Жаҳон | 21:01 / 11.03.2025
2605
5 дақиқада ўқилади

11 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

«Навоийазот»даги портлаш, «иномарка»лардан воз кечаётган амалдорлар, президентнинг Францияга ташрифи ва овоз бериш бошланган «Опен бюджет»нинг янги мавсуми — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

«Навоийазот»даги портлаш: бир киши ҳалок бўлди

«Навоийазот» АЖда рўй берган портлашда бир киши қурбон бўлган 11 киши жароҳатланган. ФВВ ҳозирда жабрланганларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилаётганини маълум қилди.

Воқеа 11 март куни соат 14:10 да «Навоийазот» АЖнинг 25-цехи лабораториясида газ-ҳаво аралашмасининг портлаши туфайли рўй берган. Портлаш натижасида ёнғин келиб чиққан.

Ҳодиса жойига 10 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб борган. Ҳозирда ёнғинни бартараф этиш ишлари олиб борилаётгани билдирилди. Воқеа жойига вилоят ФВБ бошлиғи, ИИБ, ССБ, прокуратура ходимлари чиқишган. Ёнғин-қутқарув экипажлари томонидан ёнғин соат 14:20 да қуршаб олиниб, 14:50 да батамом ўчирилган.

«Ҳодиса оқибатида бир нафар фуқаро ҳалок бўлган ва 11 нафар фуқаро тан жароҳати олган. Ҳозирда жабрланганларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари амалга оширилмоқда», дейилади Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарида.

Амалдорлар “маҳаллий” автомобилларига ўтмоқда

Президент топшириғидан кейин, бош вазир Абдулла Арипов Mercedes-Benz русумли хизмат автомобилидан Chevrolet Malibu'га ўтган. Парламент палаталари раҳбарлари Chevrolet Tahoeʼдан фойдалана бошлаган.

Бош вазир матбуот котибига кўра, Абдулла Арипов 7 март куни видеоселектор йиғилиши ўтказиб, барча амалдорларга хорижий хизмат машиналаридан фойдаланишни тўхтатиш топшириғини берган. Амалдорларнинг бу қоидани бир неча ҳафтадан кейин жорий қилиш ҳақидаги таклифини бош вазир рад этган.

Бош вазир ўринбосарлари ҳам Malibuʼдан фойдаланишга ўтган. Вилоятлар ҳокимларига эса эндиликда Tahoe, Traverse каби автомобиллар хизмат кўрсатмоқда.

Шунингдек, Сенат раиси Танзила Норбоева ва Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов ҳам Tahoeʼда юрибди.

Қайд этиш лозим, юқорида номи тилга олинган автомобиллардан ҳеч бири Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайди, UzAuto Motors томонидан импорт қилинади.

Амалдорлар аввал фойдаланган «иномарка»лар эса E-auksion платформаси орқали сотувга чиқарилиши кутилмоқда.

«Ташаббусли бюджет»га овоз бериш бошланди

Иқтисодий ва молия вазирлиги «Ташаббусли бюджет»нинг 2025 йилги 1-мавсуми учун овоз бериш жараёнини бошлади. Фуқаролар 20 март соат 23:59 га қадар ўз овозларини бериши мумкин.

Овоз бериш «Очиқ бюджет» портали, унинг мобил иловаси ёки Telegramʼдаги расмий бот орқали амалга оширилади. Лойиҳалар 1-20 феврал кунлари тақдим этилиб, 11-20 март кунлари овоз йиғилади. Ғолиблар 21 март куни — Наврўз байрамида эълон қилинади.

Сенат Кенгаши қарорига кўра, ҳар йили туман ва шаҳар бюджетидан камида 10, кўпи билан 30 та лойиҳага маблағ ажратилиши белгиланган.

Чегарада навбатсиз ўтиш учун тўлов

2025 йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистон чегара божхона постларида пулли «Fast-truck» хизмати жорий этилади. Ундан фойдаланиш учун БҲМнинг 15 фоизи — 56 минг сўм миқдорида тўлов тўлаш керак бўлади.

Божхона қўмитасига кўра, бу хизмат бизнес ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун ихтиёрий равишда таклиф этилади. Айрим тоифадаги шахслар, хусусан, ақлий ёки жисмоний имконияти чекланганлар, бепул ўтиш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек, Сингапур тажрибасига асосланган ҳолда божхона тизимида сунъий интеллект жорий этилмоқда. Бу декларация жараёнларини тезлаштириш, инсон омилини камайтириш ва бизнес учун вақтни тежашга хизмат қилади.

Мирзиёевнинг Францияга давлат ташрифи

Президент Шавкат Мирзиёев 11-13 март кунлари Францияга давлат ташрифи билан боради. Парижда у Франция президенти Эммануэл Макрон билан музокаралар ўтказиб, расмий ва ишбилармон доира вакиллари билан учрашади.

Ташриф давомида Ўзбекистон—Франция муносабатларини мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва йирик француз компаниялари билан қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш режалаштирилган. Саммит якунида ҳукуматлараро битимлар имзоланади.

Давлат раҳбари ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле билан ҳам учрашиб, жорий йилнинг кузида Самарқандда ўтадиган Бош конференцияга тайёргарлик масалаларини муҳокама қилади.

Мавзуга оид