Жаҳон | 19:52 / 17.02.2025
9754
3 дақиқада ўқилади

Лавров АҚШ билан музокаралар учун Саудия Арабистонига учади

Зеленский Украина Ар-Риёддаги музокараларни тан олмаслигини билдирди.

Oleg Petrasiuk / Reuters / Scanpix / LETA

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков эртага, 18 феврал куни Саудия Арабистонида АҚШ вакиллари билан бўлиб ўтадиган учрашувда иштирок этади. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

Песковнинг айтишича, музокаралар «Россия-АҚШ муносабатларининг бутун комплексини тиклаш», шунингдек, «Украинадаги вазиятни тартибга солиш ва икки президент учрашувини ташкил этиш бўйича эҳтимолий музокараларни тайёрлаш»га бағишланади.

Bloomberg 15 феврал куни манбаларга таяниб, Саудия Арабистонида АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия президенти Владимир Путиннинг феврал ойи охирида бўлиб ўтиши мумкин бўлган эҳтимолий учрашуви муҳокама қилиниши ҳақида ёзган эди.

17 феврал тонгида Саудия Арабистонига АҚШ давлат котиби Марко Рубио учиб келди. Америка делегациясидан президентнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Майк Уолц ва Яқин Шарқ бўйича махсус вакил Стив Уиткофф ҳам ўрин олган.

Уиткофф ўтган ҳафтада Москвага ҳам борганди. Унинг сафарининг расмий мақсади Россияда гиёҳванд моддалар контрабандаси учун қамалган АҚШ фуқароси Марк Фогелни ватанга қайтариш эди. Фогел россиялик криптоҳакер Александр Винникка алмаштирилди. Fox News хабарига кўра, Уиткофф сафар давомида Путин билан учрашган.

Украина президенти Володимир Зеленский 16 феврал куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган учрашув ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтган ва АҚШ Киев билан олдиндан маслаҳатлашмасдан тинчлик келишувларини муҳокама қилишни режалаштираётганидан хавотир билдирганди. Politico нашри Украина расмийларига таяниб, Саудия Арабистонидаги музокаралар ҳақидаги хабар Украина учун кутилмаган воқеа бўлганини ёзган. Трамп 16 феврал куни кечқурун Зеленский музокараларга жалб қилинишини маълум қилди — бироқ айнан қандай йўл билан эканига аниқлик киритмади.

17 феврал куни Зеленский РФ ва АҚШ вакиллари Ар-Риёдда учрашиши тўғрисидаги хабарга муносабат билдириб, Украина ҳукумати бу музокараларни тан олиш ниятида эмаслигини маълум қилди. «Украина иштирок этмайди. Украинага бу ҳақида хабардор қилинмаган. Украина ўз иштирокисиз ўтказиладиган ҳар қандай музокараларни натижасиз деб ҳисоблайди. Ва биз, бизнинг иштирокимизсиз Украина борасида эришилган ҳар қандай нарсалар ёки шартномаларни тан ололмаймиз. Биз бундай келишувларни тан олмаймиз», — дейди Зеленский.

Украина президенти бўлажак музокаралар «икки томонлама аҳамиятга» эгалиги, Москва ва Вашингтон «агар уларда икки томонлама масалалар бўлсагина бунга ҳақли» эканини таъкидлаган.

Айни вақтда Зеленский расмий ташриф билан Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб турибди. 18 феврал куни Украина президенти Саудия Арабистонига йўл олади. Зеленскийнинг сўзларига кўра, унинг Ар-Риёдга сафари «Саудия Арабистонида Қўшма Штатлар ва Россия вакиллари даражасида содир бўлаётган воқеаларга умуман алоқадор эмас».

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид