Жаҳон | 13:33 / 21.02.2025
4261
9 дақиқада ўқилади

Саудияда Ғазо бўйича саммит, «агрессор» жумласидан воз кечган АҚШ ва G7ʼдан Россия нефтига чекловлар — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

ҲАМАС Исроилга тўрт жасадни топширди

ҲАМАС гуруҳи Исроилга тўрт нафар гаровга олинган шахс жасадларини топширди. Улар орасида 7 октябр ҳужумларидан сўнг бедарак йўқолган Шири Бибас ва унинг икки фарзанди ҳам бор бўлиши мумкин.

ҲАМАС яҳудий она ва унинг болалари Исроил ҳаво ҳужумлари натижасида ҳалок бўлганини даъво қилмоқда.

Исроил расмийлари ДНК таҳлилидан сўнг шахсини расман тасдиқлайди. Исроилда идентификация жараёни бир неча кун давом этиши мумкин. Тел-Авивдаги «Гаровга олинганлар майдони»да одамлар Бибас оиласи ва бошқа қурбонларнинг суратларини экранлар орқали томоша қилди.

Сўнгги ҳафталарда ҲАМАС 24 нафар гаровдагиларни озод қилган эди. Аммо жасадлар топширилиши ҳали ҳам кўплаб гаровдагиларнинг тақдири ноаниқлигини кўрсатмоқда.

Саудияда Ғазо масаласида саммит

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон Кўрфаз давлатлари, Миср ва Иордания раҳбарларини Ғазо масаласида норасмий учрашувга таклиф қилди. Йиғилиш жума куни Ар-Риёдда бўлиб ўтади.

Араб давлатлари АҚШ президенти Доналд Трамп таклиф қилган режага қарши муқобил режа ишлаб чиқмоқда. Трамп Ғазони халқаро курортга айлантириш ва фаластинликларни бошқа мамлакатларга кўчиришни таклиф қилган эди.

Учрашув 4 март куни Мисрда ўтказиладиган Араб давлатлари лигаси саммити олдидан позицияларни мувофиқлаштириш учун ташкил этилаётгани айтилмоқда.

Трамп аввалроқ Миср ва Иорданиядан Ғазо аҳолисини қабул қилишни сўраган, лекин икки давлат бу таклифни рад этган. Кейинроқ Қоҳира ва Аммон ўз режасини тақдим қилиб, Вашингтонни фаластинликларни мажбурий кўчириш ғоясидан воз кечишга кўндирган.

Евроиттифоқ Сурияга қарши санкцияларни юмшатади

Европа Иттифоқи Сурияга қарши санкцияларни энергетика, транспорт ва қайта тиклаш соҳаларида вақтинчалик бекор қилишни режалаштирмоқда. Reuters маълумотига кўра, ЕИ молия ва банк операцияларига ҳам рухсат беришни кўриб чиқмоқда.

ЕИ ташқи ишлар вазирлари 24 феврал куни Брюсселда Сурия масаласини муҳокама қиладилар. ЕИ санкцияларни бекор қилиш жараёнини босқичма-босқич баҳолаб боради. Чораларнинг муддати вазият таҳлилига боғлиқ бўлади.

Сурияга қарши санкциялар 2011 йилда, Башар Асад ҳукуматига қарши норозилик намойишларининг босими остида жорий этилган эди.

Суриянинг янги ҳукумати санкцияларни бекор қилишни талаб қилиб келмоқда. Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Сурияда электр, сув таъминоти ва инфратузилмани тиклашда ЕИ ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.

Трамп Украинанинг қайсарлигига тоқат қилмайди

АҚШ президенти Доналд Трамп Украина мустақил сиёсат юритишига тоқат қилмаслигини билдирди. Унинг маслаҳатчиси Майк Уолтц Киевни Америка манфаатларига зид ҳаракатларда айблади. Унга кўра, Украина 500 млрд доллар қийматдаги табиий ресурсларни АҚШ компанияларига «бепул беришдан» бош тортган.

Вашингтон талаб қилаётган келишувга кўра, АҚШ компаниялари Украинадаги ноёб металлар, нефть ва газга чексиз кириш ҳуқуқига эга бўлиши керак эди. Киевнинг рад жавобини Уолтц «тушунарсиз қаршилик» деб баҳолади. Унга кўра, бу келишув Украина келажагига инвестиция бўлиши керак эди.

Президент Володимир Зеленский бу шартларга рози эмас. Унинг таъкидлашича, АҚШ Украинага жами 63 миллиард доллар ёрдам берган, аммо 500 миллиард долларлик ресурсларни талаб қилмоқда.

Трамп Зеленскийни кескин танқид қилиб, уни урушни сунъий равишда чўзишда айбламоқда. Америка президентининг фикрича, Украина урушдан молиявий фойда олишни мақсад қилган ва тинчлик келишувини орқага сурмоқда.

АҚШ Россияни «агрессор» демасликка чақирди

АҚШ G7’нинг Украинадаги урушга оид баёнотида Россияни «агрессор» деб аташга қарши чиқди. Financial Times хабарига кўра, Вашингтон 2022 йилдан бери қўлланиб келаётган шундай ибораларга ҳам норозилик билдирмоқда. Бу АҚШ сиёсатининг Украина можаросини юмшатилган тарзда талқин қилишга ўтаётганини кўрсатади.

