Жаҳон | 12:42 / 08.03.2025
1755
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг «соядаги» флоти операторининг соф фойдаси икки баравар камайди

Россиянинг энг йирик юк ташиш компанияларидан бири «Совкомфлот»нинг 2024 йилдаги соф фойдаси Ғарб санкциялари туфайли 2023 йилдаги кўрсаткичларга нисбатан 2,2 бараварга камайди.

Фото: Frank Molter/dpa/picture alliance

Россиянинг энг йирик юк ташиш компанияларидан бири «Совкомфлот»нинг 2024 йилдаги соф фойдаси 2023 йилдаги (943 миллион доллар, 870 миллион евро) кўрсаткичларига нисбатан 2,2 баравар камайиб, 424 миллион долларни (391 миллион евро) ташкил этди. Бу ҳақда 7 март, жума куни эълон қилинган йил якунлари бўйича консолидацияланган молиявий ҳисоботда айтилади.

EBITDA кўрсаткичи (солиқлар ва бошқа харажатлардан олдин) бир йил олдинги 1,574 миллиард доллар (1,451 миллиард евро)га нисбатан 1,041 миллиард долларни (960 миллион евро) ташкил этди.

ОАВ хабарларига кўра, компания Россия Федерациясининг «соядаги» флотининг оператори ҳисобланади.

Оператор фаолиятига геосиёсий омиллар ва Ғарб санкциялари таъсир кўрсатди, дея таъкидлади «Совкомфлот». «АҚШ Молия вазирлигининг ҳисобот санасидан кейин киритилган янги кенг кўламли санкциялари компания фаолиятида қўшимча чекловчи омил бўлди», — дея қўшимча қилинди.

«Совкомфлот» акциялари биржада арзонлашди

«Интерфакс» агентлигининг 7 март куни хабар беришича, «Совкомфлот» акциялари нархи Москва биржасида асосий савдо сессияси бошланишида 2 фоизга пасайиб, ҳар бир акция учун 94,17 рублни ташкил қилди.

The Moscow Times нашрининг январ ойи ўрталаридаги ҳисоб-китобларига кўра, АҚШнинг янги санкциялари Россиянинг «соядаги» флотидаги 3,5 миллиард доллардан (3,2 миллиард евро) ортиқ нефт ташувчи танкерларнинг қарийб ўндан бир қисмининг тўхтаб қолишига сабаб бўлди.

Нашр Lloyd's List Intelligence ҳисоб-китобига асосланган. Унга кўра, Россия соядаги флотининг умумий ҳажми деярли 670 та кемани ташкил қилган. Шу билан бирга, Reuters агентлигининг хабар беришича, 13 январ ҳолатига кўра, Россия нефтини олиб кетаётган камида 65 танкер Хитой ва бошқа мамлакатлар портларига кира олмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид