Британия бош вазири ҳарбий харажатлар оширилишини эълон қилди ва Трамп билан учрашувга йўл олди

Фото: PA MEDIA
Буюк Британия бош вазири Кир Стармер жаҳон сиёсатида сўнгги пайтлардаги ўзгаришларга муносабат билдириб, сешанба куни мамлакатнинг ҳарбий харажатлари келгуси икки йил ичида ялпи ички маҳсулотнинг 2,6 фоизигача оширилишини эълон қилди. BBC дипломатик шарҳловчисининг таъкидлашича, кўпчилик ҳозирги вазиятда ҳарбий харажатларни ЯИМнинг атиги 0,3 фоизига ошириш жуда қатъиятсиз қадам деб ҳисоблайди.
Жамоалар палатасида нутқ сўзлаган Кир Стармер Британиянинг ҳарбий харажатлари 2027 йилга бориб йилига 13,4 миллиард фунтга ёки ялпи ички маҳсулотнинг 2,6 фоизигача ўсишини эълон қилди — бунда махсус хизматларнинг ҳарбий харажатлари ҳам ҳисобга олинади.
Ўтган йили Британия қуролли кучларга 53,9 млрд фунт (75 млрд доллар) сарфлаган.
Шу билан бирга, Стармер ҳукумати хориждаги гуманитар ёрдам харажатларини қисқартиради ва бу пулларни армия ва флотга йўналтиради.
Яқин-яқингача Кир Стармер ва унинг ҳукумати кейинги парламент сайловларигача, яъни 2029 йилгача ҳарбий харажатларни ЯИМнинг 2,5 фоизигача оширишга ваъда бераётганди. Аммо сўнгги ҳафталарда жаҳон сиёсатидаги шиддатли воқеалар, биринчи навбатда, АҚШ президенти Доналд Трампнинг Украина мавзусидаги баёнотлари Стармерни режаларини ўзгартиришга мажбур қилди.
Чоршанба куни Британия бош вазири Вашингтонга учади. Унинг янги режалари Доналд Трампда таассурот қолдирадими ёки йўқми, буниси номаълум: Трамп яқинда НАТОнинг Европадаги аъзолари мудофаага ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизидан кўпроқ маблағ сарфлаши кераклигини айтганди.
АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет Стармернинг қарорини маъқуллаб, уни «ишончли ҳамкорнинг кучли қадами» деб атади.
Ҳозирча НАТОда 2 фоизлик меъёр ўз кучида қолмоқда, аммо алянс бош котиби ҳам, баъзи Шарқий Европа давлатлари раҳбарлари ҳам Россияни тийиб туриш учун камида 3 фоиз сарфлаш кераклигини айтишмоқда.
Кир Стармер сешанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида НАТОнинг Европадаги барча аъзоларини ҳарбий харажатларни оширишга чақирди ва Британия кейинги сайловлардан кейин уларни ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизигача оширишга ваъда берди.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, ҳарбий маблағлар режасини сайловолди ваъдаларига нисбатан ялпи ички маҳсулотнинг 0,1 фоизига оширишга уни кириб келган «хавфли давр»да мамлакат дуч келган «жиддий таҳдидлар» мажбур қилган.
Трампнинг баёнотлари унга таъсир қилмадими, деган саволга Стармер «мамлакат дуч келган вазиятни баҳолашга асосланиб», мустақил равишда қарор қабул қилганини айтди. Шу билан бирга, бош вазир сўнгги ҳафталардаги воқеалар уни шошилтирганини тан олди.
Лондон Қироллик мудофаа тадқиқотлари институти (RUSI) директори ўринбосари Малколм Чалмерснинг BBC’га айтишича, Буюк Британия ва Европанинг бошқа давлатларининг бундай қарорлари Трамп маъмуриятининг асосий эътиборни Хитой билан қарама-қаршиликка қаратиш ниятини ўзгартирмайди.
«Реаллик шундайки, биз мудофаа борасида нима қилсак ҳам, АҚШ барибир бошқа томонга бурилади, у энди ярим асрдан кўпроқ вақт давомида ўйнаган Европа хавфсизлигини таъминлашдаги етакчи ролини ўйнамайди», — деди Чалмерс.
Шунга қарамай, BBC дипломатик шарҳловчиси Жеймс Ландейлнинг фикрича, Стармернинг баёноти Трампнинг сайланиши билан юзага келган геосиёсий таҳдидларга тарихий миқёсдаги реакция эмас, балки Вашингтонга ташрифдан олдинги тактик ҳаракатга ўхшайди.
«Европалик дипломатлар менга Британиянинг мудофаа ҳақидаги баёноти уларга таъсир қилмагани, бу [харажатларнинг бу миқдордаги оширилиши] вазиятга таъсир қилиш учун етарлича катта эмаслигини айтишди. Уларнинг айтишича, Британия тез орада ўз кучларини керакли даражага кўтариш имкониятига эга бўлиш учун миллий бойликнинг камида 3 фоизини сарфлашни бошлаши керак», — деб ёзади Жеймс Ландейл.
Унинг қайд этишича, ҳарбий харажатларнинг бундай ўсиши учун гуманитар ёрдам харажатларини камайтириш етарли бўлмайди — ижтимоий нафақалар, соғлиқни сақлаш ва таълим каби моддаларга ҳам ҳаракат қилиш керак бўлади. Бунга, яъни урушдан кейинги Европа «ижтимоий давлат» моделини ислоҳ қилишга ҳозирча европалик сиёсатчиларнинг фақат жуда озчилик қисмигина тайёр.
Малколм Чалмерснинг сўзларига кўра, Стармер томонидан эълон қилинган маблағларнинг оширилиши Британия қуролли кучларига фақат айрим дастурларни молиялаштирмаслик туфайли юзага келган бўшлиқларни тўлдириш ва Украинадаги уруш туфайли камайиб кетган ўқ-дорилар захираларини тўлдириш имконини беради.
Харажатларни ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизигача ошириш, Чалмерснинг ҳисоб-китобларига кўра, армияни модернизация қилиш ва унинг жанговар қобилиятини ошириш имконини беради.
Лондон Қироллик коллежининг ҳарбий тадқиқотлар бўлими илмий ходими доктор Саймон Энглимнинг фикрича, агар Британия Россияни жиловлай оладиган қуролли кучларга эга бўлишни истаса, 2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизи —харажатларнинг энг мақбул даражасидир.
Агар АҚШ Европани ҳарбий қўллаб-қувватлашни тўхтатишга қарор қилса, доктор Энглимнинг сўзларига кўра, Британия уч фоиздан кўпроқ маблағ сарфлаши ҳақида ҳам ўйлаб кўриши керак бўлади.
Мавзуга оид

22:24 / 12.03.2025
Кремль Путин ва Трамп учрашуви эҳтимолини муҳокама қилмоқда – ОАВ

00:42 / 12.03.2025
АҚШ ва Украина молия вазирлари даражасида нодир металлар бўйича битимни келишиб олди

20:53 / 11.03.2025
Трамп Канададан пўлат ва алюминий импортига 50 фоизгача қўшимча божлар жорий этади

19:53 / 11.03.2025