Австралиялик эркак сунъий юрак билан 100 кун яшаб, рекорд ўрнатди
Австралияда 40 ёшли эркак 100 кун тўлиқ сунъий юрак билан яшаган дунёдаги биринчи инсон бўлди. Март ойи бошида унга ҳақиқий донор юраги кўчириб ўтказилди.

Фото: Claire Usmar/BiVACOR
Янги Жанубий Уэлс штатида яшовчи бемор оғир юрак етишмовчилигидан азоб чекиб келаётганди. У ўз хоҳиши билан сунъий юрак трансплантациясига рози бўлди. Шу тариқа эркак Австралияда биринчи, дунё бўйлаб олтинчи имплантат юрак олган беморга айланди.
BiVACOR имплантати австралиялик олим Даниэл Тиммс томонидан ишлаб чиқилган. Бу дунёдаги биринчи роторли насос ва магнит левитация асосида ишлайдиган қурилма бўлиб, бундай механизм табиий қон айланишига ўхшаш жараённи ҳосил қилади.
Сунъий юрак имплантацияси бўйича дастлабки бешта операция 2024 йилда АҚШда ўтказилган. Барча беморлар охир-оқибат донорлик юракларини олган, аммо имплантация ва трансплантация ўртасидаги энг узоқ давр атиги 27 кунни ташкил этган. Австралиялик бемор эса сунъий юрак билан уч ойдан ортиқ яшади.
Австралия ҳукумати маълумотларига кўра, мамлакатда 23 миллиондан ортиқ одам юрак етишмовчилигидан азият чекмоқда, аммо улардан атиги 6 минг нафари донорлик юрагини олади. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун ҳукумат сунъий юрак технологиясини ривожлантиришга 50 миллион доллар ажратди.
Профессор Крис Хейворд BiVACOR юрак етишмовчилигини даволаш усулини тубдан ўзгартиришига қаттиқ ишонмоқда.
“Кейинги ўн йил ичида сунъий юрак донорлик юрагини кута олмайдиган беморлар учун ҳақиқий муқобил бўлади”, — деди у.
Қурилма ҳозирча вақтинчалик ечим сифатида қаралаётган бўлса-да, келажакда ишлаб чиқарувчилар уни юрак ўрнини доимий босадиган воситага айлантирмоқчи. Бироқ профессор Девид Колкухуннинг огоҳлантиришича, ҳозирча имплантнинг ишлаш муддати атиги 100 кун, донор юраги эса 10 йилдан ортиқ (ёки 3000 кун) ишлайди. Шу сабабли сунъий юрак трансплантациянинг ўрнини босади деб ҳисоблаш учун ҳали “узоқ йўлни босиб ўтиш керак”.
Мавзуга оид

13:58 / 07.03.2025
Австралияда ўсмир ўқотар қурол билан самолёт бортига яширинча чиқди

15:29 / 03.03.2025
Австралияда 2,4 млн чақалоқнинг ҳаётини сақлаб қолган донор вафот этди

10:12 / 28.02.2025
Олий суд ҳузурида Ахборот технологиялари маркази ташкил этилади

15:57 / 25.02.2025