Ярим Ой жамияти маълумотига кўра, озод этилган тўрт нафар маҳбус оғир ҳолда касалхонага ётқизилган.
Исроил армияси Ғарбий соҳилдаги Жанийн қочқинлар лагерини тўлиқ вайрон қилди ва у ердан 20 мингдан ортиқ фаластинликни мажбуран кўчиришни бошлаган.
«Оккупацион кучлар Жанийн қочқинлар лагерини тўлиқ вайрон қилди. Одамлар ҳужжатлари ва шахсий буюмларини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлди», – деди шаҳар маъмурияти раҳбари ўринбосари Мансур Саъдий.
У халқаро ташкилотларни Жанинга ташриф буюриб, Исроил томонидан содир этилган жиноятни ҳужжатлаштиришга чақирди.
Араб давлатлари Фаластин масаласида йиғилади
Араб давлатлари лигаси 27 феврал куни Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида Фаластинга оид фавқулодда саммит ўтказади. Миср Ташқи ишлар вазирлигига кўра, йиғилиш «Фаластин ҳудудидаги жиддий вазият» муҳокамасига бағишланади.
Саммит АҚШ президенти Доналд Трампнинг Ғазо сектори аҳолисини Миср ва Иорданияга кўчириш режасига қарши араб мамлакатларини бирлаштиришга қаратилган навбатдаги уриниш бўлади.
Миср расмийлари саммит ўтказиш қарори араб давлатлари билан олиб борилган юқори даражадаги маслаҳатлар натижасида қабул қилинганини маълум қилди. Йиғилиш Фаластин давлати талаби билан ташкил этилмоқда.
Саудия шаҳзодаси Трампга мурожаат қилди
Саудия шаҳзодаси, собиқ разведка раҳбари Турки ал-Файсал АҚШ президенти Доналд Трампнинг фаластинликларни Ғазодан чиқариб юбориш ҳақидаги таклифига жавоб қайтарди.
«Фаластинликлар ноқонуний муҳожир эмас, уларни бошқа давлатларга кўчириб бўлмайди», — деб ёзган шаҳзода National нашрида чоп этилган мақоласида.
«Бу ер — уларнинг ерлари, Исроил томонидан вайрон қилинган уйлар эса уларнинг уйлари. Улар ҳар сафар бўлгани каби бу уйларни қайта тиклаш ҳуқуқига эга», — деган ал-Файсал.
Унинг таъкидлашича, Ғазода яшовчи аҳолининг аксарияти 1948 ва 1967 йилларда Исроил томонидан ўз ерларидан қувилган қочқинларнинг авлодларидир.
Шаҳзода фаластинликларни Яқин Шарқнинг асл аҳолиси деб таърифлаб, Исроилга кўчиб келган яҳудийларни муҳожир деб атади:
«Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европа ва бошқа ҳудудлардан келган минглаб муҳожирлар фаластинликларнинг уйлари ва ерларини тортиб олиб, уларни қўрқувга солди, этник тозалаш сиёсати юритди. Америка ва Британия бу жараёнга томошабин бўлибгина қолмасдан, ҳатто фаластинликларнинг қонли кўчирилишига ёрдам берди», — деган ал-Файсал.
Шаҳзода агар фаластинликлар Ғазодан чиқарилган тақдирда ҳам, улар ўз тарихий ватанига — Ҳайфа, Яффа ва бошқа шаҳарлардаги уйларига қайтиши кераклигини таъкидлади.
Украина таклиф этаётган янги ҳарбий шартнома
Украина 18—24 ёшдаги фуқаролар учун махсус шартномавий ҳарбий хизматни ишлаб чиқмоқда. Президент Володимир Зеленскийнинг айтишича, бу ташаббус мажбурий мобилизация эмас, балки ихтиёрий шартнома ҳисобланади.
Кўнгилли бир йиллик ҳарбий хизмат давомида иштирокчилар бепул таълим, имтиёзли ипотека ва бошқа ижтимоий кафолатларга эга бўлади. Зеленский ушбу дастурнинг тўлиқ тафсилотлари яқин кунларда эълон қилиниши мумкинлигини маълум қилди.
Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи этиб тайинланган Майк Уолтц, Украина армия сафига ёшларни жалб қилиш орқали фронтдаги вазиятни барқарорлаштириш зарурлигини таъкидлаган эди.
Зеленский урушнинг тугаши ҳақида
Украина президенти Володимир Зеленский урушни 2025 йилда тугатиш имкони борлигини айтди, бироқ бу учун Россияга қарши санкцияларни кучайтириш ва Украинага хавфсизлик кафолатларини бериш кераклигини таъкидлади.
«Биз буни жуда хоҳлаймиз. Ғарб Путинни урушни тугатишга мажбур қилишга куч топишидан ҳар йили умид қиляпмиз», — деди Зеленский Британиянинг ITV News телеканалига берган интервюсида.
Украина президентининг фикрича, 2025 йил урушни тугатиш учун муҳим имкониятларни яратади. Зеленский АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам бу жараённи тезроқ якунлаш тарафдори эканини айтди.
«Трамп урушни тезроқ тугатмоқчи. Қандай йўл билан бўлишини билмаймиз, аммо биз кучли бўлишимиз керак. У кучли, лекин европалик ҳамкорлар билан биргаликда қатъий ҳаракат қилиш зарур», — деди Зеленский.
Кремл Трамп ва Путин суҳбатини изоҳламади
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Владимир Путин ва АҚШ президенти Доналд Трамп ўртасидаги телефон суҳбати ҳақидаги маълумотни на тасдиқлади, на инкор этди.
Унинг таъкидлашича, Москва ва Вашингтон ўртасида алоқалар турли каналлар орқали олиб борилади, шу сабабли шахсан у бу борада хабардор бўлмаслиги мумкин.
«Американинг янги маъмурияти иш бошлаши билан турли коммуникациялар пайдо бўлди. Бу алоқалар турли каналлар орқали амалга оширилади. Шу боис шахсан мен баъзи нарсаларни билмаслигим мумкин. Шунинг учун бу маълумотни на тасдиқлайман, на инкор қиламан», — деди Песков.
Аввалроқ Трамп Путин билан гаплашгани, мулоқот мавзуси Украинадаги урушни тугатиш эканини эълон қилган эди. Трампнинг сўзларига кўра, Путин қурбонлар сонининг ошиб кетишига бефарқ эмас ва у урушни тўхтатишни хоҳлайди.
Хитой АҚШни шантаж қилишда айблади
Хитой АҚШнинг ХХР ва Панама ўртасидаги муносабатларни заифлаштириш уринишларини кескин қоралади. Хитой ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Пекин Панаманинг «Бир макон, бир йўл» ташаббусидан чиқишига қарши расмий эътироз билдирди.
Панама президенти Хосе Раул Мулинё мамлакатнинг мазкур ташаббусдан чиқишини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, бу қарор АҚШ давлат котиби Марко Рубио Панамага ташриф буюришидан олдин қабул қилинган.
Хитой расмийлари АҚШни Панамага босим ўтказиш ва мамлакат суверенитетига аралашишда айбламоқда. Танқидлар 20 январда Доналд Трамп Панама канали устидан назоратни кучайтириш режасини эълон қилганидан сўнг кучайди.
Хитойда даҳшатли кўчки рўй берди
Хитойнинг Сичуан вилоятида рўй берган кўчки оқибатида бир киши ҳалок бўлди, 28 киши бедарак йўқолгани ҳақида хабар берилди.
8 февраль куни Ибин шаҳрига қарашли Цюнлин уездидаги Цинпинг қишлоғида юзага келган табиий офат туфайли 360 киши эвакуация қилинди.
Ҳукумат расмийлари маълумотига кўра, кўчки 10 та уйни вайрон қилган. Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. Қутқарувчилар икки нафар одамни тирик ҳолда қутқарган. Бир нафар бедарак йўқолган фуқаронинг жасади топилган. Яна 28 киши бедарак қолмоқда. Жабрланганлар ҳудудий касалхонага жойлаштирилди.
Мавзуга оид
13:40 / 28.05.2025
Талабаларга виза суҳбатларини тўхтатган АҚШ, Исроилни танқид қилган канцлер ва Ҳайит кунини эълон қилган Саудия – кун дайжести
13:15 / 27.05.2025
ҲАМАСга таклиф қилинган сулҳ, Ливерпулдаги фожиа ва рафиқасидан шапати еган Макрон — кун дайжести
13:31 / 26.05.2025
Путин вертолёти атрофида дронлар ҳужуми, Ҳамаснинг ҳарбий операцияси ва ЕИга божларни кечиктирган Трамп – кун дайжести
14:21 / 24.05.2025