Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШнинг Киевга ҳарбий ёрдами тўхтатилиши — бу украин армияси учун нимани англатади?
АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни тўхтатди. Украинага Америка ҳарбий юкларини етказиб бериш тўхтатилгани ҳақидаги маълумотни Reuters агентлигининг вазиятдан хабардор манбаси тасдиқлаган.
Ҳарбий ёрдамни тўхтатиш тўғрисидаги қарорни қабул қилишдан олдин Оқ уйнинг Овал кабинетида давлат раҳбарларининг драматик учрашуви бўлиб ўтганди, у кескин тортишувлар, фойдали қазилмалар бўйича келишув барбод бўлиши ва Украина президенти Володимир Зеленскийнинг Вашингтонни шошилинч тарзда тарк этиши билан якунланганди.
Гап айнан қандай қуроллар ҳақида кетаётгани ва уларнинг ўрнини босиш имконияти бор-йўқлиги ҳақида олдинроқ ёзилганди. Аммо Украина ва унинг Европадаги иттифоқчиларининг муаммоси фақат бунда эмас.
АҚШ томонидан ҳарбий ёрдам тўхтатилиши Украина қуролли кучларининг жанговар қобилиятига ва яқин келажакда фронтдаги вазиятга қандай таъсир қилиши мумкин?
BBC рус хизмати шарҳловчиси Иля Абишев навбатдаги материалида шу ва бошқа муҳим саволларга жавоб излади.
АҚШ ёрдами тўхтатилиши яқин истиқболда Украина армиясининг жанговар қобилияти учун нимани англатади?
Ҳарбий машина — мустаҳкамлик ва ресурсларнинг катта захирасига эга бўлган мураккаб механизмдир. Олдинги чизиқда жанг қилаётган бўлинмаларга яқин ҳафталар ёки ҳатто ойлар ичида ҳам Америка таъминоти тўхтатилгани сезилмаслиги мумкин.
Янги қурол-яроғлар етказилмаслиги муаммолари аста-секин тўпланиб боради ва биринчи навбатда келгусидаги амалиётларни режалаштиришда акс этади.
Ва бундай амалиётлар бир неча ой олдиндан режалаштирилади ва доимо мудофаага устуворлик берилади.
Украина 2023 йил кузидан 2024 йил баҳоригача ҳам АҚШ Конгресси Байден маъмурияти билан молиялаштириш бўйича келиша олмаганида, АҚШ ҳарбий таъминоти тўхтатилиши муаммосига дуч келган эди.
Айнан шу даврда Украина қуролли кучлари фронтнинг деярли барча участкаларида стратегик ташаббусни Россия армиясига топширди ва асосий эътиборни мудофаага қаратди. Шу билан бирга, барча мудофаа операциялари ҳам муваффақиятли бўлмади — аввал Авдийивкадаги асосий истеҳком, кейин яна бир неча муҳим позициялар бой берилди, рус армияси Харкив областига бостириб кирди.
АҚШ ҳарбий таъминоти тикланиши билан Украина қуролли кучлари Харкив йўналишидаги вазиятни барқарорлаштирди ва Курск областида (дарҳол эмас) ҳужум амалиёти бошлади.
Аммо ҳарбий можаро энди бошланган 2014-2015 йиллардан буён Донецк областида Украина қуролли кучлари ушлаб турган ва катта ресурслар сарфланган муҳим позициялар бой берилиши оқибатлари вазиятга ҳамон таъсир кўрсатмоқда.
Қандай ёрдам тўхтатилиши фронтдаги вазиятга энг жиддий зарба бўлиши мумкин?
Биринчи навбатда, барча турдаги ракеталар етказиб берилиши тўхтатилиши — ҳам оператив-тактик комплекслар учун, ҳам ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва авиация учун. Шунингдек, разведка маълумотларини алмашиш.
Душман ҳудуди ичкарисига кучли превентив (олдини олувчи) зарбалар йўллаш имконияти унга йирик ҳужум амалиёти учун қўшинларни тўплаш имконини бермайди, уни кўп сонли, аммо тарқоқ ҳужумларга ўтишга мажбур қилади ва унинг сон ва сифат жиҳатдан устунлигини йўққа чиқаради.
Замонавий кузатув тизимлари ва ракеталарга эга бўлган кўплаб ракетага қарши/ҳаво ҳужумига қарши комплекслар мавжудлиги эса рақибнинг анча қиммат баллистик ва қанотли ракеталардан фойдаланган ҳолда уюштириладиган ҳужумларни самарасиз қилади.
АҚШ кассетали ўқ-дориларни тақиқлаш тўғрисидаги конвенцияга қўшилмагани ҳам аҳамиятлидир, бу унга оммавий қирғин воситаларини ишлаб чиқаришга имкон беради. Шунингдек, пиёдаларга қарши миналарни тақиқлаш ҳақидаги конвенцияга ҳам — бу кенг кўламли можаро шароитида жуда муҳим.

Разведка маълумотлари-чи? Starlink ўчириб қўйилса нима бўлади?
Ҳозирча тушунарсиз. Турли манбалар ишонтиришича, ҳозирча разведка маълумотлари алмашинуви тўхтамаган.
Украина қуролли кучлари тактик ва оператив-тактик даражада Вашингтоннинг разведка ёрдамига унчалик муҳтож эмас.
Содда қилиб айтганда, украинлар разведка маълумотларини жанг майдонида ҳам, душман ҳудудининг 40-50 км ва ундан ортиқ чуқурлигида ҳам ўз кучлари билан — дронлар, авиация, чекиниш пайтида қолдирилган «жучоклар», радиоэлектрон разведка воситалари, агентура маълумотлари ва бошқалар ёрдамида олишади.
Юқори даражадаги разведка маълумотларига келсак, АҚШ, биринчидан, уларни НАТО бўйича иттифоқдошлари билан баҳам кўришдан бош тортмади, иккинчидан, иттифоқчилар ҳозирча бу маълумотларни Киев билан баҳам кўришни тақиқламаган, бунинг устига НАТО линияси бўйича бу маълумотлар умумий.
Starlink сунъий йўлдош тизимларини алмаштириш имконияти ҳақида аллақачон кўп ёзишган, украинлар буни қилишган. Гап шундаки, Starlink ҳарбий техника эмас.
Европа ёрдамнинг қайси қисмининг ўрнини босиши мумкин?
Европадаги ҳарбий-саноат комплексида фаолият юритувчи компаниялар — Германиянинг Rheinmetall, Британиянинг BAE Systems, Франциянинг Dassault Aviation ва Thales, Швециянинг Saab, Италиянинг Leonardo компанияларининг қимматли қоғозлари нархи 10 фоиздан 18 фоизгача кўтарилди.
Аммо бу фақат Европа ҳарбий-саноат комплекси акциялари жозибадорлиги ўсишини кўрсатади, гап унинг ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни тезда ошириш қобилияти ҳақида эмас.
Европа АҚШники каби маҳсулотларни ишлаб чиқара олади. Фақат кам. Ҳозирча.
Американинг қўллаб-қувватлашидан тўлиқ воз кечилган тақдирда, Украина армияси АҚШ томонидан оммавий равишда етказиб берилаётган маҳсулотларнинг ўткир тақчиллигини бошдан кечиради. Булар асосий зарба бериш воситалари — снарядлар, миналар, танкка қарши, зенит, тактик ва оператив-тактик ракеталар, жанговар зирҳли техника ва зирҳли транспорт воситаларидир.
Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари бўйича нима гап?
Американинг Patriot ва ўхшаш хусусиятларга эга Европа тизимлари Украинада асосан қўшинларни эмас, балки йирик шаҳарларни ҳимоя қилади. Америка ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига ракеталар етказиб беришни тўхтатиш Украина қуролли кучлари тактикасига жиддий таъсир кўрсатиши даргумон — ҳозирги уруш кучларни мушт қилиб тугиш эмас, балки тарқалиб кетиш ва тўсатдан зарба бериш қобилиятига кўпроқ боғлиқ.
Аммо ракета ҳужумига қарши тизимлар учун таъминот тўхтатилса, шаҳарлар ҳимояси заифлашиши мумкин.
F-16 қирувчи самолётлари, уларга хизмат кўрсатиш, учувчиларни тайёрлаш ва жиҳозлаш билан ҳам худди шу гап. Украина қуролли кучлари балансида турган бундай самолётларнинг асосий вазифаси — йирик стратегик объектларга авиация ва ракета зарбаларини қайтаришдир. Қанотлари остида олиб учадиган Америка ракеталарисиз улардан фойда йўқ.
Душман ҳудудини Эроннинг Shaheed’лари каби секин ҳаракатланувчи дронлар билан бомбардимон қилиш ва бундай зарбаларни қайтариш масаласига келсак, иккала томон ҳам буни асосан ўз кучлари билан ва ўзгарувчан муваффақият билан амалга оширмоқда.
АҚШнинг ҳарбий ёрдамни тўхтатиш ҳақидаги баёнотидан кейин фронт чизиғидаги жанглар динамикаси ўзгардими?
Йўқ, ўзгармади, аммо бундай бўлиши ҳам кутилмаганди. Юқорида айтиб ўтилганидек, барча йирик ҳарбий операциялар ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб ва яқин истиқболни ҳисобга олган ҳолда анча олдиндан режалаштирилади.
Ҳозирда Россия армияси, афтидан, Покровск-Мирноград агломерациясини тезда қўлга киритиш режаларидан воз кечган ва бор кучини ундан шимолга — Константиновка шаҳрига йўналтирмоқда, Торецк ва Часив Яр (ҳали тўлиқ қўлга киритилмаган) томонидан икки йўналишда зарба бериш режалаштирилмоқда.
Константиновка қўлга киритилса, Краматорск ва Словянскка ҳужум қилиш учун шароит яратилади. Лекин ҳали Константиновкага етиб олиш керак.
Россия армияси Донецк области ғарбида ҳам, Харкив шарқидаги Купянск ҳудудида ҳам ҳужум ҳаракатларини давом эттирмоқда, бироқ жорий йил бошида унинг олдинга силжиш суръати сезиларли даражада секинлашди, йўқотишлар эса камаймади.
Мавзуга оид
13:11 / 28.05.2025
NYT: Россия Запорижжя АЭСни ўз энерготизимига улашни режалаштирмоқда
11:58 / 28.05.2025
Евроиттифоқ 150 млрд евролик SAFE мудофаа фондини тузди
20:37 / 27.05.2025
Келлог: Россия ва Украинанинг урушдаги йўқотишлари 1 миллион кишидан ошди
20:17 / 27.05.2025