Ўзбекистон | 20:43 / 11.03.2025
3555
2 дақиқада ўқилади

Қатарда туҳмат сабаб жавобгарликка тортилган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди

Аниқланишича, иш берувчи ушбу фуқаро устидан ёлғон ариза берган. Натижада у Қатар қонунчилигини бузганликда айбдор деб топилиб, ҳибсга олинган.

Фото: Getty images

Қатардаги элчихонаси дипломатлари кўмагида Доҳа шаҳрида қийин аҳволда қолган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди.

2024 йил май ойида Қатарга ишлаш мақсадида борган Х.Н. иш берувчининг ёлғон аризаси асосида Қатар қонунчилигининг бир неча моддаларини бузганликда айбдор деб топилган ва ҳибсга олинган. Шу боисдан фуқаро амалий ёрдам сўраб элчихонага мурожаат қилган.

Маълум бўлишича, у 2024 йилда Доҳа шаҳрига гўзаллик салонида ишлаш мақсадида келган. 2024 йил август ойида ушбу фуқаро иш берувчининг турли сабабларни рўкач қилиб, гўзаллик салони ҳудудини тарк этиш талабидан кейин вақтинча яшаш учун меҳмонхонага жойлашган. Орадан кўп ўтмай маҳаллий полиция ходимлари Ўзбекистон фуқаросини қочоқ ва ўғриликда гумон қилиб, қўлга олган.

Суриштирувлар давомида унга иш берувчи томонидан туҳмат қилингани, кафил рухсатисиз қочгани ва ўғриликни содир этгани сабабли бир йиллик жазо муддатини ўтамагунча, Қатар ҳудудини тарк эта олмаслиги маълум бўлган.

Қатар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва тегишли органлари билан олиб борилган музокаралар ва суд эшитувлари жараёнларида дипломатлар иштироки таъминланган. Саккиз ой давомида олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида бир йил муддатга жазони ижро этишга ҳукм қилинган Х.Н. суд залидан айбсиз деб топилиб, озод қилинган. Шунингдек, унга Қатар ҳудудини тарк этиш бўйича қўйилган барча тақиқлар олиб ташланган.

5 март куни дипломатлар кўмагида у Доҳа—Тошкент йўналишидаги тўғридан-тўғри ҳаво қатнови орқали Ўзбекистонга қайтарилган.

«Қатарга меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида келаётган фуқароларимиздан лицензияга эга бўлган рекрутинг агентликлари хизматларидан фойдаланиш, қонуний тарздаги шартномаларни имзолаган ҳолда ишга жойлашиш ҳамда Қатарнинг иммиграция ва меҳнат қонунчилиги талабларига риоя қилиш зарурлигини сўраймиз», – дейилади хабарда.

Мавзуга оид