Жамият | 20:13 / 13.03.2025
2297
2 дақиқада ўқилади

Андижонда 26 ёшли йигитни поезд уриб кетди

Шифокорлар ёрдами билан унинг ҳаёти сақлаб қолинган. Ҳозирда жабрланувчининг ҳолати «ўрта оғирликда» дея баҳоланмоқда.

Иллюстратив фото

Андижон шаҳрида 13 март куни поезд фуқарони уриб юборди, деб хабар беради Андижон вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси.

Қайд этилишича, пайшанба куни соат 10:22 да тез ёрдам бригадаси воқеа жойига етиб борган. Бу вақтда Х.М. исмли 1999 йилда туғилган, кар-соқов йигит оғир ва карахт ҳолатда бўлган.

Жабрланувчи 10:34 да Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази вилоят филиалига олиб келинган. Марказ шифокорлари операция натижасида беморнинг ҳаётини сақлаб қолган.

Унга бош мия оғир жароҳати, чайқалиши, гематомаси, қош қисми йиртилиши, ўнг ошиқ-болдир бўғими чиқиши, ошиқ-болдир бўғими синиши, постравматик карахтлик каби ташхислар қўйилган.

«Беморнинг ҳолати ўрта оғирликда деб баҳоланмоқда. У ҳозирда шифокорлар назорати остида, саломатлик ҳолати эса ижобий кўринишда», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил октябр ойида Тошкентда темирйўлнинг белгиланган қисмидан велосипедда кесиб ўтаётган 15 ёшли болани поезд уриб кетганди.

Мавзуга оид