Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Трампнинг сиёсатдаги “қиморбозлигини” Канада тушунолмаяпти” – АҚШ барибир савдо божларини жорий қилди
Трампнинг Канада товарлари учун ваъда қилган савдо божлари 4 мартдан эътиборан қисман жорий қилинди. Президентга кўра, 2 апрел санасидан бошлаб ҳам Канада, ҳам Мексика учун бож тўлиқ ёзила бошланади. Канада бош вазири Жастин Трюдо эса буни “уруш” дея атади ва “АҚШ бизда уруш очди” деб мурожаат йўллади. Kun.uz суҳбатлашган Канада Консерватив партияси аъзоси Обидхон Мамадалиев фикрига кўра Оттава жим қараб турмайди.
Доналд Трамп иккинчи марта президентлик курсисини эгалларкан, ўзининг “эски қўшиғи”ни куйлай бошлади, яъни яна асосий савдо ҳамкорлари учун савдо божларини белгилади. Феврал бошидан жорий қилиниши кутилган бу божлар Канада ва Мексика учун кечиктирилди, Хитойга эса ёзила бошланди. Бироқ 4 мартдан эътиборан Канададан импортнинг ярми учун 25 фоизлик йиғим расман жорий этиларкан, Трамп шу йилнинг 2 апрелидан бошлаб тўлиқ маҳсулотлар учун бож олишини эълон қилди. Президент шу куни конгрессга мурожаат йўлларкан, буни яна бир бор тасдиқлади.
Канада бош вазири Жастин Трюдо эса бунга муносабат билдираркан, ўзининг ғазабини яширмади.
“АҚШ бизга савдо урушини эълон қилди, биз Америка халқига душман эмасмиз. Америкаликлар бизнинг дўстларимиз, ҳамкорларимиз, қўшниларимиз, биз улардан дарғазаб эмасмиз. Биз Америка ҳукуматидан ғазабдамиз, энди дам олиш учун Флоридага бормаймиз, уларнинг маҳсулотларидан ҳам олмаймиз. Ҳозирча 30 млрд долларлик товарларга жавоб божини жорий қиламиз, 21 кун ичида эса тўлиқ Америкадан импортга 25 фоиз миқдорида йиғим ёзилиши таъминланади”, - деди Канада бош вазири.
Kun.uz суҳбатлашган Канада Консерватив партияси аъзоси Обидхон Мамадалиев фикрича, икки давлатнинг бугунгача бирор муаммоси ёки келишолмаган масаласи йўқ эди.
Трамп сиёсатчи эмас, тадбиркор бўлгани боис ҳам сиёсатдаги қиморбозлигини ҳеч қанақасига тушуниб бўлмайди. Бу бир кишининг инжиқлиги холос”, - дейди юртдошимиз.
Ҳозирча Канада 30 млрд долларлик товарлар учун бож жорий қиларкан, кейинги қадамлар шу кунларда жиддий муҳокамада. Параллел равишда Жастин Трюдо лавозимини топширишга тайёргарлик кўрмоқда ва яқинда сайлов санаси белгиланади. Давлат иқтисодиёти учун муҳим провинция – Онтариода ўтказилган маҳаллий сайловларда Консерватив партия 80 фоиз овоз билан ишончли ғалабага эришган. Канадада ҳам либераллар даври якунига етаётганга ўхшайди. Якшанба, 9 март куни Либераллар партияси ўзига янги лидер сайлайди ва сайлов куни ҳам белгиланиши кутилмоқда.
“Айни вақтда Канада ҳукумати кучли эмас, чунки Трюдо кетишни режалаяпти. Сайлов санаси эса либераллар ўзига янги лидер сайлаганидан кейин белгиланади. Демак, янги ҳукумат қачон шакллансагина Трамп администрацияси билан бу масалада жиддий гаплашади. Ҳали Канада парламенти йил бюджетини ҳам тасдиқламаган. Олдимизда Россия-Украина уруши, бож ва кўплаб масалалар йиғилиб кетди. Лекин халқ бунга бардош бера олади, шуни кутяпмиз”, - дейди Обидхон Мамадалиев.
“Трюдонинг Лондон саммитидаги чиқиши Трампни хафа қилди”
2 март куни Лондонда Британия бош вазири раислигида Украина урушини якунлаш учун саммит ўтказиларкан, Вашингтонда Трамп билан жанжаллашиб қолган Володимир Зеленскийни Европа етакчилари жуда илиқ қарши олганди. Сиёсатчилар орасида Канада бош вазири ҳам бор эди ва у Украинани Оттава доим қўллашини билдирди. Алоҳида матбуот брифинги ўтказиб, Украина келажагини муҳокама қилиш учун алянсдагилар йиғилганини айтиб, Россияга яна қўшимча санкциялар эълон қилишини билдирди.
Обидхон Мамадалиев фикрича, Трампнинг бунга реакцияси салбий бўлган. Телефон орқали ўтган мулоқотда қарийб 1 соатлик муҳокамадан сўнг бож масаласини вице-президент Вэнс ва Канада савдо вазири давом эттирган. 4 март эрта тонгданоқ Вашингтон савдо божлари ёзила бошланганини эълон қилган. Трюдонинг ҳам муносабати жуда жиддий бўлди, дейди суҳбатдошимиз.
“Трамп, сен ақлли инсонсан. Лекин бу ишинг бутунлай аҳмоқнинг иши бўлди”, деди бош вазир Трюдо.
Илон Маскни Канада фуқаролигидан маҳрум қилувчи петиция пайдо бўлган, имзолаш давом этмоқда
Канадаликлар Трампнинг ҳамтовоғи, Оқ уйда амал теккан Илон Маскдан дарғазаб бўлиб, уни Канада фуқаролигидан маҳрум қилиш ҳаракатида. Феврал ойи охирида Маскка қарши “Канада манфаатларига зид фаолият билан шуғилланганлик аризаси” парламентга киритилган. 26 феврал куни эълон қилинган петицияни 1 ҳафтада 250 мингдан ошиқ канадаликлар имзолаган. Айниқса, улар Канадани АҚШга қўшиб олиш ташаббусини қўллагани учун Маскни фуқароликдан маҳрум қилмоқчи. Петицияда маълум қилинишича, Илон Маск Трамп билан ҳамфикрлиги ва Канада мустақиллиги, суверенитетини хавф остига қўйгани учун 40 миллионлик аҳоли нафратига дучор бўлди.
Консерватив партия аъзосининг айтишича, петиция 2 миллиондан ортиқ имзо йиғса, парламент даражасида кўриб чиқилади. Лекин катта эҳтимол билан бу фойдасиз натижага эришади.
“Канада миграция ташкилоти билан ҳам суҳбатлашиб кўрдим. Айни вазиятда Илон Маск Канада мустақиллиги ёки суверенитетини хавф остига қўювчи бирор ҳаракатни ҳали содир этмаган. Конституцияга мувофиқ уни жазога тортиб бўлмаган. Агар Канадани қўшиб олиш ташаббусини Трамп эмас, у билдирганида балки паспорти бекор қилинган бўларди”, дейди Обидхон Мамадалиев.
Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг савдо божлари эълони ортидан Онтариодаги дўконлардан Америка товарлари йиғиштириб олинмоқда, айниқса алкогол маҳсулотлари. Провинция бош вазири Даг Форд қатор маҳаллий ва Америка телеканалларида чиқиш қилиб, Трампни икки давлат алоқаларини бузганликда айблади.
“Президент Трамп халқига янги иш ўринларини яратаман, деб ваъда берганди. Лекин амалиётда бутунлай бошқа ишларни қилмоқда, савдо божлари ортидан бозор ўлади, иқтисодиёт тўхтаб қолади. Натижада эса иш ўринлари йўқолиб кетади. Биз ҳам албатта, жавоб чораларини қўллаймиз. Ҳозирданоқ қатор келишувларни бекор қиламиз”, - деди Форд.
Мавзуга оид
12:35 / 28.05.2025
Трамп: Канада "Олтин гумбаз" ҳимоясини 61 млрд долларга олади
18:03 / 27.05.2025
Канада парламентининг янги спикери лавозим курсисига мажбуран ўтқазилди
20:02 / 24.05.2025
G7 саммити ва Трампнинг божлари: музокараларда аниқ натижалар кўринмади
00:45 / 22.05.2025