Трамп маъмурияти можарони «Россия тажовузи» деб аташ ўрнига, «Украина можароси» терминини ишлатишни маъқул кўрмоқда. АҚШ Давлат департаментининг сўнгги баёнотларида ҳам ана шундай атамалар учрамоқда. Масалан, давлат котиби Марко Рубио ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўртасидаги музокаралар ҳақидаги ҳужжатда «Украина можароси» атамаси икки марта қайд этилган.

Буданов: Йил сўнгигача оташкесимга эришилади

Украина Мудофаа вазирлигига қарашли Бош разведка бошқармаси раҳбари Кирилл Буданов 2025 йил охиригача жанговар ҳаракатлар тўхтатилиши мумкинлиги ҳақида баёнот берди.

Будановнинг фикрича, ҳар икки томоннинг позицияси бир-бирига мутлақо қарама-қарши, аммо барча асосий омиллар ўт очишни тўхтатишга олиб келиши мумкин. У бундай келишувнинг узоқ давом этиши ёки самарали бўлиши номаълумлигини таъкидлади.

Буданов халқаро кафолатлар бўйича шубҳаларини билдириб, тинчликпарвар кучлар жойлаштирилиши иш бермаслигини айтди. Унинг фикрича, НАТО ҳам ишончли хавфсизлик механизми сифатида мураккабликларга дуч келмоқда.

Украина НАТОга «автоматик» қўшилади?

Агар Россия имзоланажак тинчлик келишувини бузса, АҚШ Украинага хавфсизлик кафолати сифатида автоматик равишда НАТОга қўшилиш имкониятини таклиф қилиши мумкин. Вашингтон буни тинчликка эришиш бўйича келишув доирасидаги вариантлардан бири сифатида кўриб чиқмоқда.

Бу таклиф Киев ва Брюсселнинг Россия вақтинчалик тинчликдан фойдаланиб, қайта ҳужум уюштиришидан хавотирларини бартараф этишга қаратилган.

NBC News’га кўра, бу масала Украинадаги ноёб металлар келишуви билан боғлиқ. АҚШ молия вазири Скотт Бессент Киевда Владимир Зеленский билан учрашиб, мазкур келишувни муҳокама қилган. Украина президенти эса НАТО кафолатлари бўлмаса, ҳужжатни имзолашдан бош тортганди.

G7ʼдан Россия нефтига чекловлар

G7 давлатлари Россия нефти нархига жорий этилган чекловни қайта кўриб чиқмоқчи. Bloomberg маълумотига кўра, 2022 йил декабрда жорий этилган бир баррелига 60 долларлик чекловни пасайтириш таклифи кўриб чиқилмоқда. Ғарб давлатлари бундан мақсад Москва даромадларини қисқартириш ва уруш харажатларини оғирлаштириш эканини таъкидламоқда.

Бироқ катта еттилик давлатлари орасида ҳозирча бу чекловларни қўллаш борасида ҳамжиҳатлик йўқ. Ҳужжат муҳокамалар жараёнида ўзгариши мумкин, хусусан, Доналд Трамп бу режага тўсиқ бўлиши мумкин.

Ҳолбуки, январ ойида Трамп Саудия Арабистони ва OPECʼдан нефть нархини туширишни талаб қилган, аммо ҳозиргача ҳеч қандай ҳаракат қилмаган. Bloomberg маълумотига кўра, Брюссел ва Трамп жамоаси нефть нархи чегарасини 45 долларга туширишни муҳокама қилмоқда, Украина эса 30 долларгача пасайтиришни талаб қилмоқда.

Американи Илон Маск бошқаряптими?

Америкадаги Квиннипиак университети томонидан ўтказилган сўровга кўра, 55 фоиз сайловчилар Илон Маск АҚШда жуда катта таъсирга эга, деб ҳисоблайди. 36 фоиз одамлар унинг ҳукуматдаги роли етарли, деб топган.

Сиёсий партияларга боғлиқ қарашлар кескин фарқ қилади: демократларнинг 96 фоизи ва мустақил сайловчиларнинг 56 фоизи Маск ҳаддан ташқари катта таъсирга эга, деб ҳисоблайди. Республикачиларнинг 78 фоизи Маскнинг ҳукуматидаги ролини қўллаб-қувватлайди.

Президент Трамп Илон Маскни Пентагонда кенг кўламли аудит ўтказиш учун масъул этиб тайинлади. Маск «миллиардлаб доллар коррупция ва ноқонуний ишлатилган маблағлар»ни аниқлаб топишни ваъда қилган.

Бундан ташқари, Маск федерал давлат ходимларини қисқартириш ташаббусини бошқармоқда.

Бу орада АҚШ президенти Доналд Трампга бўлган ишонч пасайиб бораётгани ҳам маълум қилинди. Reuters/Ipsos ўтказган сўровга кўра, Трампнинг фаолиятини қўллаб-қувватловчи америкаликлар улуши 44 фоизга тушган, ундан норозилар сони эса 51 фоизни ташкил этмоқда. Ҳолбуки, январда бу кўрсаткич 45 фоиз эди.

Тадқиқот натижаларига кўра, америкаликларнинг 54 фоизи хорижий маҳсулотларга божлар оширилишига қарши. Трампнинг иқтисодий сиёсати бўйича ишонч даражаси 39 фоизга тушган. Сўровда қатнашганларнинг 53 фоизи АҚШ иқтисодиёти нотўғри йўналишда кетмоқда, деб ҳисоблайди.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид