Жаҳон | 00:42
5580
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Украина молия вазирлари даражасида нодир металлар бўйича битимни келишиб олди

Саудия Арабистонида ўтказилган музокараларда Киев ва Вашингтон нодир металлар бўйича битимни имзоламади. Таъқидланишича, ҳар икки мамлакат президентлари ўз ҳукуматларига «ушбу масалани охирига етказишни» топширган.

Фото: Telegram / Андрей Ермак

АҚШ ва Украина ўртасида нодир металлар бўйича битим ҳар икки давлат молия вазирлари томонидан келишиб олинди, аммо Саудия Арабистонидаги музокараларда муҳокама қилинмади. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Марко Рубио маълум қилди.

«Президентларимиз ўз ҳукуматларининг тегишли аъзоларига буни охирига етказиш ва якунлашни топширди», — деди Рубио музокараларда нима учун битим имзоланмагани тўғрисидаги саволга жавобан.

Унинг қўшимча қилишича, Жиддада Америка ва Украина делегациялари «тинчлик ортидан қувган», аммо бу битим у қадар муҳим эмаслигини англатмайди. «Шуҳбасиз, муҳим ва биз буни қўшма баёнотда билдирамиз», — деди Рубио.

АҚШ ва Украина президентлари муҳим минерал ресурсларни қазиб олиш битимини «имкон қадар тезроқ» тузишга келишиб олгани ҳақида музокаралар якунида Украина президенти офисининг раҳбари Андрей Ермак ҳам маълум қилди.

Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида 11 март куни АҚШ ва Украина делегациялари музокаралар ўтказди. Музокаралар якунида Украина томони 30 кунга ўт очишни тўхтатиш режимини жорий этишга рози бўлди. Ўз навбатида Вашингтон Киевга разведка маълумотлари ва ҳарбий ёрдам «зудлик билан» тикланишини билдирди.

Музокаралардан кейин Володимир Зеленский видеомурожаат билан чиқиб, Украина таклифларини тушунаётгани учун Доналд Трампга миннатдорчилик билдирди.

Reuters агентлигининг ёзишича, Доналд Трамп АҚШ ва Россия вакиллари Украинада ўт очишни тўхтатиш масаласини муҳокама қилиш учун 11 ёки 12 март куни учрашишини айтган. Трамп, шунингдек, Украина президенти Зеленскийни яна Оқ уйга таклиф қилишини билдирган. «Чунки биз Украинадаги урушни тугатишни хоҳлаймиз», — деган у.

Мавзуга оид