Жаҳон | 13:34 / 06.03.2025
4741
9 дақиқада ўқилади

ҲАМАС билан музокара ўтказган АҚШ, Араб давлатлари лигасининг баёноти ва Панамадаги портлардан воз кечган Хитой — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

АҚШ ҲАМАС билан музокара ўтказган

АҚШ гаровдагиларни озод этиш ва Ғазо урушига чек қўйиш мақсадида ҲАМАС билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказган. Axios’га кўра, ушбу музокаралар Исроил билан келишилмаган ва Тел Авив бу ҳақда «бошқа каналлар орқали» хабар топган.

Музокараларни АҚШ президентининг гаровдагилар бўйича махсус вакили Адам Белер олиб борган ва ҲАМАС вакиллари билан Доҳада учрашган. Бу АҚШнинг ҲАМАС билан илк бевосита мулоқотидир. Вашингтон 1997 йилдан бери ушбу гуруҳни террорчи ташкилот сифатида тан олиб келган.

Ҳозирда ҲАМАС қўлида исроиллик 59 киши гаровда сақланмоқда, уларнинг 35 нафари вафот этган. Улар орасида беш нафар америкалик бор, аммо улардан фақат бир киши тирик экани тахмин қилинмоқда.

Бу орада ҲАМАС томонидан озод қилинган гаровдагилардан 7 киши АҚШга келди. АҚШ президенти Донал Трамп эса ҲАМАСга сўнгги огоҳлантириш билан чиқди. У ҲАМАСдан гаровда ушлаб турилган барчани озод қилишни, ўлганларнинг жасадларини қайтаришни, ҳаракат раҳбариятини эса Ғазони тарк этишга чақирди. «Агар бундай қилмасангиз, ўлдим деб ҳисоблайверинг. Ақлли қарор қабул қилинг. Агар гаровдагилар ҳозироқ озод қилинмаса, кейинги ҳаётларинг жаҳаннам бўлади», — деган Трамп ўз мурожаатида. 

Араб давлатлари лигасидан кескин баёнот

Араб давлатлари лигасининг Миср пойтахти Қоҳирада ўтказилган навбатдан ташқари саммитида Исроилнинг Ғазога инсонпарварлик ёрдамларини тўхтатиш қарори кескин қораланди. Лидерлар Исроилнинг Ғарб соҳилидаги зўравонлиги ва муқаддас жойларга тажовузини қоралаб, уларни ҳимоя қилиш муҳимлигини таъкидлашди.

Лига халқаро ҳамкорлик орқали Яқин Шарқда барқарор тинчлик ўрнатиш зарурлигини билдирди. Қоҳирада Ғазони қайта тиклаш бўйича халқаро конференция ўтказилиши режалаштирилган. Ғазо сектори хавфсизлиги фақат фаластинликлар масъулиятида бўлиши кераклиги таъкидланди.

Шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгашидан Ғазода халқаро тинчликпарвар кучлар жойлаштириш талаб қилинди. Лига 1967 йил чегараларида Фаластин давлатчилигини қўллаб-қувватлашни яна бир бор тасдиқлади.

Араб давлатлари лигаси фавқулодда саммити қатнашчилари Мисрнинг Исроил ҳужумларидан вайрон бўлган Ғазони тиклаш режасини қабул қилишди. Режага кўра 53 млрд доллар харажат талаб этилади ва фаластинликларни кўчириш назарда тутилмайди.

Аш-Шаръа: Исроил кенгайишни хоҳламоқда

Сурия президенти Аҳмад аш-Шаръа Исроилнинг Сурияга қилган ҳаво ҳужумларини уларнинг «босқинчилик ниятлари» билан изоҳлади. Унинг сўзларига кўра, Исроил хавфсизлик баҳонаси остида ҳудудий назоратини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда.

У Араб давлатлари лигаси саммитида халқаро ҳамжамиятни Исроилга босим ўтказиб, уни жанубий Суриядан чиқаришга мажбур қилишга чақирди. Аш-Шаръа фаластинликларни ўз еридан сиқиб чиқаришга уриниш араб дунёси учун қабул қилиб бўлмас эканини таъкидлади.

Суриядаги ҳокимият ўзгаришидан кейин Исроил Жўлан тепаликларидаги демилитаризация қилинган ҳудудни эгаллаб, ҳарбий зарбаларни кучайтирди. Аш-Шаръа Суриянинг Лига араб давлатларига қайтишини «араб бирдамлигини мустаҳкамлаш» деб баҳолади.

Исроил Мисрга огоҳлантириш билан чиқди

Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац Мисрга 1979 йилдаги тинчлик келишувини бузишга йўл қўйилмаслигини билдирди. У бу ҳақда собиқ бош вазир Менаҳэм Бегиннинг вафотига бағишланган маросимда гапирди.

Исроил расмийлари сўнгги ойларда Миср қуролли кучларининг фаоллашувидан хавотир билдирмоқда. Мухолифат вакиллари Ғазо аҳолисини Синай яриморолига кўчириш таклифини ҳам илгари сурди. Шунингдек, Исроил армияси раҳбарлари Миср ҳарбий қудратининг ўсишини кузатиб бориш кераклигини таъкидламоқда.

Миср дипломатлари ўз армиясини ҳимоя қилиб, давлат хавфсизлигини таъминлаш учун кучли қуролли кучлар зарурлигини таъкидлади. Қоҳира ҳозирча Исроилнинг расмий баёнотига жавоб бергани йўқ.

АҚШ Украинага разведка ёрдамини тўхтатди

Доналд Трамп маъмурияти Украина билан разведка маълумотлари алмашишни вақтинча тўхтатганини тасдиқлади. Марказий разведка бошқармаси директори Жон Рэтклифф ва миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майкл Уолтц бу қарор Киевга ҳарбий ёрдамни қайта кўриб чиқиш жараёнининг бир қисми эканини маълум қилди.

АҚШ Буюк Британияга ҳам Украинага Америкага тегишли разведка маълумотларини узатишни тақиқлади, деб хабар берди Daily Mail. Бу қарор Британиянинг GCHQ, мудофаа вазирлиги ва ҳарбий разведка хизматларининг фаолиятига таъсир қилиши мумкин.

Axios манбаларига кўра, бу чора Украина президенти Володимир Зеленскийни АҚШ шартлари асосида Россия билан музокара ўтказишга мажбур қилиш учун қўлланмоқда. Зеленский ҳам бу орада музокараларга тайёрлигини билдирди ва Трампнинг қудратли раҳбарлиги остида тинчлик жараёнида иштирок этишга тайёр эканини эълон қилди.

Трамп Украинадаги урушни якунлашга қатъий ҳаракат қилмоқда. Вашингтон Киевга қурол етказиб беришни ва разведка алмашишни музокаралар бошланишигача тўхтатишини маълум қилди.

АҚШ Украинага ҳарбий ёрдам шартларини санади

Оқ уй Украинага ҳарбий ёрдамни қайта тиклаш учун тинчлик музокаралари ўтказиш ва «ишончнинг мустаҳкамлаш чоралари»ни амалга ошириш талаб этилишини маълум қилди. Бу ҳақда АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолтц хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, Вашингтон Украина билан музокаралар жойи ва санаси бўйича муҳокамалар олиб бормоқда. Трамп 3 март куни Украинага ёрдамни тўхтатган эди, аммо 4 мартда Конгрессда Зеленскийдан музокараларга тайёрлигини тасдиқловчи мактуб олганини маълум қилди.

Зеленский АҚШ билан фойдали қазилмалар бўйича келишув имзолаш ва урушни тугатиш йўлида ҳаракат қилишга тайёрлигини билдирди.

Бу орада Россия томони уч томонлама музокара ўтказиш учун Беларус пойтахти Минск энг қулай ва мақбул жой эканлигини билдирди. Оқ уй эса Украинани молиялаштиришни тўхтатиш масаласи кун тартибига чиққанини маълум қилди.

Трамп ҳамон Гренландияни қўшиб олиш ниятида

АҚШ президенти Доналд Трамп Гренландияни «ҳар қандай йўл билан» Америка назорати остига олишга ҳаракат қилишини яна бир бор таъкидлади.

Конгрессдаги чиқишида у орол аҳолисининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини қўллаб-қувватлашини билдириб, «Агар хоҳласангиз, сизларни АҚШ таркибида мамнуният билан қабул қиламиз», деди.

Шу билан бирга, Трамп Гренландиянинг стратегик аҳамиятини эслатиб, оролни АҚШ миллий хавфсизлиги учун зарур ҳудуд, деб атади. У бу борада барча манфаатдор томонлар билан иш олиб борилаётганини маълум қилди.

Гренландия ва Дания расмийлари бу баёнотни рад этди. Жорий сўровларга кўра, гренландияликларнинг 85 фоизи АҚШга қўшилишга қарши. Дания бош вазири бу ғояни «абсурд» деб атаган бўлса, Гренландия етакчиси «биз америкалик бўлмоқчи эмасмиз», деди.

Хитой Панама портларидан воз кечди

BlackRock консорциуми Хитойнинг Hutchison компаниясидан Панама каналининг икки асосий портини 19 млрд долларга сотиб олди. Балбоа ва Кристобал портлари ўнлаб йиллар давомида Hutchison томонидан бошқарилган, аммо АҚШ босими остида Хитой компанияси активларини сотишга мажбур бўлди.

Financial Times’нинг ёзишича, мазкур келишув АҚШ президенти Доналд Трампнинг Хитойнинг стратегик йўлларга таъсирини чеклашга қаратилган босими натижасида амалга оширилмоқда.

Доналд Трамп Хитойнинг Панама каналини назорат қилишига қарши чиқиб, ҳатто ҳарбий интервенция эҳтимолини тилга олган эди. Панама ҳукумати келишувни бизнес манфаатлари доирасида деб баҳолади.

BlackRock, Global Infrastructure Partners ва Terminal Investment Limited компаниялари Ҳонгконгнинг Панама портларига эгалик қилувчи CK Hutchison компаниясининг 90 фоиз акцияларини қўлга киритади. Шунингдек, келишув Британия, Германия, Жануби-шарқий Осиё, Яқин Шарқ ва Австралиядаги 43 та портни ўз ичига олади.

Бу геосиёсий жиҳатдан муҳим қарор бўлиб, Панама канали орқали жаҳон савдосининг 5 фоизи ва АҚШ контейнер юкларининг 40 фоизи ўтади.

Хитой ҳарбий харажатларни оширмоқда

Хитой 2025 йилнинг бошидаги 5 фоизлик иқтисодий ўсиш фонида мудофаа бюджети 7,2 фоизга оширилишини маълум қилди. Бу иқтисодий ўсиш прогнозидан юқори бўлиб, мамлакат мудофаа харажатлари 1,8 трлн юан (249 млрд доллар) га етиши кутилмоқда.

Бутунхитой халқ вакилларининг 14-йиғинида ХХР раиси Си Жинпинг ва ҳукумат раҳбарлари иқтисодий ривожланиш режаларини муҳокама қилди. Унда ишсизлик даражасини 5,5 фоиздан оширмаслик, 12 млн янги иш ўринлари яратиш ва инфляцияни 2 фоиз атрофида ушлаб туриш мақсад қилиб қўйилди.

Ҳукумат ички истеъмол ва янги технологиялар, жумладан сунъий интеллект ва квант соҳасини ривожлантиришга устувор аҳамият қаратишини таъкидлади.

Шуҳрат Шокиржонов
Муаллиф Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид