Жаҳон | 10:10
2632
3 дақиқада ўқилади

Ар-Риёд Украинани қайта тиклашга сармоя киритиши мумкин

Саудия Арабистони урушдан кейин Украинани қайта тиклашга сармоя киритиши мумкин. Бундай келишувларга Володимир Зеленский ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг Жиддадаги учрашувида эришилган.

Фото: president.gov.ua

Украина президенти Володимир Зеленский ва Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Жиддада музокара ўтказди ва сармоявий ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олди. Бу ҳақда 11 март, сешанба куни Украина президенти ва Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлиги сайтларида хабар берилди.

«Украина савдо-иқтисодий ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни фаоллаштиришдан, шунингдек, Саудия Арабистонининг сармоялари ва мамлакатимизни тиклашдаги иштирокидан манфаатдор. Валиаҳд шаҳзода Украинага ва унинг келажагига сармоя киритиш ниятини тасдиқлади», деб ёзади Украина томони.

Саудия томонининг таъкидлашича, етакчилар энергетика, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш ва инфратузилма каби соҳаларда «истиқболли сармоявий ва иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали сармоявий муносабатларни мустаҳкамлашга қатъийликларини яна бир бор тасдиқладилар». Зеленский ва бин Салмон, шунингдек, «нефт, газ, уларнинг ишлаб чиқарилиши ва нефт-кимё соҳаларида ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилиш истагини билдирди», дея қўшимча қилди Ар-Риёд.

Зеленский: Украина ўт очишни тўхтатиш таклифига рози

Украина АҚШнинг 30 кунлик оташкесим ўрнатиш таклифига рози бўлди, энди Вашингтон Россияни ишонтириши керак. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский 11 март куни кечки нутқида Киев ва Вашингтон вакиллари ўртасидаги музокаралар натижаларини шарҳлар экан, айтиб ўтди.

Унга кўра, Саудия Арабистонидаги музокараларда Киев учта таклифни илгари сурган: «осмонда сукунат», «денгизда сукунат» ва «асирларни озод қилиш». Бунга жавобан, Зеленский таъкидлаганидек, Америка томони олдинга биринчи қадамни қўйишни таклиф қилди ва 30 кун давомида сувда, ҳавода ва бутун фронт чизиғи бўйлаб тўлиқ ўт очишни тўхтатиш режимини ўрнатишга ҳаракат қилади. «Украина бу таклифни қабул қилмоқда, биз буни ижобий деб ҳисоблаймиз, биз шундай қадам ташлашга тайёрмиз. АҚШ Россияни бунга ишонтириши керак. Яъни, биз розимиз, агар руслар рози бўлса сукунат ҳукм суради», — деди Украина президенти.

Мавзуга оид