Жаҳон | 12:59 / 11.02.2025
5806
9 дақиқада ўқилади

Келишувни тўхтатган ҲАМАС, санкцияларнинг Россия иқтисодиётига таъсири ва Гватемаладаги фожиали автоҳалокат — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

ҲАМАС Исроилни келишувни бузганликда айблади

ҲАМАС душанба куни Исроилни ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни бузганликда айблаб, гаровга олинганларни озод қилиш жараёнини тўхтатишини эълон қилди.

Ташкилот вакиллари Ғазо шимолига қайтишга қўйилган чекловлар, фаластинликларга қарши отишмалар ва ҳуманитар ёрдам оқимининг тўхтатилишини шартларнинг бузилиши сифатида кўрсатмоқда.

19 январда бошланган ўт очишни тўхтатиш режими асосан амал қилиб келган бўлса-да, Исроил аскарлари билан тўқнашувлар натижасида бир неча фаластинлик ҳалок бўлган.

Исроил ҳимоя вазири Исраэл Кац ҲАМАСнинг бу қарори келишувни бузишини таъкидлаб, армияга тайёргарлик кўриш бўйича топшириқ берганини маълум қилди. Эслатиб ўтамиз, шу пайтгача ҲАМАС томонидан гаровда ушлаб турилган 33 фуқародан 16 нафари озод қилинган, шунингдек, беш таиландлик гаровдаги режадан ташқари қайтарилган.

Нетаняҳунинг девони Исроил делегациясининг Қатардаги музокаралардан ортга қайтганини маълум қилди. Музокара жараёни ҳақида аниқ маълумот берилмаган, аммо Миср ва Қатар воситачилигидаги урушни тўхтатиш жараёни борасида шубҳалар ортаётгани қайд этилган.

Эрдўған: Исроил Ғазога етказилган зарарни қоплаши керак

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Ғазодаги вайронагарчиликлар учун Исроил масъулиятни зиммасига олиши кераклигини таъкидлади.

«Бинямин Нетаняҳу Ғазо аҳолисини кўчириш йўлларини эмас, балки урушда етказилган 100 млрд доллар миқдоридаги зарарни қоплаш усулларини ахтаришга мажбур бўлиши лозим», деди Эрдўған.

Туркия етакчиси халқаро адолат тизими ҳақиқий ва барча тарафлар учун тенг бўлиши кераклигини таъкидлади. Унга кўра, 2 млрддан ортиқ аҳолига эга ислом олами халқаро қарор қабул қилиш жараёнларида ҳаққоний иштирок этмаса, бундай тизим адолатли бўла олмайди.

Эрдўған Ғазода давом этаётган зўравонлик ва вайронагарчиликка эътибор қаратиб, «ҳеч ким фаластинликлар учун иккинчи Нақбани ташкил қилиши мумкин эмас», деди. Унинг таъкидлашича, Исроил фақат ҳарбий мақсадларни кўзлаб, Ғазодаги уйлар, ерлар ва иш ўринларини тортиб олишда давом этмоқда.

Туркия раҳбари Исроилга нисбатан халқаро жавобгарлик чоралари кўрилиши ва Ғазони қайта тиклаш жараёни бошланиши кераклигини ҳам билдирди.

Сурияда нима гаплар?

Сурия президенти Аҳмад аш-Шаръа мамлакатда янги қурилаётган армияга минглаб одамлар ихтиёрий равишда қўшилаётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, армияга ёллаш мажбурий эмас ва ҳеч қандай зўрлик қўлланмайди — фақат ихтиёрий асосда хизматга қабул қилинмоқда.

Унинг сўзларига кўра, олдинги режим даврида кўплаб ёшлар мажбурий ҳарбий хизматдан қочиб, мамлакатни тарк этган. Янги ҳукумат армияни фақатгина ихтиёрий ёллаш асосида шакллантиришни режалаштирмоқда.

Бу орада Сурия ҳукумати ҲАМАС фаолиятига қўйилган расмий тақиқни бекор қилди ва ушбу ҳаракатга тегишли мусодира қилинган мулкларни қайтаришга қарор қилди. Бу ҳақда ҲАМАСнинг юқори мартабали вакили Al-Manassa нашрига маълум қилди.

ҲАМАС 2011 йилда Башар Асад режими томонидан Суриядаги инқилобчиларни қўллаб-қувватлагани учун тақиқланган эди. Эндиликда Сурия ҳукумати ушбу чекловни бекор қилиб, ҲАМАС раҳбарлари яқин вақт ичида мамлакатга ташриф буюришини маълум қилди.

Украинадаги уруш — Мюнхен конференцияси мавзуси

АҚШ давлат котиби Марко Рубио Мюнхен хавфсизлик конференциясида асосий эътибор Россиянинг Украинага қарши урушига қаратилиши ҳақида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, дунё бўйлаб етакчи сиёсатчилар конференцияга ташриф буюради ва урушни тугатиш масаласи муҳокаманинг марказий нуқтаси бўлади. «Президент Трамп Украинадаги урушни тугатиш керак, дея аниқ таъкидлади», — деди Рубио.

Давлат котиби Трамп урушни якунлаш бўйича жиддий қадам ташлашга интилаётганини ва бу барча томонлар манфаатига мос келишини қайд этди. Шунингдек, конференция доирасида ташқи ишлар вазирлари ва халқаро етакчилар билан музокаралар ўтказилиши режалаштирилган.

