Жаҳон | 18:02 / 19.02.2025
24202
6 дақиқада ўқилади

«Худди параддагидек боришган». Курск областида Россия танк колоннаси яксон этилиши z-блогерларни ғазаблантирмоқда

Россиянинг қизил байроқлар остидаги танкларининг Курск областидаги муваффақиятсиз ҳужуми ҳарбий соҳага ихтисослашган пабликларда кескин норозилик уйғотди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Россия зирҳли танклари колоннаси Украина қуролли кучлари назорати остидаги Суджа шаҳри шимолидаги Николский посёлкаси ҳудудида тор-мор этилгани акс этган кадрлар ижтимоий тармоқларда 16 феврал куни пайдо бўлди.

«Ҳозир Николский атрофида шунчаки ****** рўй бермоқда. 155-бригаданинг қизил байроқлар остидаги колоннаси худди параддаги каби миналанган йўл бўйлаб [украин] дронлари тўдаланиб турган жойга қараб йўл олди!!! Кўзларингизни ишқаламанг, биз барчасини тўғри ёздик — айнан Ғалаба қизил байроқлари билан ва айнан миналанган йўл бўйлаб», — дея ёзган «Северний канал» телеграм-канали.

Кадрларда дронларга қарши тўрлар ўрнатилган Россия танклари ва зирҳли транспортёрлари қорли дала бўйлаб ҳаракатланиб, бирин-кетин портлаб кетаётганини кўриш мумкин.

«Аввалига бу хабарга шубҳа билан қарадим. Кейин жойлардаги танишларидан суриштирдим, ҳаммаси тасдиқланди. Чиндан ҳам, ақлдан озган бобойлар Ғалаба байроқларини техникага ўрнатишга мажбур қилишган, шундан сўнг колоннани тўғридан тўғри Курск областидаги минглаб FPV-дронлари зарбалари остида миналанган майдонга жўнатишган», — дея ёзган Z-блогер Alex Parker Returns.

«Машиналарнинг бир қисми зарбага учраган ва десант шошилинч тарзда ортга қайтишга мажбур бўлган. Колоннанинг омон қолган қисми эса бироз узоқроққа борган, бироқ охир-оқибат улар ҳам сезиларли даражада илгарилай олмаган ва техникалар бой берилган», — дея тан олади «Военний осведомител» телеграм-канали.

Z-блогерларга кўра, Россия танк ҳужумидан олдин шимолий кореялик пиёдалар ҳужум уюштирган.

«Северний канал» телеграм-каналига кўра, режа «паузали иккита тўлқин билан ҳужум қилиш»дан иборат бўлган бўлиши мумкин: биринчи тўлқин Украина мудофаасини ҳолдан тойдириши керак эди, 155-бригаданинг иккинчи колоннасига эса, афтидан, шимолий кореялик ҳарбийлар ёрдамида бўшлиқни ёриб ўтиш топширилган.

Видеоларда Россия зирҳли техникаларидан ташқари қорда эмаклаётган пиёдалар ҳам дронлар томонидан йўқ қилингани акс этган.

Ва бу шу каби биринчи ҳолат эмасди.

«Бир неча ой олдин 810-[бригада] ҳам худди шу тарзда Погребки яқинида миналарга тушиб қолганди. Наҳотки ўша йўқотишлар ҳеч кимни ҳеч нарсага ўргатмаган бўлса?» — дея аччиқланади «Северний канал» муаллифи.

Украинлар нима демоқда?

Воқеалар иштирокчиси, DroneBomber телеграм-каналини юритувчи украин ҳарбийсига кўра, Украина қуролли кучлари бир неча кун олдин Россиянинг 155-бригадаси ҳужумга ўтмоқчилигидан хабардор бўлган, аммо амалиёт қандайдир сабабларга кўра кечиктирилган. Ҳужум бошланганида эса украинлар мудофаага шай ҳолатда эди.

«155-командирлари йўллар миналаштирилмагани, шундай экан бемалол ҳаракатланиш мумкинлиги ҳақида ҳисобот беришган. Колонна радиоэлектрон кураш воситалари билан ҳимояланган, аммо у жуда ёмон ишлаган. Биз оптик толали дронлар билан ҳам, айрим сирлари бўлган оддий FPV-дронлар билан ҳам ишладик», — дея ёзган у.

Украиналик ҳарбий шарҳловчи Сергей Морфиновнинг сўзларига кўра, мудофаа учун муҳандислик тайёргарлик омили — айниқса мина тўсиқлари жуда самарали бўлган, унинг маълумотларига кўра, миналар масофадан, шу жумладан оғир дронлар ёрдамида ўрнатилган.

«Шунинг учун „бронетехника дронларга қарши“ рақобатида яна иккинчиси ғалаба қозонди. Бу қарама-қаршилик бундан кейин ҳам замонавий урушнинг асосий тенденцияларидан бири ва ҳарбий муҳандислар учун энг янги „қуролланиш пойгаси“ бўлиб қолади», — дейди Морфинов.

Украин дронида Россия зирҳли техникасига зарба олдидан олинган кадр

Қўққисдан ҳужум қилиш ва соддалик омили

BBC рус хизмати ҳарбий шарҳловчиси Иля Абишев:

Россия-Украина уруши шароитида томонларнинг ҳеч бири жанг майдонида ҳал қилувчи устунликка эришишнинг самарали усулларига эга эмас.

Бу биринчи навбатда ҳужумга ўтилганда ўт очиб қўллаб-қувватлаш воситаларидан ёппасига фойдаланиш ва ўт очишнинг юқори зичлигини яратишнинг имкони йўқлиги билан боғлиқ.

Артиллерия заиф — батареяга қарши кураш воситалари, худди шундай 40 км ва ундан ортиқ радиусли зарба берувчи дронлар уни тезда зарарсизлантиришга қодир.

Жанговар авиация билан вазият ҳам тахминан шундай — душман мудофаа чизиғини ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари билан қоплагани туфайли учоқлар узоқ масофадан ҳаракат қилишга мажбур бўлади, бу эса унинг самарадорлигини сезиларли даражада пасайтиради.

Аслида, сўнгги бир-бир ярим йил ичида ҳужум ҳаракатлари икки усулда олиб борилмоқда: ёки кичик пиёда гуруҳларининг сездирмасдан кириб бориши ҳамда мустаҳкам ўрнашиши ва сон жиҳатдан кучайтирилиши ёки душманнинг ўт очиш назорати остида бўлган жанговар позициялар олдидаги фронт зонасини тезда енгиб ўтишга уриниш.

Бунинг учун мавжуд ҳар қандай транспорт воситалари — мотоцикллар, баггилар, фуқаролик автомобиллари, шунингдек, штатдаги зирҳли транспорт воситаларидан фойдаланиш мумкин.

Иккала вариантда ҳам қўққисдан ҳужум қилиш омили ҳал қилувчи аҳамиятга эга, аммо иккинчи ҳолатда унга эришиш қийин.

Жанг майдони кеча-ю кундуз назорат қилинади, душман ўнлаб техникаларнинг олдинга силжишини ўз вақтида пайқамаслигига ва уларга қўлидаги барча воситалар билан зарба бермаслигидан умид қилиш ўтакетган соддалик бўлади. Айниқса, ҳужум куппа-кундузи байрамона қизил байроқлар остида амалга оширилганида.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид