Мюнхенда хавфсизлик бўйича конференция бошланмоқда
Асосий мавзу — Россия-Украина урушини якунлаш. Зеленский Киевнинг музокаралардаги ягона «қизил чизиғи»ни айтди.

Фото: REUTERS
Германияда бугун мудофаа соҳаси муаммоларига бағишланган саммит — хавфсизлик бўйича 61-Мюнхен конференцияси бошланади. Россия-Украина уруши ва эҳтимолий тинчлик музокаралари тадбирдаги асосий мавзулардан бўлади.
Мюнхенда АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс, АҚШ давлат котиби Марко Рубио, АҚШ президенти Доналд Трампнинг Россия ва Украина бўйича махсус вакили Кит Келлог ҳамда Украина президенти Володимир Зеленский каби меҳмонлар бор. Биринчи куниёқ Зеленский Вэнс билан учрашув ўтказиши кутилганди, аммо учрашув Америка томони ташаббуси билан кейинга қолдирилди, уларга қўшимча ҳамкорлик меморандумини келишиш учун кўпроқ вақт талаб этилди.
Мюнхен конференциясидан олдинроқ Трамп РФ ва Украина президентлари Владимир Путин ва Володимир Зеленский билан қўнғироқлашиб, урушни якунлаш бўйича музокараларни бошлашга келишиб олинганини эълон қилганди. Худди шу вақтда Европага учиб келган Пентагон раҳбари Пит Ҳэгсет Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши ҳам, мамлакат халқаро тан олинган чегараларига қайтиши ҳам нореал мақсадлар эканини айтганди — бу шундай позиция илк бор юқори даражадаги расмий томонидан янграши бўлди. Бу Вашингтон ва Киевнинг Европадаги иттифоқчилари орасида хавотир уйғотди, чунки Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича уларнинг позицияси инобатга олинмаслиги мумкин.
Саммит олдидан журналист билан гаплашган Зеленский Трамп билан исталган вақтда учрашишга тайёрлигини айтди. Унинг таъкидлашича, у АҚШнинг Украинани НАТОга қабул қилишни истамаслигини тушунади ва бу масалани муҳокама қилишга ва агар Ғарб бошқа хавфсизлик кафолатларини тақдим этса, бундай қадамдан воз кечишга тайёр.
Шунингдек, Зеленский агар Украина НАТОга қўшилмаса, Европа билан биргаликда хавфсизлик тизимини ривожлантириши ва армия миқдорини икки баравар — бир ярим миллион кишигача ошириши зарурлигини айтди.
Украина президенти, шунингдек, Ғарбни Россиянинг эҳтимолий ҳужумига тайёргарлик кўришга чақирди. «Мен разведкадан олган маълумотларимга асосланиб, у келаси йили НАТО давлатлари билан урушга тайёрланмоқда, деб ҳисоблайман», — деди Зеленский Москва Беларус ҳудудида жойлаштириш учун 15 та дивизияни тайёрлаётгани ҳақидаги маълумотларни келтириб.
Эҳтимолий тинчлик музокараларидаги «қизил чизиқлар» ҳақидаги саволга жавоб бераркан, Зеленский фақат бир нарсани айтди: унинг сўзларига кўра, Киев босиб олинган ҳудудларини юридик жиҳатдан Россияга тегишли деб тан олмаслиги аниқ. «Бу аниқ қизил чизиқ, бу Конституцияда [белгилаб қўйилган]. Ва буни фақат Украина халқи ҳал қилиши мумкин», — деди у.
Украина президенти, шунингдек, конференциядан сўнг Саудия Арабистони ва Туркияга боришини айтди — бироқ бу ташрифлар доирасида Россия ёки АҚШ вакиллари билан ҳеч қандай учрашувлар кўзда тутилмаганини таъкидлади. Аввалроқ Саудия Арабистони Путин ва Трамп учрашувини ташкиллаштириши мумкин бўлган давлатлар қаторида тилга олинган эди.
Трамп бир кун аввал Мюнхенда Америка расмийлари Россия вакилларидан ташқари Украина вакиллари билан ҳам учрашишини айтганди. Бироқ конференция ташкилотчилари «Россия ҳукуматининг бирорта вакилини аккредитациядан ўтказмаганликлари»ни айтишди.
Мавзуга оид

12:45 / 10.03.2025
Германия темирйўл компанияси поездлар кечиккани учун 196,8 млн евро тўлади

10:27 / 10.03.2025
Германиянинг 13 та аэропортида иш ташлаш бошланди

23:28 / 08.03.2025
Германияда Мерц ва Шолц партиялари коалиция тузиш бўйича келишувга эришди

14:31 / 08.03.2025