Рубионинг таъкидлашича, учрашувда муҳокама қилинадиган яна бир муҳим масала Яқин Шарқдаги вазиятни барқарорлаштириш имкониятлари бўлади.

Мюнхен хавфсизлик конференцияси 14—16 февраль кунлари ўтказилади. Унда 60 га яқин давлат, 150 дан ортиқ вазир ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.

Украина бўйича Европанинг фикри ҳисобга олинади

Трамп маъмурияти Украина бўйича тинчлик режасини Европа иттифоқчилари билан мувофиқлаштирмоқда. Жумладан, АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Украинадаги можарони ҳал этиш бўйича ишлаб чиқилаётган режани вақтинча тўхтатиб турди.

The Daily Telegraph нашри манбаларига кўра, Вашингтон Европа иттифоқчиларининг фикрини ҳисобга олишни хоҳламоқда.

АҚШнинг Украина ва Россия бўйича махсус вакили Кит Келлог европалик дипломатлар билан учрашувда тинчлик режасини муҳокама қилишини ва НАТОга аъзо давлатлар раҳбарлари билан маслаҳатлашишини айтган. Унга кўра, Европа мамлакатлари тинчлик жараёнига қандай ҳисса қўша олиши ва музокаралар қайси шаклда ўтиши борасида фикрлар тингланади.

The Daily Telegraph таҳлилчиларининг фикрича, ушбу қадам Вашингтоннинг Европа давлатларини музокара жараёнидан четлатмасликка қаратилган ишонч жараёнининг бир қисми бўлиши мумкин.

Россия иқтисодиёти Путин кутганидан кўра заифроқ

Россия Украинадаги уруш учун катта ресурс сарфлаётганига қарамай, унинг иқтисодиёт ҳолати жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Bloomberg маълумотларига кўра, Кремл ҳам ички аудиторияни, ҳам Ғарбни ўз қўлида барча керакли имкониятлар борлигига ишонтиришга уринади. Бироқ таҳлилчилар бу фикрни ёлғон деб баҳоламоқда.

Марказий банк инфляцияга қарши чора сифатида асосий ставкани 21 фоизгача кўтарган. Бу эса инвестициялар ва аҳоли истеъмолининг пасайишига олиб келди. Айни пайтда Россия урушни давом эттириш учун ҳарбий саноатга кредитлар ажратмоқда, лекин бу маблағлар қарз миқдорини мисли кўрилмаган даражада оширган.

АҚШ молиявий таҳлилчиси Крейг Кеннеди ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилдан бери Россиядаги корпоратив қарз миқдори 70 фоизга ўсган. Бу эса иқтисодиётни дефолт хавфига олиб келиши мумкин. Демак, Путин урушни узоқ муддат давом эттириш имкониятига эга эмас.

Bloomberg таҳлилчилари фикрича, АҚШ ва Европа Россияга нисбатан иқтисодий босимни сусайтирмаслиги лозим. Акс ҳолда, Кремл музокараларда ўз позициясини мустаҳкамлаб олиши мумкин.

Санкцияларнинг Россия иқтисодиётига таъсири

АҚШнинг Россия нефтига нисбатан жорий қилган янги санкциялари рубл курсини тушириши ва яқин йилларда доллар қурбини 130 рублдан ошириши мумкин. Бу чекловлар Россия иқтисодиётига келгуси уч йил ичида 156 млрд доллар миқдорида зарар етказади.

Россия нефти ва нефт маҳсулотлари экспортига чекловлар жорий қилиниши туфайли 2025 йилда 47 млрд, 2026 йилда 57 млрд ва 2027 йилда 52 млрд доллар йўқотилиши кутилмоқда. Бу эса рубл қадрсизланишига олиб келиб, 2025 йилда доллар 108,3 рубл, 2026 йилда 124,9 рубл, 2027 йилда эса 132,2 рублгача кўтарилиши мумкин.

Экспертлар фикрига кўра, валюта курсининг тушиши инфляцияни тезлаштиради, реал даромадларни 0,9 фоизга камайтиради ва ички бозорда талабнинг пасайишига олиб келади. Россия банки асосий фоиз ставкаси 23 фоизга ошиши мумкинлигини ҳам ҳисобга олмоқда.

Гватемаладаги аварияда 51 киши ўлди

Гватемала пойтахтида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида камида 51 киши вафот этди.

Reuters хабарига кўра, ҳодиса 11 феврал куни эрталаб шаҳарнинг чекка ҳудудларидан биридаги энг серҳаракат магистралда юз берган.

Йўловчилар билан тўлган автобус Сан-Аугистин шаҳридан пойтахт Гватемалага келаётган бўлган. Маҳаллий ёнғин-қутқарув хизматлари маълумотларига кўра, шаҳарлараро қатновчи автобус кўприкдан йўл ёнидаги сув ҳавзасига қулаган.

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган суратларда автобуснинг ярми сувга ботгани ва атрофда жабрланганлар жасадлари ётгани кўриниб турибди. Ҳодиса юзасидан расмий тергов ишлари бошланган.

Гватемала шаҳар мэри Рикардо Кинёнес ҳодиса жойига қутқарув хизмати ва полиция жалб этилганини маълум қилди.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид