Ўзбекистон | 16:33 / 06.03.2025
3053
5 дақиқада ўқилади

Биз ҳар бир бола боғчада ўзини эркин, хавфсиз ва қувноқ ҳис қилишини хоҳлаймиз — Ҳилола Умарова

Мактабгача ва мактаб таълими вазири тизим масъуллари билан учрашиб, давоматни сунъий ошириш, болаларнинг туғилган кунини дабдаба билан нишонлаш, «кўнгилочар дастур» деб болаларнинг ёшига, психологик ҳолатига мос бўлмаган тадбирларни ўтказиш, болаларга нисбатан ишлатилган қўполлик ва зўравонлик ҳолатларини муҳокама қилди.

Фото: Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова 6 март куни давлат ва нодавлат мактабгача таълим тизими (МТТ) масъуллари билан учрашди. Видеоконференция шаклида ташкил этилган мулоқотда республикадаги 38 мингдан ортиқ ММТ раҳбари иштирок этди.

Қайд этилганидек, мактабгача таълим соҳасида боғчалар сони 8 баробарга ошиб, болаларнинг қамров даражаси 2017 йилдаги 27 фоиздан 77 фоизга етказилди. Ташкил этилган боғчаларнинг қарийб 7 мингтаси давлат, 31 мингдан ортиғи нодавлат боғчалар ҳисобланади (нодавлат боғчаларда қарийб 1 миллионга яқин бола тарбияланмоқда).

Хусусий мактаб ёки боғча очишдаги бюрократия йўқ қилиниб, тизим рақамлаштирилгани натижасида лицензия бериш муддати олдинги 3 ойдан 15 кунга қисқартирилди, оилавий боғчаларни қўллаб-қувватлаш учун жорий йилда давлат бюджетидан 3,8 триллион сўм ажратилди.

Ҳилола Умарова ушбу яратилган имкониятларга қарамай, хусусий боғчаларда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини жами тарбияланувчилари сонига нисбатан 10 фоиз миқдорида бепул қамраб олишга етарли эътибор қаратилмаётганлиги, болаларнинг реал сонини яшириш ҳолатлари учраётганлигига алоҳида эътибор қаратди.

Баъзи оилавий боғчаларда давлат бюджетидан ажратилган субсидия маблағларини олиш учун давоматни сунъий ошириб кўрсатиш, «яхши мақсадда яратиб берилган имкониятдан қинғир йўл билан фойдаланиш» ҳолатлари мавжуд. Таълим ва тарбия жараёнларида давлат ўқув дастурларидан четга чиқиш ҳолатлари учрамоқда.

Боғчаларда турли тадбирларни ўтказиш, тарбияланувчиларнинг туғилган кунини дабдаба билан нишонлаш, «кўнгилочар дастур» деб болаларнинг ёшига, психологик ҳолатига мос бўлмаган цирк ва бошқа ёввойи ҳайвонларни намойиш қилиш билан боғлиқ салбий ҳолатлар ҳам кўп кузатилмоқда. Ижтимоий тармоқларда боғчаларда айрим тарбиячилар томонидан болаларга нисбатан ишлатилган қўполлик, тарбиясизлик ҳолатлари акс этган видеолавҳа ва турли хабарлар тарқатилмоқда.

2024 йилда айни шу масалада Вазирликка юзлаб мурожаатлар келиб тушган. Оқибатда, 32 раҳбар ва тарбиячи лавозимидан озод этилди, 3 нафари жавобгарликка тортилди, 15 нафарига интизомий чора кўрилди, 15 та хусусий боғчага берилган лицензия бекор қилинди.

Вазир боғча раҳбарлари эътиборини ушбу салбий ҳолатларга қаратар экан, «бир ҳақиқатни яхши англаб олишимиз зарур: болаларга ҳар қандай шаклда куч ишлатиш, уларни турли усулларда жазолаб тарбиялаш асло мумкин эмас. Буни тизимда ишлаётган ҳар бир раҳбар, педагог, тарбиячи ва ёрдамчи ходим бирдек тушуниши, шу тартибга риоя этишлари шарт», деб ўз қатъий фикрларини билдириб ўтди.

«Бу сиёсатни тўғри тушунмаган, бунга амал қилмаган ҳар қандай ходим тизимдан бутунлай четлатилади, ҳар қандай тадбиркор билан ҳамкорликни тўхтатишга мажбур бўламиз. Лицензия талабларига ҳамда оилавий боғчаларнинг битимларига бундай ҳолатлар бўйича қатъий талаблар киритилади. Биз ҳар бир бола ўзини боғчасида эркин, хавфсиз ва қувноқ ҳис қилишини, унга барча шароитлар яратилишини хоҳлаймиз. Ҳар бир бола учун боғчаларда «хавфсиз ва қулай муҳит» бўлишини талаб қиламиз», деди Умарова.

Йиғилишда нодавлат мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга доир кейинги вазифалар ҳақида маълумот бериб ўтилди. Унга кўра, сўнгги беш йилда мактабгача таълим билан қамров 80 фоизга, 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизими билан қамров 100 фоизга етказилади.

Қамров даражаси паст бўлган давлат умумтаълим муассасаларининг бўш турган ер участкаларида давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилади.

Нодавлат боғчалар томонидан мурожаатларни вазирликка доимий юборадиган (боғчалардаги мавжуд ўринлар, педагогларга бўлган эҳтиёжни аниқ кўрсатиб берадиган) алоҳида тизим яратилади. Махсус бот орқали муаммоли вазиятлар ечимига доир нодавлат боғчалар томонидан мурожаат қилиш имконияти йўлга қўйилади.

Нодавлат боғчалар педагоглари ҳам методик маҳорат куни ва соати тадбирларига қамраб олинади ва келгуси йилдан мажбурий малака ошириш жараёнларига жалб қилинади. Бунда малака ошириш ўқув дастурига педагогларни эмоционал ҳолатини текшириш ва бошқариш кўникмаларига қаратилган модуль киритилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид