ФИФА Жаҳон Кубогини ислоҳ қилиб, иштирокчилар сонини 64 тага етказмоқчи
ФИФА президенти Жанни Инфантино Жаҳон Кубоги иштирокчилари рўйхатини 64 та жамоага кенгайтириш режасини маълум қилди.

Фото: FIFA
2025 йил март ойида Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) раҳбарияти ўзининг асосий турнири бўлмиш Жаҳон Кубогида навбатдаги ислоҳотларни эълон қилди. Биринчидан, 2026 йилда Жаҳон Кубоги финал ўйини формати катта эҳтимол билан Супербоул каби бўлади, танаффус пайтида дунёга машҳур юлдузлар чиқиш қилади. Иккинчидан, ФИФА президенти Жанни Инфантино Жаҳон Кубоги иштирокчилари рўйхатини 64 та жамоага кенгайтириш режасини маълум қилди. Forbes Sport бу ташаббуслар ва улар нима учун кескин танқидларга учрагани ҳақида маълумот берди.
Иштирокчилар рўйхати 48 та жамоага кенгайтирилгани сабабли (ушбу форматдаги биринчи турнир 2026 йилда АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади), ҳозир Жаҳон Кубогини мустақил равишда ўтказишга қодир бўлган давлатлар деярли қолмади: зарур молиявий инвестициялар миқдори жуда катта. Кейинги учта турнирдан фақат 2034 йилги Жаҳон Кубоги бир мамлакатга тўғри келади - унга Саудия Арабистони мезбонлик қилади. Бу мамлакат ўз имижини яхшилаш учун миллиардлаб маблағ сарфлашга тайёр.
Аммо 2030 йилда бундай саховатли ташкилотчи бўлмайди ва турнир ФИФАнинг баҳсли ислоҳотлари рамзига айланади: чемпионат бирданига учта қитъанинг етти давлатида – Чили, Аргентина, Парагвай, Уругвай, Марокаш, Португалия ва Испанияда ўтказилади.
Бироқ, энди турнирлар янада «оғирлашиши» эҳтимоли бор. Март ойи бошида ФИФА Жаҳон Кубогини 64 та жамоага кенгайтириш имкониятини кўриб чиқиши мумкинлигини эълон қилди. Бу таклиф билан ФИФА кенгаши йиғилишида Уругвай футбол федерацияси президенти Игнасио Алонсо чиқди. У Жаҳон Кубогининг юз йиллиги шарафига иштирокчилар сонини оширишни таклиф қилмоқда.
ФИФА президенти Жанни Инфантино бу ғояни «таҳлилга лойиқ» деб атади. Бироқ ФИФА кенгашининг бошқа аъзоларида унчалик иштиёқ йўқ, манбалар уругвайликларнинг таклифи «сукут» билан қарши олинганини хабар қилди.
Аммо, ҳамма нарса ҳали ҳам ўзгариши мумкин. Қарор қабул қилишда ФИФА раҳбарияти фақат сиёсий ва молиявий манфаатларга амал қилади. Жаҳон Кубогининг аввалги 48 та жамоага кенгайиши нафақат трансляциялар сони ва реклама даромадларини ошириш истаги, балки ФИФА раҳбариятининг минтақавий ассоциациялардан энг бойи ва нуфузлиси – Европа УЕФА раҳбарияти билан курашда ўз таъсирини кучайтириш истаги билан изоҳланган эди.
Ўзининг асосий турнири бўлмиш Чемпионлар Лигаси туфайли Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) футболдаги етакчи ташкилотдан бир неча баробар кўп даромад топади. УЕФА ҳар йили Европа мусобақаларидан тахминан 5 миллиард евро олади, шундан 7 фоизи ташкилот ҳисобида қолади. ФИФА ҳам ўз даромадларини кўпайтирмоқчи ва янги ташаббуслар бунга ёрдам бериши керак.
