Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Берлин Россиянинг Германиядаги дезинформация кампанияси ҳақида огоҳлантирди
Интернетда Бундестаг сайловларида почта орқали овоз бериш натижалари ГуМ зарарига сохталаштирилаётгани ҳақида бир қанча фейк видеолар пайдо бўлди.
Германия Ички ишлар вазирлиги муддатидан олдин Бундестаг сайловлари арафасида Россия томонидан олиб борилаётган дезинформацион кампанияларни кузатмоқда. 21 феврал, жума куни Берлинда журналистларга Германия Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Максимилиан Кал: «Биз Бундестаг сайловларига атайлаб таъсир ўтказилмоқда, деб тахмин қилишга мажбурмиз» деди.
Бундай мақсадли дезинформацияга мисол сифатида Кал сўнгги кунларда Лейпциг ва Ҳамбургда тарқатилган иккита сохта видеони келтирди. Уларда айтилишича, почта орқали овоз бериш натижалари ўта ўнг «Германия учун муқобил» (ГуМ) партияси манфаатларига зиён етказиш мақсадида сохталаштирилмоқда.
Видеолардан бирида Лейпцигда ГуМ бўлмаган сохта сайлов бюллетенлари кўрсатилган. Яна бир даъвога кўра, агар овоз ГуМ учун берилган бўлса, Ҳамбургда тўлдирилган почта бюллетенлари очилган ва майдаланган. Маҳаллий сайлов органлари ушбу видеоларнинг мазмуни дезинформация эканлигини тезда аниқладилар, деди Германия Ички ишлар вазирлиги вакили.
Германия ҳуқуқ-тартибот идоралари бу кампанияни Storm-1516 билан боғлади
Ички ишлар вазирлиги бу сохта видеоларни Россия махсус хизматларига алоқадор бўлган Storm-1516 тарғибот гуруҳи тарқатган деб ҳисоблайди. У аввалроқ ижтимоий тармоқлар ва турли веб-сайтлардаги аноним аккаунтлари орқали россияпараст тарғибот олиб борганида Германия ҳуқуқ-тартибот идоралари эътиборига тушган эди, деб ёзади Der Spiegel.
Microsoft таҳлилчилари Storm-1516'ни 2024 йилги АҚШ президентлик сайловларига аралашиш қисми сифатида тилга олди. Гуруҳ Демократик партия ҳақида бир неча бор сохта хабарлар чоп этган. Microsoft мутахассисларининг фикрича, Storm-1516 штаб-квартираси Санкт-Петербургда жойлашган бўлиб, унинг айрим ходимлари аввалроқ Евгений Пригожин томонидан яратилган «троллар фабрикаси» фаолиятида иштирок этган.
Калнинг сўзларига кўра, бундай операциялардан мақсад «демократияга ишончни сусайтириш ва сайлов жараёнининг яхлитлигига путур етказиш»дир. Бироқ, ҳозирча дезинформацион кампаниялар «кенг қамровга» эга эмас ва расмийлар келажакда бундай ҳодисаларнинг олдини олиш учун чоралар кўрмоқда.
Мавзуга оид
13:59 / 28.05.2025
Германия расмийлари Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини танқид қилди
11:22 / 28.05.2025
Германиядаги қочқинлар сони 3,5 миллион кишига етди
12:20 / 27.05.2025
Германия канцлери Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини танқид қилди
23:34 / 26.05.2025