Жаҳон | 22:24 / 12.03.2025
2308
3 дақиқада ўқилади

Кремль Путин ва Трамп учрашуви эҳтимолини муҳокама қилмоқда – ОАВ

Таъкидланишича, Москва жанговар ҳаракатларни тўхтатиш эвазига Вашингтоннинг ён беришларини максимал даражада ошириш учун учрашувни иложи борича кечиктиришни афзал кўради, чунки «вақт Кремль томонида».

Фото: AFP

Кремль Россия президент Владимир Путин ва АҚШ президенти Доналд Трампнинг апрель ёки май ойида учрашиши имкониятларини ўрганмоқда, деб ёзди The Moscow Times мунозаралардан хабардор бўлган Россиянинг амалдаги ва собиқ расмийларига таяниб. Энг кўп муҳокама қилинадиган сценарийлардан бири - бу Пасха байрамига тўғри келадиган учрашув (2025 йилда православ ва ғарбий черковларда бу 20 апрелга тўғри келади).

Идеал ҳолда, Москва жанговар ҳаракатларни тўхтатиш эвазига Вашингтоннинг ён беришларини максимал даражада ошириш учун учрашувни иложи борича кечиктиришни афзал кўради, чунки «вақт Кремль томонида», деди манбалар.

Шу билан бирга, Россия расмийлари учрашувни жуда ҳам кейинга қолдиришни истамаяпти, чунки улар Вашингтоннинг бунга қизиқиши йўқолиши мумкинлигидан хавотирда. Чунки айни пайтда АҚШ ва Европада Москва билан ўзаро муносабатларга қаршилик кучайиб бормоқда. Шунинг учун учрашув ҳар қандай ҳолатда ҳам «июнь ойидан кечиктирмай» режалаштирилган.

Россия Украинадаги урушни тугатишдан ташқари, музокараларда ўзи учун муҳим икки томонлама масалалар, жумладан, санкцияларни бекор қилиш, АҚШ томонидан Россиянинг йирик лойиҳаларига сармоя киритиши, стратегик барқарорлик ва қурол назорати каби масалаларни ҳам қамраб олишни истайди.

«Бизга ҳам, Трампга ҳам аниқ ғалабалар керак. Ғалабалар фақат яхши тайёрланган, ҳужжатлаштирилган келишувлардан келиб чиқади ва бу кенг кўламли тайёргарлик ишларини талаб қилади», деб таъкидлади манбалардан бири.

Трамп имкон қадар тезроқ Путин билан учрашиш истагини бир неча бор билдирган. Москва, расмий даражада эҳтиёткор риторикани сақлаб қолган.

11 март куни Қўшма Штатлар Россия ва Украинага 30 кунлик муддатга сўзсиз ўт очишни тўхтатишни эълон қилишни таклиф этди, бу вақт ичида бўлажак тинчлик шартномаси бўйича муҳокамалар бошланиши кутилмоқда. Киев бу таклифга рози бўлди, бироқ Москва ҳозирча бунга изоҳ бермади.

Мавзуга оид