Ҳақиқий сунъий йўлдош томон илк қадамлар – «UzCanSat» синов парвозларидан фоторепортаж
Тошкент вилоятидаги аэродромда «Ўзбеккосмос» агентлигининг «UzCanSat» лойиҳаси доирасида синов парвозлари бўлиб ўтди. Унда талабалар ўзлари ясаган кичик сунъий йўлдошларни дрон ёрдамида 1000 метргача олиб чиқиб, синовдан ўтказди. Ёш ўқувчилар учун эса пневма-гидро ракеталарни учириш имкони берилди. Kun.uz мухбири тадбирдан фоторепортаж тақдим этади.

Фото: Kun.uz
14 февраль куни Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги «Янги ҳаёт» очиқ учиш аэродромида «Ўзбеккосмос» агентлиги «UzCanSat» лойиҳаси навбатдаги синов парвозлари бўлиб ўтди.
Унда 200 дан ортиқ ўқувчилар ва талабалардан ташкил топган ёшлар жамоаси ўзлари яратган микро спутникларнинг реал парвозини дронлар ёрдамида амалга ошириб, 1000 метр баландликдан ҳаво ҳарорати, баландлик ва босим назорати каби бирламчи маълумотларни қабул қилиб олиш имкониятига эга бўлишди.
Маълумот учун, «CanSat» бу кичик консерва идиши ҳажмидаги мини сунъий йўлдош бўлиб, илк бор бу лойиҳа 1990 йили АҚШда, NASA ва Америка университетлари ҳамкорлигида ташкил этилиб, ёшларнинг космик миссияларда иштирок этиш кўникмасини оширишга қаратилган. Бугунга келиб эса «CanSat» учириш мусобақалари кўплаб хорижий давлатлар қатори Ўзбекистонда ҳам ўтказилмоқда.
«UzCanSat» лойиҳаси бу сафарги қатнашчилари қаторида ТАТУ, Транспорт университети, Ирригация университети, Янги Ўзбекистон Университети талабалари ва Sehriyo мактаби ўқувчиларидан иборат жамоалар қатнашди.
Гуруҳлар синовдан ўтказган парвозлар вақтида кичик типдаги сунъий йўлдошлари 650 метрдан 1000 метргача баландликда ишлади. Улар ушбу баландликда талаб қилинган кўрсаткич бўйича – ҳарорат, босим, расмга олиш, радиацияни ўлчаш ва ҳаво намлигини текшириш бўйича маълумотларни тақдим қилди.
«Бу конкурс ёшларимизга нима беради, деган савол туғилиши мумкин. Бизнинг ёшларимиз технократияга қизиқиши, улар космос соҳасида ўзларини топишлари учун «Ўзбеккосмос» агентлиги ўқувчилар ва университет талабаларига курслар ва тренинглар ташкил қилиб келяпти. Бу соҳадаги дастлабки билимларни амалда синаб кўришга имконият, десак ҳам бўлади.

Тасаввур қилинг, бизнинг ёшларимиз ўз қўллари билан сунъий йўлдошларни йиғишади. Сунъий йўлдошлар кўп турларга бўлинади. Бу турлар ичида расмга олувчилар бор, алоқага жавоб берувчилар бор. Бу «CanSat» худди ўша сунъий йўлдошнинг кичкина ва арзон варианти. Масалан, ҳақиқий Спутникда миллион долларлик камералар турса, бу ерда 2-3 долларлик камералар бор. Яъни бу ёшларимиз кичик қилинган сунъий йўлдошлар концепциясини ўрганиб чиқишди. Келажакда ёшларимиз катта сунъий йўлдошларни ишлаши, уни қандай ишлаб чиқилишини ҳам секин-аста тушуниб боради.
Бу кичик сунъий йўлдошни тайёрлаш харажатлари унчалик қиммат эмас, 500 мингдан 1 миллион сўмгача кетиши мумкин. Бу харажатларни талабаларнинг ўз университетлари қоплаб беришди. Уларни йиғиш учун эса «Ўзбеккосмос» агентлиги ходимлари томонидан 3-4 ой давомида офлайн ва онлайн дарслар бўлди, ёрдам бердик ва тушунтирдик. Шунча муддатда йиғилди. Бу каби лойиҳаларга қизиқувчи ёшларимиз учун махсус сайтимиз ишга тушган. Бу ерда бизнинг лойиҳаларимиз билан танишиш, шунингдек ариза қолдириши мумкин. Биз улар билан боғланамиз, лойиҳада қатнашиш бепул», — дейди «Ўзбеккосмос» агентлиги бўлим бошлиғи Ҳумоюн Раҳмонов.
Маълум қилинишича, «UzCanSat» дастурининг финал босқичи 2025 йил апрель ойида «Бутунжаҳон авиация ва космонавтика куни» доирасида ўтказилади.
Бундан ташқари, тадбир доирасида ёш ўқувчилар ўз қўллари билан тайёрланган пневма-гидро ракеталар учирув танлови ҳам бўлиб ўтди.
Расмлар муаллифи Фаррух Абсаттаров
Мавзуга оид

11:41 / 12.03.2025
Днипро дронларнинг йирик ҳужумига учради

15:03 / 04.03.2025
Дронлар Ростов областидаги нефт базасига ҳужум қилди

14:47 / 26.02.2025
Украина дронлари Туапседаги денгиз портига ҳужум қилди

22:15 / 24.02.2025