Ўзбекистон | 14:26 / 02.03.2025
2514
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг Малтадаги биринчи элчиси тайинланди

Абат Файзуллаев Малта президенти Мириам Спитери Дебонога ишонч ёрлиқларини топширди.

Фото: dunyo.info

Ўзбекистоннинг Малтадаги биринчи элчиси Абат Файзуллаев (қароргоҳи Рим шаҳрида жойлашган) ушбу мамлакат президенти Мириам Спитери Дебонога ишонч ёрлиқларини топширди.

Тантанали тадбирдан сўнг бўлиб ўтган қисқача мулоқот чоғида Малта ва Ўзбекистон географик жиҳатдан бир-биридан олисда жойлашган бўлса-да, ўзаро манфаатли ва кўп қиррали ҳамкорлик икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилаётгани қайд этилган.

Учрашувда халқаро ташкилотлар, шу жумладан, БМТ ва ЕХҲТ доирасидаги ўзаро ташаббусларни қўллаб-қувватлашга алоҳида урғу қаратилган.

Таъкидланишича, сўнгги бир йил ичида икки томонлама муносабатларда янги динамика кузатилган. Хусусан, икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари 2024 йил сентябр ойида Ню Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеяси йиғилиши доирасида илк бор самарали учрашув ўтказган. Жорий йил январ ойида Малтанинг Ўзбекистондаги биринчи элчиси (қароргоҳи Москва шаҳрида жойлашган) тайинланган, шунингдек, Валлетта шаҳрида икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг биринчи давраси бўлиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, Абат Файзуллаев 2023 йил ноябр ойидан буён Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси ва Римдаги халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий вакили ҳамда 2024 йил декабр ойидан бошлаб Ўзбекистоннинг Кипрдаги элчиси сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Мавзуга оид