Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ элчихоналарида ўрнатилган ҳаво сифати станцияларининг маълумотларини эълон қилиш тўхтатилади
Бунга Трамп маъмуриятининг харажатларни қисқартираётгани сабаб бўлмоқда. Бу қарор олимлар ва экспертлар орасида глобал ҳаво сифатини кузатишда хавотир уйғотмоқда. Хусусан, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида ўрнатилган ҳаво сифати станцияси ҳам ифлосланиб бораётган пойтахт ҳавосини кузатишда муҳим манба ҳисобланади.
АҚШ Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги AirNow иловаси ва бошқа платформалар орқали ҳаво сифатини мониторинг қилиш дастури доирасида тўпланган маълумотларни тарқатишни тўхтатади. Бу ҳақда Давлат департаменти чоршанба куни Аssosiated Press сўровига жавобан қилди.
Бу дастур турли мамлакатлардаги маҳаллий аҳоли ва бутун дунё бўйлаб олимлар учун шаҳарлардаги ҳаво сифатини кўриб, таҳлил қилиш имкониятини бериб келаётганди.
Расмий баёнотда айтилишича, глобал ҳаво сифатини мониторинг қилиш дастурининг тўхтатилиши молиявий чекловлар билан боғлиқ. Давлат департаменти бу мониторинг тармоғини ўчириб қўйишга мажбур бўлган. Бироқ элчихоналар ва консулликларга ўз мониторинглари билан ишлашда давом этиш топширилган ва келажакда маблағ ажратиш тикланса, маълумот тарқатиш қайта йўлга қўйилиши мумкин.
Бу молиявий қисқартириш – Доналд Трамп маъмурияти томонидан экология ва иқлим ўзгаришига оид ташаббусларни камайтириш ҳаракатларининг бир қисми ҳисобланади.
Бутун дунё бўйлаб АҚШ элчихоналарида ўрнатилган ускуналар ҳаво таркибидаги PM2,5 майда зарраларини ўлчаб боради. Бу зарралар чуқур нафас йўлларига кириб, нафас олиш касалликлари, юрак хасталиклари ва эрта ўлимга олиб келиши мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, ҳар йили 7 миллион киши ҳаво ифлосланиши туфайли вафот этади.
Жаҳон ҳаво сифати тадқиқотларига катта зарба
Ню Деҳлидаги “Sustainable Futures Collaborative” ташкилотининг ҳаво ифлосланиши бўйича эксперти Бҳаргав Кришна маълумотлар йўқотилишини “катта зарба” деб атади.
“Бу сенсорлар кўплаб ривожланаётган мамлакатларда ҳаво сифатини тушуниш учун муҳим манба эди. Улар яхши калибрланган ва маҳаллий маълумотларни сифат нуқтайи назаридан солиштириш учун ишончли манба сифатида қабул қилинган”, – дейди Кришна.
Боготадаги ҳаво сифати бўйича мустақил консултант Алехандро Пираcоcа Маёрга ҳам буни “катта йўқотиш” деб баҳолади. Унинг сўзларига кўра, Лима (Перу), Сан-Паулу (Бразилия) ва Богота (Колумбия) шаҳарларидаги АҚШ элчихоналари жамоатчилик учун очиқ ҳаво мониторингини олиб борар эди.
“Бу маҳаллий мониторинг тармоқларидан мустақил равишда, ҳаво сифати ҳақидаги маълумотларни олиш имконини берарди. Улар солиштириш учун қўшимча маълумот манбаси эди”, — деди у.
Покистонлик экология эксперти Холид Хон ҳам бу қарорни қоралаб, уни “катта оқибатларга олиб келувчи ҳаракат” деб атади.
Унинг таъкидлашича, жаҳоннинг энг ифлосланган шаҳарларидан бири бўлган Пешовардаги АҚШ мониторинги “муҳим реал вақт маълумотларини” тақдим этган ва тадқиқотчилар, сиёсатчилар ҳамда оддий фуқароларга соғлиқни сақлаш бўйича тўғри қарор қабул қилишга ёрдам берган.
“Бу мониторларнинг олиб ташланиши атроф-муҳит мониторингида жиддий бўшлиқни юзага келтиради, фуқаролар зарарли ҳаво шароитлари ҳақида аниқ маълумотларсиз қолиб кетади”, – дейди Хон. У, шунингдек, бошқа ишончли маълумот манбаларига кириш имкони бўлмаган заиф гуруҳлар бу қарордан энг кўп азият чекишини таъкидлади.
Бундан ташқари, ЖССТнинг ҳаво сифати бўйича глобал маълумотлар базаси ҳам ушбу дастур ёпилиши сабабли зарар кўради. Кўпгина камбағал давлатлар ҳаво сифатини кузатиб бориш имконига эга эмас, чунки станциялар қиммат ва мураккаб бўлиб, бир қатор камбағал мамлакатлар АҚШ элчихоналарининг маълумотларига тўлиқ таяниб келаётган эди.
Тошкент ҳавоси ҳақида алтернатив маълумот олиш имконияти йўқолиши мумкин
6 март соат 21:20 ҳолатига, Тошкент ҳавоси энг ифлос дунё шаҳарлари рейтингида 8-ўринни эгаллаб турибди. Асосий ифлослантирувчи – PM2,5'нинг концентрацияси 1 метр куб ҳаво таркибида 57 микрограммни ташкил этмоқда. АҚШ стандартлари бўйича, бу – қизил билан белгиланадиган, “носоғлом” даража ҳисобланади.
IQAir порталидаги бу маълумотлар шаҳар бўйлаб ўрнатилган 38 та ҳаво сифати станцияларидан олинган. Бундай станцияларни биринчилардан бўлиб АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ўрнатган. Бироқ айни пайтда АҚШ элчихонасининг Ўзбекистон пойтахтидаги станциялари маълумотлари IQAir ва AirNow сайтларидан йўқолиб қолган, аммо aqicn.org сайтида ҳамон мавжуд.

Кейинроқ “Ўзгидромет” ўрнатган қурилмалар ҳам ҳаво сифатини ҳар соатда мониторинг қилиб боради, улар АҚШ элчихонасида жойлашгани билан деярли ўхшаш. Лекин натижаларни таққослашда инобатга олиниши керак бўлган жиҳатлар бор.
Вашингтон университети профессори Жей Тёрнерга кўра, мониторинг жараёнида муайян протоколларга амал қилиниши талаб этилади. Агар шуларга риоя қилинса, бериладиган маълумотларни бир хил дейиш мумкин. “Элчихонадаги жиҳоз шу протоколларга риоя қилади, уни ўзим текширганман. Агар фараз қилайлик, “Ўзгидромет” ҳам шу протоколларга амал қилиб, ўз ҳисоботини тақдим этаётган бўлса, бизнинг маълумотлар билан бир хил чиқади дейиш мумкин”, – дейди у.
АҚШ ҳаво сифати маълумотларини тарқатиш дастурини тўхтатса, бунинг Ўзбекистонга таъсир қиладиган салбий оқибатлари бор, биринчиси, ҳаво сифати борасида шаффоф ва ишончли маълумотлар камайиши мумкин. Фуқаролар ва мутахассислар ҳаво сифати бўйича маҳаллий ҳукумат маълумотларига тўлиқ таянишга мажбур бўлади. Баъзи ҳолларда эса бу маълумотларнинг шаффофлиги ёки аниқлиги бўйича шубҳалар пайдо бўлиши мумкин.
Тадқиқот ва мониторинг ишлари қийинлашиши мумкин Экологлар ва олимлар ҳаво сифатини баҳолаш учун турли манбалардан фойдаланишади. АҚШ элчихонаси берган маълумотлар халқаро миқёсда калибрланган ва маҳаллий маълумотлар билан солиштириш учун муҳим. Агар бу маълумот манбаи йўқолса, тадқиқотчилар ишончли алтернативаларни топиш ёки маҳаллий мониторинг тизимларига таяниш заруриятига дуч келишади.
Жамоатчилик хабардорлигига таъсир қилиши мумкин
Тошкент айниқса қиш мавсумида ҳавонинг ифлосланиши муаммосига дуч келади. Жаҳон банки ҳисоботига кўра, Тошкентда ҳаво ифлосланиши ҳар йили 3000 дан ортиқ кишининг бевақт ўлимига сабаб бўлмоқда. Пойтахтда ифлосланишнинг ўртача йиллик даражаси ЖССТ тавсия этган даражадан (6 мкг/м3) 6 баравар юқори. АҚШ мониторлари реал вақт режимида PM2,5 заррачалари ва бошқа ифлослантирувчи моддалар даражасини кўрсатиб, одамларнинг эҳтиёт чораларини кўришига ёрдам берарди. Уларнинг тўхташи фуқароларнинг ҳаво сифати бўйича хабардорлигини камайтириши мумкин.
АҚШ мониторинг маълумотлари ЖССТ ва бошқа халқаро экологик ташкилотлар учун муҳим манба ҳисобланади. Агар улар Ўзбекистонда тўхтатилса, глобал таҳлиллар ва халқаро ҳисоботларда мамлакат ҳақидаги маълумотлар камайишига олиб келади.
Мавзуга оид
08:51 / 04.06.2026
Кувайт аэропортида Эроннинг дрон зарбаси оқибатида 1 киши вафот эди, ўнлаб инсонлар жароҳатланди
15:12 / 26.05.2026
Наркожиноятда айбланиб, қидирувда бўлган ўзбекистонлик АҚШдан депортация қилинди
11:00 / 28.05.2025
АҚШ дунё бўйлаб хорижий талабалар учун виза суҳбатларини тўхтатмоқда
09:03 / 28.05.2025