ФИФА Кенгаши йиғилишидан сўнг федерация 2023 йилдан 2026 йилгача бўлган тўрт йиллик давр учун даромадлар прогнозини эълон қилди. ФИФА раҳбариятининг башоратига кўра, федерация тўрт йил ичида 13 миллиард доллар даромад олади - бу аввалги тўрт йиллик циклга нисбатан 72 фоизга кўп. Бундан ташқари, федерация ҳомийлик ва телевидение битимлари орқали режадаги умумий даромадининг 62 фоизини аллақачон таъминлаб бўлди.
Ўсиш драйверининг учта асосий омили мавжуд. Биринчидан, аёллар футболининг оммабоплиги йил сайин ортиб бормоқда ва 2023 йилги аёллар ўртасидаги Жаҳон Кубоги ФИФА даромадини сезиларли даражада оширди. 2023 йилда федерация 1,17 миллиард доллар даромад олди, бу аввалги аёллар ўртасидаги 2019 йилги Жаҳон Кубогига нисбатан қарийб 400 миллион долларга кўп.
Иккинчидан, барча муаммоларга қарамай, 2025 йилги клублар ўртасидаги Жаҳон Кубоги ўтказиладиган бўлди. ФИФА глобал ҳомийлари билан қўшимча шартнома имзолашга ва 1 миллиард доллар тўлашга тайёр бўлган DAZN телерадиокомпаниясини топишга эришди. 2025 йилги клублар ўртасидаги Жаҳон Кубоги учун янги ҳомийлар ва ҳамкорлар пайдо бўлиши ортидан ФИФА молиявий прогнозини 11 миллиард доллардан 13 миллиард долларга кўтарди.
Учинчидан, табиийки, асосий даромад ЖЧ-2026 турниридан тушади. ФИФА мусобақадан 8,911 миллиард доллар даромад олишини кутмоқда, бу эса тарихда рекорд даражадаги кўрсаткич бўлади. Бошқа йилларда даромад бироз камроқ: 2023 йил – 1,17 миллиард доллар; 2024 йил – 483 миллион доллар; 2025 йил - 2,436 миллиард доллар.
Аммо Ғарбий яримшардаги барча жаҳон чемпионатлари билан боғлиқ муаммо - бу Европа, Африка ва Осиё учун ноқулай вақт зонаси. Шу боис, рейтингларни, жумладан, америкаликлар орасида ҳам ошириш мақсадида ЖЧ-2026 финали ноодатий форматда ўтказилади. ФИФА финални Супербоулга ўхшатиб, танаффусда машҳур хонандалар чиқишини уюштирмоқчи. Супербоул – Америкача футбол чемпионати финали бўлиб, АҚШ телеэкранларида юз миллионлаб томошабинни тўплайди.
«Тасдиқлашим мумкинки, Жаҳон Кубоги финали танаффусида тарихда биринчи марта шоу ўтказилади. Бу Жаҳон Кубоги учун тарихий лаҳза ва дунёдаги энг йирик спорт тадбирига муносиб шоу бўлади», деб ёзди ФИФА президенти Жанни Инфантино ижтимоий тармоқда.
Финалдаги танаффус одатдаги 15 дақиқадан узайтириладими ёки йўқми ҳозирча маълум эмас. Бироқ, амалиёт шуни кўрсатадики, бундай қисқа муддатда шоу ўтказиш имконсиз. Ва ҳозирча ФИФА ким билан музокара олиб бораётгани ҳам номаълум.
Жаҳон Кубогининг 64 та жамоага кенгайиши фақат телерадиокомпаниялар ва ҳомийларнинг қизиқишига боғлиқ бўлади. Инфратузилма нуқтаи назаридан қараганда, 64 та ва 48 та жамоа иштирок этадиган турнирлар ўртасида унчалик фарқ йўқ. Аммо қўшимча 16 та жамоа турнирни камида яна бир ҳафтага узайтириши мумкин. Ва кейин мос равишда Европа чемпионатларининг бошланиш саналари ҳам ўзгаради.
