Ўзбекистон | 19:55 / 03.03.2025
6379
7 дақиқада ўқилади

ЙТҲлар ва уларнинг фожиали оқибатларини камайтириш – Эрали Бозоров қонунчиликдаги ўзгаришларнинг мақсади ҳақида

Жорий йил 21 феврал куни йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонунларга ўзгартириш киритилди. Хусусан, жарима баллари тизими жорий қилинди, дрифт, маст ҳолда автомобилни бошқариш, одам ташиш қоидаларини бузиш, газ ёқилғисидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, полковник Эрали Бозоров қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар ва уларнинг мақсади ҳақида Kun.uzʼга маълумот берди.

Қонуннинг мақсади ҳақида

Мазкур қонунни қабул қилишдан мақсад йўл ҳаракати ҳодисалари оқибатида фуқароларимиз ҳаёти ва соғлиғини асраб қолишдек энг долзарб муаммоларга барҳам беришдир. Умуман олганда, ҳар бир ҳайдовчи ёки йўл ҳаракати иштирокчиси кўчага чиққанида уйига саломат қайтишини ўйлаб ҳаракат қилади.

Шу билан бирга ҳар бир ҳайдовчи йўналишга чиқаётганда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиши лозим. Бунинг натижасида эса аҳолимизнинг бевақт ўлими, йўл-транспорт ҳодисаларига учраб жароҳатланишининг олди олинади.

Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида янги қонун билан Жиноят кодексига, Жиноят процессуал кодексига, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгаришлар

Жумладан, МЖтКга 6 та янги модда киритилди ва 29 та моддага тегишли ўзгартиришлар киритилди. Кодексга киритилган янги моддаларнинг айримларига тўхталиб ўтсам. Мисол учун, кодекс 125-3-модда билан тўлдирилиб, газ ёқилғисида ишлайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди. Нима учун айнан бу модда киритилди дейилиши мумкин. Бугунги кунда республикамизда мавжуд транспорт воситаларининг 80 фоизи газ ёқилғисидан, яъни суюлтирилган газ ёки сиқилган табиий газдан фойдаланади. Буларда газ тўлдириш шохобчаларида техник регламент белгиланган, лекин айрим ҳайдовчилар ва шу газ тўлдириш шохобчаларида фаолият кўрсатаётган хизматчиларимиз техник регламентга риоя қилмаслиги оқибатида нохуш ҳолатлар келиб чиқмоқда. Лекин бундай ҳолатлар аниқланганда уларга нисбатан жазо берувчи санкция йўқлиги, яъни жавобгарлик белгиланмагани маълум бўлди. Шуни инобатга олган ҳолда, мана шу техник регламент талабларига жавоб бермаганлик учун жавобгарликнинг тақдим этилиши муҳим эди. Мисол қилиб оладиган бўлсак, газ тўлдириш шохобчаларига кирган транспорт воситаларига белгиланган меъёрдан ортиқ газ тўлдириш ёки белгиланган муддатларда синовдан ўтмаган газбаллонга тўлдириш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Шундай ҳолатларнинг олдини олиш ва ушбу ҳолатларга жазони белгилаш мақсадида мана шу модда киритилди.

Яна бир янги киритилган модда — одам ташиш қоидаларини бузганлик учун МЖтКга 128-8-модда киритилди. Тўғри, олдин ҳам одам ташиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик бор бўлиб, БҲМнинг ярим баравари миқдорида жарима белгиланган эди. Лекин амалиётда ўрганиш натижаларида, масалан, битта Damasʼда салкам йигирмата болани ташиш, ёки Sparkʼка ўндан ортиқ болани ортиб олиб тушиш каби қўпол ҳолатлар кузатилмоқда. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш, мана шу ҳуқуқбузарлик учун санкцияни кучайтириш мақсадида мазкур янги модда киритилди.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 128-10-модда киритилиб, йўл безорилиги бўйича жавобгарлик белгиланди. Агар бу модданинг диспозициясига қарайдиган бўлсак, мана шу йўлларда гуруҳ бўлиб ҳаракатланиш, бошқа транспорт воситалари ҳаракатига халақит бериш ҳолатлари ижтимоий тармоқларда жуда кўп тарқаляпти. Бу эса тўй маросимларида ўн ёки йигирма транспорт воситаларнинг бирданига йўл-транспорт ҳодисаларига дуч келган ҳолатларга олиб келяпти. Шу сабабли, бу ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик киритилди ва жазо сифатида катта жарима ёки ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиш белгиланди. Транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо фақат суд қарори билан амалга оширилади.

Жиноят кодексига киритилган ўзгаришлар

Бундан ташқари, қонун билан Жиноят кодексига 5 та янги модда киритилиб, учта моддага тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Мисол учун, давлат рақами белгиларини ёки идентификация рақамларини ноқонуний тайёрлаганлик, фойдаланганлик ва қалбакилаштирганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Охирги пайтларда амалиётда кўп маротаба қалбаки давлат рақами белгилари билан ҳаракатланиши ҳолатлари кузатилмоқда. Лекин бундай транспорт воситаларини аниқлаганимизда амалдаги қонунчиликда жазо белгиланмаган эди. Шу сабабли, мазкур ҳуқуқбузарлик Жиноят кодексига киритилди.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда ҳайдовчиларни ўқитмасдан, тегишли ҳужжатлар расмийлаштириб бериш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Шу сабабли Жиноят кодексига 228-2-модда киритилиб, ҳайдовчиларни тайёрлаш, имтиҳондан ўтказиш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди.

Жарима баллари тизими ҳақида

Жарима баллари тизими янги институт. Бу жазо эмас, балки қўшимча жазо чораси ҳисобланади. Бу маъмурий кодексда ҳам белгиланган. Шуни инобатга олган ҳолда, хорижий тажрибани, қўшни давлатларнинг тажрибаларини ўргандик. Ўн иккита моддага маъмурий жавобгарлик тўғрисида жарима балларни ҳисоблаш белгилаб олинди. Нима учун максимум 12 балл дейилиши мумкин? Хорижий тажрибани ўрганганда бир хил жойларда юз балл бўлиши ҳам мумкин, аммо бизда максимум икки балл ҳисобланган. Яъни бу ерда икки баллгача жарима балларни ҳисоблаш мумкин: 0.5 бўлиши мумкин, 1 бўлиши мумкин, 1,5 бўлиши мумкин. Шуни инобатга олган ҳолда тўлиқ 12 балл деб олдик. Ҳисоблаш соддалигини инобатга олган ҳолда ўн икки балл, яна хорижий тажрибалар ҳам инобатга олинди.

Коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш борасида

Жарима баллари тизимида ҳайдовчилар балларини кўпайтирмаслик учун коррупцион ҳолатларга йўл қўйилмаслиги борасида ишлар қилиняпти. Бу норма киритишдан олдин ҳам бизнинг вазифамиз кўчада хизмат олиб бораётган йўл-транспорт ҳодисалари фаолияти устидан назорат қилиш эди. Албатта, бунда энг асосий эътибор ходимларнинг хизмат фаолиятини назорат қилиб боришда рақамлаштиришга, яъни ахборот технологияларидан тўлиқ фойдаланишга қаратилган. Бугунги кунда хабарингиз бор, ходимлар боди-камералар ёрдамида хизмат олиб боради. Бундан ташқари, ҳар бир ходимнинг қўлига планшет берилган, бу планшет ҳам ходимларни назорат қилиш воситаси сифатида фойдаланилмоқда. Бундан ташқари, хизмат автомашиналарига ГПС мосламалари ўрнатилган, бу орқали ходимларнинг бевосита ҳаракатлари назорат қилиб борилади. Яна бир нарса, ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида мониторинг гуруҳи ташкил қилинган. Улар бевосита ходимларни назорат қилиб бориш учун йўлга қўйилган. Агар улар томонидан айрим қоидабузарликлар ёки қонунбузарликлар аниқланса, уларга нисбатан хизмат текшируви ўтказилиб, тегишли интизомий чора-тадбирлар қўлланади. 

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид