Жаҳон | 21:03 / 12.03.2025
3879
2 дақиқада ўқилади

Индонезиядаги қамоқхонадан 50 дан ортиқ маҳбус қочиб кетди

Маҳаллий аҳоли ёрдамида қочоқларнинг баъзилари ушланган. Ҳукумат вакиллари озодликда қолаётган маҳбусларни таслим бўлишга чақирди.

Фото: Видеодан кадр

Индонезиянинг Ачех провинциясида жойлашган қамоқхонадан 50 дан ортиқ маҳбус қочиб кетди, деб хабар беради The Telegraph.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган кадрларда эркаклар панжаралар устидан ошиб, кўча савдогарлари ёнидан югуриб ўтаётган тасвирланган. Мамлакат ғарбида жойлашган провинция аҳолиси қочоқ маҳбусларни ушлашга уринган. Расмийларнинг маълумотларига кўра, ҳозирда 28 нафар маҳбус озодликда қолмоқда.

Маҳбуслар овқат учун навбатда турганида қочишни амалга оширган. Ҳозирда Индонезия қамоқхоналари жиддий муаммога дуч келган — уларнинг аксарияти жиноятчиларга тўлиб кетган.

Ўтган ой иммиграция ва ахлоқ тузатиш муассасалари вазири Агус Андрианто мамлакатдаги қамоқхоналарнинг 87 фоизи тўлгани ҳақида огоҳлантирган эди. Ачехдаги воқеадан кейин вазир ОАВга ушбу қамоқхона 100 кишига мўлжаллангани, аммо у ерда айни вақтда 368 нафар маҳбус сақланаётганини маълум қилган.

Жазо муддатини ўтаётган маҳбусларнинг аксарияти гиёҳванд моддалар билан боғлиқ айбловлар учун қамоққа ҳукм қилинган. Ҳозирда қочоқларни қидириш бўйича атрофдаги барча ҳудудлар кўздан кечирилмоқда, расмийлар озодликда қолаётган маҳбусларни янги жазодан қочиш учун таслим бўлишга чақирди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид