Жаҳон | 20:21 / 13.03.2025
1038
2 дақиқада ўқилади

Арманистон ва Озарбойжон тинчлик битими лойиҳасини келишиб олди

ТИВ раҳбари Жайҳун Байрамовга кўра, Арманистон битимнинг келишилмаган охирги иккита банди бўйича Озарбойжон томонининг таклифини қабул қилган.

Фото: Getty images

Арманистон ва Озарбойжон вакиллари музокараларни якунлаб, тинчлик битими матнини келишиб олди. Бу ҳақда ҳар икки мамлакат Ташқи ишлар вазирликлари маълум қилди.

Озарбойжон ТИВ раҳбари Жайҳун Байрамовнинг маълум қилишича, Арманистон битимнинг келишилмаган охирги иккита банди бўйича Озарбойжон томонининг таклифини қабул қилган.

«Бокунинг кейинги босқичдаги кутилмалари қуйидагича — Арманистон ўз конституциясига ўзгартиришлар киритиши керак, чунки унда ҳали ҳам Озарбойжонга нисбатан ҳудудий даъволар мавжуд», — дейди вазир.

Ереван ўз навбатида ҳужжатни имзолаш жойи ва вақтини белгилаш бўйича Боку билан маслаҳатлашувларни бошлашга тайёрлигини тасдиқлади.

Арманистон ва Озарбойжон 2023 йилдан бери тинчлик битимини имзолашга уринмоқда. 2025 йил февралда Арманистон бош вазири Никол Пашинян томонлар тинчлик сулҳининг 17 та бандидан 15 тасини келишиб олганини маълум қилганди. Келишилмаган бандлар халқаро суд инстанцияларида ўзаро даъволардан воз кечиш ва чегара ҳудудида учинчи кучларни жойлаштирмаслик масалалари эди. Ўша пайтда у Ереван ва Боку ўртасидаги вазиятнинг кескинлашиши учун асос кўрмаётганини билдирганди.

Озарбойжон тинчлик битими доирасида Арманистон ўз Конституциясига ўзгартиришлар киритишини талаб қилмоқда. Унда Арманистон Олий кенгаши 1990 йил 23 августда қабул қилган мамлакат мустақиллиги декларациясига ҳавола бор. Ушбу декларация бошида ўз навбатида, Арманистон ССР ва Тоғли Қорабоғнинг 1989 йилдаги «Бирлашув тўғрисида»ги қўшма резолюциясига ҳавола келтирилган.

Мавзуга оид