ФИФА қанча кўп даромад олса, миллий федерациялар шунча кўп маблағ олади. Федерацияларнинг тўрт йил давомидаги умумий харажатлари 11,673 миллиард долларни ташкил этиши прогноз қилинмоқда, бу ФИФА даромадининг 90 фоиздан ортиғини ташкил қилади. Бу маблағнинг катта қисми бутун дунё бўйлаб футболни ривожлантиришга йўналтирилади.
ФИФА 2024 йилда ўз маблағларини шундай тақсимлаган:
- 702,5 миллион доллар – ривожланиш ва таълим;
- 285,8 миллион доллар – мусобақалар ва турли тадбирлар учун;
- 254 миллион доллар – бошқарув харажатлари;
- 55,6 миллион доллар - маркетинг ва трансляциялар учун.
Жаҳон Кубогининг 64 та жамоага кенгайиши турнирдаги ўйинлар сонини 128 тага етказади. Қўшимча 24 ўйин эса Жанубий Америка ассоциацияларига турнирнинг ғалати формати учун қитъага ўзига хос товон сифатида «берилиши» мумкин. Бироқ, кенгайтириш ҳам даромадларни сезиларли даражада ошириши мумкин.
Жанубий Америкадаги қўшимча ўйинлар - бу Ғарбий яримшарга мос келадиган вақтда ўтказиладиган ўйинлар. 2030 йил ёзида ФИФА кун давомида ўйинларни ўтказиб, ТВ эфирини тўлиқ тўлдириши мумкин бўлади. Бу ҳолатда федерация даромади катта эҳтимол билан турнирдан тушган 10 миллиард доллардан ҳам ошиб кетиши мумкин.
Бироқ, Жанни Инфантино янги ташаббусларининг рақиблари ҳам бор. Иштирокчи жамоалар сонининг кўпайиши турнирни узайтиради, яъни мавсумлар оралиғида футболчиларнинг дам олиш вақти камаяди. Миллий чемпионатлар ва еврокубок турнирларининг бошланиш саналари эса кўчирилади. Бир сўз билан айтганда, Инфантино муқаррар равишда футболчилар уюшмаси, УЕФА раҳбарияти, етакчи клублар хўжайинлари ва Нью-Йоркдаги Жаҳон Кубоги финалида «Таймлар шоуси» жорий этилгани ҳақидаги хабарга салбий муносабат билдирган мухлислар қаршилигини енгиб ўтишга мажбур бўлади. Бироқ, бу ФИФА президентини безовта қилиши даргумон – унинг обрўси клублар ўртасидаги Жаҳон Кубогига тайёргарлик билан боғлиқ можаролар, Жаҳон Кубогини ҳар икки йилда бир марта ўтказиш ғоясини амалга оширишга бўлган муваффақиятсиз уриниш, Саудия Арабистонининг коррупция ва ҳаддан ташқари босими остига тушганликда айбланишидан кейин сезиларли даражада пасайган. Лекин, шу пайтгача Инфантино барча айбловларга қарши муваффақиятли курашиб, федерацияга кўпроқ миллиардлаб пул олиб келаётган эди. Демак, эртами-кечми Жаҳон Кубогида 64 та жамоа иштирок этади. Агар беш йил ичида бўлмаса, албатта яқин келажакда.
Мавзуга оид

14:44 / 17.12.2024
ФИФА Украина харитасини Қримсиз кўрсатганидан «афсусда»

20:53 / 11.12.2024
ФИФА 2030 ва 2034 йилги Жаҳон чемпионати мезбонларини эълон қилди

13:19 / 07.10.2024
Инфантино ва «футзал Пелеси» келган, Бразилиянинг омади чопган финалдан эксклюзив фотожамланма

15:16 / 18.07.2024