Жаҳон | 12:08 / 28.02.2025
10459
14 дақиқада ўқилади

«Трамп Путиндек фикрламоқда»: либерал жаҳон тартиби тугадими?

Фото: eastbaytimes.com

Сўнгги уч йил давомида АҚШ ва унинг иттифоқчилари Россияни халқаро изоляцияга туширишга уринди, уни халқаро ҳуқуқ ва либерал жаҳон тартиби асосларини бузганликда айблади. Бироқ Доналд Трамп Москва билан муносабатларни тикламоқда ва Россияни тажовузкор, Украина эса агрессия қурбони деб аташдан бош тортмоқда. BBC халқаро муносабатлар бўйича мутахассислардан айни вазият 1990-йилларда шаклланган жаҳон тизими тугаётганини англатиши ёки йўқлигини сўраб чиқди.

 Либерал гегемония даври

2023 йил феврал ойида Варшавадаги Қироллик саройи олдида нутқ сўзлар экан, АҚШ президенти Жо Байден Украинадаги урушни «эркинлик учун буюк кураш» деб атаганди. У бу қоидаларга асосланган тартиб ва фақат кучга таяниб ишлайдиган тартиб ўртасида кечаётган кураш эканини таъкидлаганди.

Украинага қарши кенг кўламли босқинни бошлаган Россия нафақат кўплаб давлатлар кўзида халқаро ҳуқуқни бузди. У шу билан бирга, АҚШ етакчилиги остида шаклланган халқаро тартиб қоидаларига ҳам қарши чиқди.

Либерал жаҳон тартиби (шунингдек, у «қоидаларга асосланган жаҳон тартиби» — rules-based order деб ҳам аталади) давлатлар ўртасидаги муносабатларни мажбуриятлар, принциплар ва нормаларга асослаб шаклланган тизимдир. Унинг пойдевори халқаро ҳуқуқ ва халқаро институтлардан, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ), унинг Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгашидан иборат.

БМТ Низоми давлатлар ўртасидаги асосий қоидаларни белгилайди: ҳудудий яхлитлик ва суверенитетга ҳурмат, низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш ва куч ишлатишдан воз кечиш. Шунингдек, у инсон ҳуқуқларига ҳурматни ҳам ўз ичига олади. Бу шартнома иштирокчилари БМТга аъзо бўлган 193 давлатдир.

Бироқ, либерал жаҳон тартиби маълум бир қадриятлар тўпламини ҳам назарда тутади, масалан, эркин савдо ва қўшимча институтлар, жумладан, Жаҳон савдо ташкилоти, Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки.

Шу билан бирга, бу тартиб ғоявий асосга ҳам эга бўлиб, унга кўра, Ғарб либерал демократияси энг мукаммал бошқарув шакли эканини назарда тутади.

Либерал жаҳон тартибининг энг юқори чўққиси 1990-йилларга тўғри келди. Совуқ уруш якунланганидан сўнг, уч қитъадаги ўнлаб давлатлар иқтисодиётда бозор ислоҳотларини ўтказа бошлади ва камида қоғозда демократик ислоҳотларни эълон қилди.

Уларнинг кўпчилиги либерал қадриятларга фақатгина сўзда амал қиларди. Шунга қарамай, кўплаб ривожланаётган мамлакатлар глобал бозорларга кириш имконияти орқали бойиган эди — ялпи ички маҳсулоти ўн йил давомида ўртача 9 фоиздан ўсган Хитойдан тортиб Ирландия, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Аргентина, Чили ва бошқа давлатларгача.

Кўплаб мураккаб ва қонли низолар тугаши ҳам шу даврга тўғри келди — Баск айирмачилари ва Испания ҳукумати ўртасидаги ярим асрлик тўқнашув, Шимолий Ирландиядаги ўттиз йиллик можаро, Эритреянинг мустақиллиги учун олиб борилган ўттиз йиллик уруши, Ливандаги ўн беш йиллик фуқаролик уруши ва бошқалар. Ушбу низоларнинг кўпчилиги бевосита ёки билвосита совуқ уруш даврида АҚШ ва СССР ўртасидаги қарама-қаршилик билан боғлиқ эди.

Совуқ уруш якунланганидан кейин дунёда фақат битта барқудрат давлат қолди — АҚШ. Бу эса уни халқаро можароларда воситачи сифатида ҳаракат қилиш имконини берди. 1990 йилдан 2015 йилгача дунё бўйлаб 1100 дан ортиқ тинчлик шартномалари имзоланди.

Жо Байден аниқ приципларга асосланган ташқи сиёсатни ваъда қилганди, бироқ иккиюзламачиликда айбланди. Фото: Reuters

Халқаро ҳуқуқни бузиш ҳолати БМТ Бош Ассамблеясининг резолюцияси ёки БМТ Халқаро суди қарори орқали расмий тарзда қайд этилиши мумкин. Шундан сўнг, БМТ Хавфсизлик Кенгаши иқтисодий санкциялар жорий қилиш ёки ҳатто ҳарбий куч ишлатиш ҳақида қарор қабул қилади.

Лекин реалликда, санкциялар ва ҳарбий интервенциялар БМТ мандатисиз ҳам қўлланади — бу амалиётни Россия кўп йиллардан бери танқид қилиб келади.

2007 йилда Мюнхенда ўтказилган Хавфсизлик анжуманида нутқ сўзлаган Россия президенти Владимир Путин қуйидагиларни баён этган эди: «Куч ишлатишни легитим деб ҳисоблаш мумкин, фақат БМТ доирасида ва унинг қарори асосида. БМТ ўрнига НАТО ёки Европа Иттифоқини қўйиш керак эмас».

Бироқ 2014 йилдан бери Путиннинг ўзи БМТ санкциясисиз куч ишлатиб келмоқда. Ғарб нуқтайи назаридан қараганда, айнан Россиянинг Украинага қарши тажовузи совуқ уруш тугаганидан буён халқаро тартиб-қоидаларнинг энг даҳшатли бузилиши бўлди.

«Либерал жаҳон тартибининг учта асосий тамойили бузилди. Биринчиси — куч ишлатиб ҳудудий чегараларни ўзгартиришга йўл қўйилмаслиги. Иккинчиси — фуқаролардан иборат тинч аҳолига қарши уруш воситаси сифатида куч ишлатилиши мумкин эмаслиги. Учинчиси — ядровий қуролдан фойдаланиш билан таҳдид қилиш мумкин эмаслиги. Путин эса дастлабки иккита пунктни бажарди ва учинчиси билан таҳдид қилди. Демак, бу ҳақиқий инқироз», — деб тушунтиради Financial Times нашрига берган интервюсида Принстон университети профессори Жон Айкенберри.

Ғарбнинг айбловларига жавобан, Россия дипломатияси либерал жаҳон тартибини танқид қилишни ўзининг асосий мавзусига айлантирди. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров фикрича, бундай тартиб халқаро ҳуқуқ ва БМТ институтларини четга суриб, ўрнига ҳеч қандай шартномаларда мустаҳкамланмаган ўзбошимча қоидаларни таклиф қилишни англатади.

Кўплаб давлатлар, жумладан НАТО бўйича ҳамкорлар ҳам АҚШни иккиюзламачилик ва фаластинликлар тақдирига лоқайдликда айблашди. Фото: haberglobal.com.tr

Москва кўпинча 1999 йилда Югославияга қилинган ҳаво ҳужумлари, 2003 йилда Ироққа қилинган босқин ва 2008 йилда Косово мустақиллиги тан олиниши ҳақида эслатиб, буни АҚШ ва НАТО томонидан БМТ Хавфсизлик Кенгаши мандатисиз амалга оширилган ва БМТ Низоми моддаларини бузган ҳаракатлар, дея баҳолайди.

Либерал жаҳон тартиби учун энг катта синовлардан бири – АҚШнинг Исроил ва Ҳамас ўртасидаги можарога нисбатан позицияси бўлди. Байден маъмуриятининг Исроилга ҳарбий ёрдам беришини кўплаб давлатлар кескин танқид қилди ва Вашингтонни ўн минглаб фаластинликлар ҳалок бўлишига бефарқликда айблади.

«Бу мутлақо очиқ-ойдин иккиюзламачилик ва икки томонлама стандартлар, — деди Washington Post нашрига берган интервюсида НАТО аъзоси бўлган Туркия парламенти раиси Нўъмон Қуртулмуш. — Агар фаластинлик қурбонлар украин қурбонлари билан тенг деб ҳисобланмаса, бу инсоният ичида маълум бир иерархия яратишга уринишдир. Бу мутлақо қабул қилинмайдиган ҳолат».

Либерал жаҳон тартибининг етакчи назариячиси, Принстон университети профессори Жон Айкенберри тан олишича, бу тартиб «АҚШга, Америка долларига ва Америка иқтисодиётига боғланган» бўлиб, БМТ Хавфсизлик Кенгашидан кўра НАТО ва Америка раҳбарлик қиладиган бошқа алянсларга кўпроқ таянади. У бу ҳолатни АҚШнинг «либерал гегемонияси» деб атайди.

Гегемондан ревизионистга

Халқаро муносабатлар тизимини қайта кўриб чиқишни хоҳловчи давлатлар одатда ревизионист давлатлар деб аталади. Америкалик сиёсатчилар ва таҳлилчилар бунга мисол қилиб кўпинча Хитой ва Россиянинг АҚШ нуфузини пасайтиришга қаратилган уринишларини кўрсатиб келишган.

Доналд Трампнинг биринчи президентлик муддати давомида қабул қилинган асосий ташқи сиёсат ҳужжатларидан бирида АҚШ тараққиётига таҳдид солувчи асосий муаммолар қаторида айнан ревизионист давлатлар номланган.

АҚШ Мудофаа вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Миллий хавфсизлик стратегиясида шундай дейилган эди:

«Хитой ва Россия дунё тартибини ўз авторитар моделларига мувофиқ шакллантиришни, иқтисодиёт, дипломатия ва хавфсизлик борасида бошқа давлатларнинг қарорларига вето қўйиш ҳуқуқини қўлга киритишни истайди».

Бироқ Принстон университети профессори Жон Айкенберрининг фикрича, сўнгги ойларда халқаро майдондаги энг катта ревизионист давлат айнан АҚШ бўлиб қолмоқда. Financial Times нашрига берган интервюсида олим шундай дейди: «Трамп амалда либерал жаҳон тартибининг деярли барча элементларини қайта кўриб чиқишни режалаштирмоқда. Бу савдо, иттифоқдошлар билан муносабатлар, демократиялар ўртасидаги бирдамлик ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш сиёсатига ҳам тааллуқли».

Трампнинг ўзи ҳам «Менинг маъмуриятим аввалги маъмуриятнинг ташқи сиёсатдаги муваффақиятсизликларини ва очиғини айтганда, бутун ўтмиш тажрибаларини қатъий рад этади» деган эди.

БМТ Бош Аасссамблясида Украинадаги уруш бўйича резолюцияга овоз бериш жараёнида АҚШ Россияни қўллади. Фото: Getty Images

Конгресс ва суд ҳокимияти янги маъмуриятнинг айрим радикал ташаббусларини тўхтатиши мумкин. Бироқ ташқи сиёсат масалалари тўлиқ президент ваколатида бўлгани учун Трампнинг бу йўналишдаги ўзгаришларига қаршилик қилиш анча қийин кечиши мумкин.

2025 йил январ ойида АҚШ давлат котиби Марко Рубио либерал жаҳон тартиби ташқи сиёсат ўрнини боса олади деб ўйловчиларга танқидий ҳужум қилди. «Бу шунчаки орзулар эмас эди – бу жуда хавфли хомхаёл эди», деди у Сенатдаги чиқишида.

Трамп маъмурияти айнан шу миллий манфаатлар нуқтайи назаридан Россия билан муносабатларни яхшилашга интилишини тушунтирмоқда. «Бу можаро давом этиши Россия учун ёмон, Украина учун ёмон ва Европага ҳам зарар етказади. Энг муҳими — у Америка манфаатларига ҳам зид», деб ёзган АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс.

Январ ойидаги инаугурация нутқида Трамп АҚШни яна дунёдаги энг қудратли давлат мақомига қайтаришга, Панама канали устидаги назоратни тиклашга ва мамлакат ҳудудини кенгайтиришга ваъда берди.

Бироқ ҳозирча унинг дипломатик инқилоби янги маъмуриятнинг энг оммага хуш келаётган сиёсати эмас. Gallup сўрови америкаликлар Трампнинг энг ижобий сиёсатини иммиграция бўйича қарорлар деб ҳисоблашини, энг кам қўллаб-қувватланган соҳалар эса Украина уруши ва Исроил-Фаластин можароси бўлганини кўрсатди. Сўров натижаларига кўра, америкаликларнинг 65 фоизи Украинага АҚШнинг иттифоқдоши ёки дўстона мамлакат сифатида қарайди, 47 фоизи эса Володимир Зеленскийга ижобий муносабатда.

Мюнхен келишуви ёки Ялта конференцияси?

«2025 йил феврал ойига келиб, айнан АҚШ халқаро қоидаларга асосланган жаҳон тартибига таҳдид солмоқда», — дейди Оксфорд университети ҳузуридаги Россия ва Евросиё тадқиқотлари маркази илмий ходими Жули Нютон BBCʼга берган интервюсида.

У Вашингтоннинг Украина табиий ресурсларига бўлган ҳуқуқларни талаб қилиши, Россия билан муносабатларни нормаллаштиришга ҳаракат қилаётгани, Трампнинг Зеленскийга қарши кескин чиқишлари ва Европадаги ўта ўнг партияларни қўллаб-қувватлаши халқаро тартибни бузишга хизмат қилмоқда, деб ҳисоблайди.

Россиянинг Украинага тўлақонли ҳужумига уч йил тўлган 24 феврал куни БМТ Бош Ассамблеяси Россия тажовузини қоралаш ва босиб олинган ҳудудлардан уни чиқаришни талаб қилиш бўйича резолюцияни муҳокама қилди. Бироқ АҚШ бу ҳужжатга қарши овоз берди ва ўзининг муқобил резолюциясини таклиф қилди. Унда Россия ва Украина ўртасидаги низо туфайли «фожиавий йўқотишлар» ҳақида умумий таъзия билдирилди, аммо тажовуз ва босиб олиш ҳақида гап кетмади.

Шу билан бирга, Доналд Трамп Россия президенти Владимир Путин билан АҚШ ва Россия ўртасида иқтисодий муносабатларни тиклаш масаласини муҳокама қилаётганини айтди.

«Кимгадир бу вазият 1938 йилдаги Мюнхен келишувини, кимгадир 1939 йилдаги Молотов-Риббентроп пактини эслатиши мумкин. Бироқ Трампнинг дипломатик инқилоби Ҳелсинки келишувларининг тамойилларини йўқ қилади ва АҚШни ўз иттифоқчилари кўзида рақибга айлантиради», — дейди Нютон.

1975 йилда имзоланган Ҳелсинки келишувлари АҚШ, СССР ва Европадаги давлатлар ўртасидаги норматив асослардан бири бўлиб, унда ҳудудий яхлитлик, чегаралар ўзгармаслиги ва бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик каби принциплар белгиланганди.

Франция президенти Эммануэл Макрон Европани Россияга қарши ёлғиз қолдирмасликка Доналд Трампни кўндириш учун Вашингтонга борди. Фото: Reuters

«Трамп Путин сингари — XIX аср империалистидек фикрлайди», дейди Жонс Ҳопкинс университети ҳузуридаги Ҳенри Киссинжер Жаҳон сиёсати маркази фахрий профессори Сергей Радченко.

Тарихчи Трамп ва Путин ўртасидаги музокараларни 1945 йилги Ялта конференцияси билан солиштиради, у ерда Иккинчи жаҳон уруши ғолиблари — СССР, АҚШ ва Буюк Британия Европани таъсир доираларига ажратиш бўйича келишувга эришган эди. Бироқ Радченко бугунги Европа ўша даврдан фарқли равишда иккита ядровий давлатини ўз ичига олган, дунёдаги энг бой мамлакатлар иттифоқи эканини таъкидлайди.

«Европанинг иқтисодий қудрати ва Россияга таъсир ўтказиш учун зарур иқтисодий воситалари бор. Трамп Путин билан нечоғлик яқинлашмасин, Европа давлатлари ва Россия ўртасидаги муносабатлар бир вақтнинг ўзида нормаллашиши амримаҳол», — деди Радченко BBC билан суҳбатда.

Бироқ, Atlantic Council Евросиё маркази директори ўринбосари Шелби Магид ҳали либерал жаҳон тартиби тугаши ҳақида хулоса чиқаришга эрта деб ҳисоблайди. У АҚШ томонидан киритилган барча санкциялар ҳамон кучда экани ва Трамп маъмурияти уларни бекор қилиш масаласини Украинадаги уруш тугаши билан боғлаб кўраётганини таъкидлайди.

«Ҳа, биз эрта ва хавфли нормаллашув эҳтимолини истисно қилмаймиз, аммо ҳозирча бу амалга ошгани йўқ. Охир-оқибат, халқаро тартибнинг келажаги уруш қандай тугаши ва тинчлик қандай таъминланишига боғлиқ бўлади, унга қандай етиб борганимиз эмас», — деди Магид.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид