Ўзбекистон | 12:29 / 10.03.2025
28946
7 дақиқада ўқилади

Квартирасида ёлғиз вафот этаётган кексалар – уларни ким топиб олади?

Ривожланган давлатларнинг айримларида одамлар квартирасида кимсасиз вафот этади. Баъзан жасадлардан ойлаб, ҳатто йиллаб ҳеч кимнинг хабари бўлмайди. Ўлим ҳақида йиғилиб қолган коммунал қарздорлик, баъзан хонадондан чиққан нохуш ҳид сабаб билиб қолишади. Хўш, уларнинг танаси охирги манзилга қандай кузатилади?

Фото: AP

Нега одамлар ёлғиз вафот этади?

Уйда кимсасиз вафот этиш Япония, Жанубий Корея ва Европанинг айрим давлатларида учраб туради. Шаҳарлашув баланд ҳудудларда ёлғизлик ва демографик ўзгаришлар кузатилади. Бу аҳолининг қариши, оилавий алоқаларнинг заифлашишидан келиб чиқади.

Шунингдек, ижтимоий изоляция, яъни одамлар яккаланиб яшаши, қўшнилар ва қариндошлар билан алоқа сустлиги, уй-жой бозоридаги шароитлар, ижтимоий тизимнинг яхши йўлга қўйилмагани ёлғиз ўлимларга сабаб бўлади.

Кодокуши” пандемияси

Ёлғиз ўлим энг кўп учрайдиган давлат Япония. Давлатда “Кодокуши”, яъни “ёлғиз ўлим” кенг тарқалган ва жиддий ижтимоий муаммога айланган. Бунинг асосий сабаблари ёши катта аҳолининг кўплигида. Япония дунёда энг кекса давлатлардан бири. Аҳолининг 30 фоиздан ортиғи 65 ёшдан катта. Илгари кексалар фарзандлари ёки қариндошлари билан яшаган бўлса, ҳозир ёшлар мустақил ҳаёт кечиришни афзал кўришмоқда.

Масалан, 2008 йилда Осакада бир эркак жасади квартирада 6 ой қолиб кетган. 2017 йилда эса Токиода бир аёлнинг жасади квартирада 5 йил давомида топилмай қолган. Тўловлар автоматик тарзда банкдан ўтиб турган, шунинг учун ўлимдан кеч хабар топишган.

Жанубий Корея – “Годокса” муаммоси

Кореяда бу ҳолат “Годокса” деб аталади ва у охирги йилларда жуда жиддий муаммога айланган. Бунга сабаб ёлғиз яшовчи аҳоли кўпайишида. 2021 йилда Сеулдаги уй хўжаликларининг 40 фоизи ёлғиз яшовчилардан иборат бўлган.

Кореяда ҳам оилавий алоқалар сусайган. Илгари корейс оилаларида катта авлодни ҳурмат қилиш ва уларга қараш муҳим саналган. Ҳозир бу анъана сустлашган. Бундан ташқари, кучли иш босими ва депрессия кенг тарқалган. 2013 йилда Сеулда бир аёл квартирасида 6 ой давомида топилмаган. Қўшнилар ёмон ҳид келаётгани сабаб полицияга хабар берган.

Европа давлатлари

Америка ва Европада ҳам ёлғиз вафот этиш ҳолатлари учрайди. Масалан, 2014 йилда Англияда бир кишининг жасади ўз квартирасида 2 йил давомида қолиб кетган. Ижара тўловлари автоматик қабул қилингани сабаб буни ҳеч ким сезмаган.

Россияда ҳам бу муаммо долзарб, айниқса Москва ва Санкт-Петербург каби йирик шаҳарларда. Одамлар ичкилик ёки гиёҳванд моддалар истеъмол қилиб вафот этади ва узоқ вақт топилмайди. Мисол учун, 2019 йилда Москвада бир одам жасади квартирасида 1 йил қолган. Электр энергиясидан қарздорлик сабабли мутасаддилар эшикни очишга мажбур бўлган.

Жасадлар қанча вақтгача топилмай қолиши мумкин?

Бундай ҳолатлар тарихда кўп содир бўлган. Уйида кимсасиз вафот этганларнинг қўшнилари, оила аъзолари, ижарага берувчи, ишхонасидаги ҳамкасблари йўқлигини сезиб шубҳаланишга бориши мумкин. Бундан ташқари, почта ёки коммунал тўловлар йиғилиб қолса, уйдан нохуш ҳид чиқса шубҳа уйғониши мумкин.

2006 йил Францияда бир аёлнинг жасади Париждаги квартирасида тахминан уч йил ётган. Уйдан доимий равишда ижара тўлови автоматик равишда ечиб борилгани учун ҳеч ким шубҳаланмаган. Банк ҳисобварағида пул тугагандан кейин уй эгаси текширишга келганда билиб қолган.

2013 йил Японияда 50 ёшли аёлнинг тахминан 10 йил давомида ўз квартирасида ўлиги ётган. Уни ҳам уй эгаси ижара тўлови учун келганда билган.

2003 йил Буюк Британияда 38 ёшли аёл Лондондаги квартирасида тахминан икки йил давомида вафот этган ҳолда ётган. Уни топишганда телевизори ҳали ҳам ёқиқ бўлган.

2020 йил Японияда 70 ёшли эркак уч йил давомида квартирасида ҳеч ким сезмаган ҳолда ўлик ҳолда ётган.

2019 йил АҚШда 75 ёшли эркакнинг жасади тахминан 6 ой давомида Бруклиндаги квартирасида топилмай қолган. Қўшнилар ёмон ҳид сезиб, полицияга хабар бергач, ҳид жасаддан чиқаётгани аниқланган.

Жасаднинг аҳволи қандай бўлади?

Одам вафот этганидан кейин дастлабки 1-7 кунларда тана қотади ва кейин яна юмшайди. Ички аъзолар парчаланишни бошлайди. Тананинг ранги ўзгариб, кўкариш ва қизариш пайдо бўлади.

Кейинги 1-4 ҳафта ичида эса бадан шишиб кетади, ички газлар тўпланади, тери ёрилиб, суюқлик чиқиши мумкин. Агар иссиқ об-ҳаво бўлса, жасад тезроқ бузилади. Бу жараённи ҳашарот ва бактериялар тезлаштиради.

Бир неча ой, йиллар ўтиб тана бутунлай парчаланади, фақат суяклар қолади. Қуриган жойда ёки совуқ об-ҳавода тана мумиёланиши мумкин. Сувда ёки нам жойда эса жасад шилимшиқ масса ҳолига келиши мумкин.

Марҳумни йиғиштириб олиш қандай давом этади?

Агар жасад узоқ вақт топилмай қолган бўлса, уни махсус хизматлар йиғиштиради. Дастлаб полиция ва экспертлар келади. Жасад аниқланган жой тиббий экспертлар томонидан ўрганилади. Шахсини аниқлаш учун ДНК, тиш излари ёки шахсий буюмлар текширилади. Айни пайтда жасаднинг ўлим сабаби ва тахминий вақти аниқланади.

Жасадни олиб чиқиш ҳам бир неча хил бўлиши мумкин. Агар тана суюқликка айланган бўлса, махсус ниқоб ва қўлқоп кийган экспертлар матолар ёки махсус воситалар билан йиғиштиришади. Агар суяклар қолган бўлса, эҳтиёткорлик билан суд экспертизаси лабораториясига олиб кетилади.

Жасад олиб кетилгандан кейин дезинфекция ва тозалаш бошланади. Хона ёки жой махсус кимёвий воситалар билан тозаланади. Қаттиқ ҳиди бўлса, ҳаво тозалаш тизимлари ишлатилади. Баъзан, пол ёки девор қопламалари алмаштирилиши керак бўлади.

Уни ким дафн қилади?

Бундай ҳолатларда одамларнинг қандай дафн қилиниши уларнинг оиласи, жамиятдаги ҳолати ва маҳаллий қонунларга боғлиқ. Агар оила ёки яқинлари топилса, жасад уларга топширилади. Ҳеч қандай оила ёки дўстлари бўлмаса, давлат ёки маҳаллий ҳокимият марҳумнинг жасадини ўз зиммасига олади. Одатда оммавий қабристон ёки қашшоқ қабристони деб аталадиган жойларда дафн қилинади. Баъзи давлатларда бундай жасадлар давлат маблағлари ҳисобидан кремация қилинади ва кул қабристонда сақланади. Агар марҳум анча вақтдан кейин топилган бўлиб, шахсни аниқлаб бўлмаса, жасад номаълум шахс сифатида дафн қилинади.

 

Зуҳра Абдуҳалимова
Тайёрлаган Зуҳра Абдуҳалимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид