Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғазога зулм қилишда бардавом Исроил, Суджани тарк этган украинлар ва Трампдан Россияга санкция ваъдаси — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Исроил Ғазода ҳужумни кучайтирди
Исроил кучлари ўтган кун ичида Ғазо ҳамда Ғарбий соҳилда 11 фаластинликни ўлдирди. Фаластин манбаларига кўра, 8 киши Ғазода, 3 киши эса Ғарбий соҳилда ҳалок бўлган.
19 январдаги оташкесим келишувидан бери Ғазода 137 киши ҳалок бўлган. Исроил ҳарбийлари улар хавфли шахслар эканини иддао қилмоқда, бироқ қурбонларнинг аксарияти тинч аҳоли, шу жумладан аёллар ва болалардир.
ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги музокаралар қайта бошланди. Исроил асирлардан ярмини озод этиш эвазига музокараларни давом эттиришни талаб қилмоқда. ҲАМАС эса барча асирларни озод қилиш ва Исроил қўшинларини Ғазодан чиқариш масаласини муҳокама қилишни талаб қилмоқда.
Бундан ташқари, Исроил ҲАМАСга босимни кучайтириш мақсадида Ғазога озиқ-овқат, дори-дармон, электр ва ёқилғи етказиб беришни тўлиқ тўхтатди. БМТ ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу чораларни халқаро ҳуқуқни бузиш деб баҳолаб, Тел Авивни қаттиқ танқид қилмоқда.
ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, фаластинликларнинг атиги 10 фоизи тоза ичимлик сувга эга. БМТ Исроилнинг чекловлари Ғазони очлик ва ҳуманитар инқироз гирдобига тортаётганини таъкидламоқда.
Украина қўшини Суджа шаҳрини тарк этди
Россия қўшинлари Курск областида Украина назоратида бўлиб келган Суджа шаҳрига кириб борди. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, армия 100 километр квадратдан ортиқ ҳудудни эгаллаб, 17 та аҳоли пунктларини, жумладан Суджани ўз назоратига олган.
Украина томони ҳозирча вазиятни расмий изоҳламаган. Бироқ Украина Бош қўмондони Александр Сирский қўшинлар стратегик нуқталарга чекинаётганини ва тўқнашув таҳдиди йўқлигини билдирди. Россия томони эса Суджадаги саноат ҳудуди ва маъмурий бинолар устидан тўлиқ назорат ўрнатганини маълум қилди.
Россия қўшинлари шимол ва жануб йўналишларида ҳам илгарилаб, Богдановка, Казацкая Локня, Мирное ва Бондаревка қишлоқларини эгаллади. Бу воқеалар фонида Украина генерали Дмитро Красилников лавозимидан четлаштирилди.
Украина қўшинлари 2024 йил августида Курск областига ҳужум қилиб, бир неча ой давомида ҳудудни назорат қилган эди. Ҳарбий таҳлилчиларнинг маълумотларига кўра, Украина бу ҳудудда позициясини қайта кўриб чиқмоқда.
Трамп Россияга қарши кучли санкцияларни ваъда қилди
АҚШ президенти Доналд Трамп Россияга қарши «ҳалокатли» санкциялар жорий этишга тайёр эканини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Москва Украинадаги урушни давом эттирса, иқтисодий жазолар янада кучайтирилади.
Трамп ВВС билан суҳбатда Россия учун «молиявий жиҳатдан оғир оқибатлар» бўлиши мумкинлигини таъкидлади. У қўлланажак чораларни «ҳалокатли» деб атаб, Кремл учун янги иқтисодий чекловлар тайёрланаётганини билдирди.
АҚШ президенти Украинадаги вазиятга тўхталиб, Киевнинг позицияси ўзгарганини айтди. Трампга кўра, Украина аввал тинчликка мойиллик билдирмаган, аммо энди Зеленский музокараларга тайёр.
Агар Москва АҚШ таклиф қилган 30 кунлик тинчлик режасини рад этса, Россияга қарши санкциялар қўлланишини АҚШ сенатори Линдси Грэҳэм ҳам ваъда қилди. Бу ҳолда чекловлар нафақат Россияга, балки унинг нефт, газ ва уранни харид қилувчи давлатларига ҳам қўлланади.
Украина Ташқи ишлар вазири Андрий Сибига бундай вақтинчалик тинчликни муҳим деб атади. Бироқ Москва ҳозирча бу таклифга эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда.
Bloomberg нашрининг ёзишича, РФ президенти Владимир Путин 30 кунлик оташкесимга рози бўлади, бироқ Украинага қурол-яроғ етказилиши тўхтатилишини талаб қилиши мумкин.
Туркия Россия ва Украина музокараларини қўллаб-қувватлайди
Туркия Россия ва Украина ўртасида тинчлик музокараларини қайта тиклашга тайёр. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған Полша бош вазири Доналд Туск билан учрашувда Туркия минтақавий хавфсизликни таъминлашда фаол рол ўйнашга тайёрлигини билдирди.
Эрдўған Украинада урушни тугатиш, адолатли тинчликни таъминлаш ва дипломатик жараёнларни тезлаштириш кераклигини таъкидлади. У Россия ва Украинани музокараларга қайтишга чорлаб, Туркия бундай жараёнга мезбонлик қилишга тайёрлигини билдирди. Аввалроқ Эрдўған Адолат ва тараққиёт партияси парламент фракциясида ҳам чиқиш қилиб, Туркия «тинчлик дипломатияси» марказига айланаётганини таъкидлаган.
Туск билан учрашувда Европа хавфсизлиги, Фаластиндаги вазият ва НАТОдаги ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Эрдўған Туркия ва Польша НАТОнинг муҳим аъзолари эканини ва икки давлат Европанинг шарқий ва жанубий қанотларида асосий рол ўйнашига урғу берди.
Шунингдек, Эрдўған Туркиянинг Европа Иттифоқига тўлиқ аъзо бўлишга интилишини қайд этиб, бу жараён фақат ўзаро ҳурмат ва манфаатлар асосида ривожланиши мумкинлигини таъкидлади.
Арманистон ташқи кучлардан воз кечмоқчи
Арманистон бош вазири Никол Пашинян Арманистон ва Озарбойжон чегарасини делимитация қилгандан сўнг, учинчи давлатларнинг ҳарбий кучларини жойлаштиришга эҳтиёж қолмаслигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, чегарани аниқ белгилаш орқали можаролар хавфи камаяди.
Шу билан бирга, Арманистон ва Озарбойжон ўзаро халқаро даъволардан воз кечиш масаласини муҳокама қилмоқда. Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян бу жараёнга ижобий ёндашув кераклигини ва Туркия билан ҳам муносабатларни яхшилаш мумкинлигини таъкидлади.
Мирзояннинг сўзларига кўра, Ереван Озарбойжон таклиф қилган тинчлик келишувининг 12-таҳрирланишига жавоб берган. Боку ва Ереван ўртасида тинчлик шартномаси бўйича музокаралар давом этмоқда. Озарбойжон томони маълумотига кўра, 17 банддан иборат келишувнинг фақат икки банди — ўзаро халқаро даъволардан воз кечиш ва учинчи томонларнинг чегарада иштирокини истисно қилиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Мирзоян Ереван ва Боку ўртасидаги мулоқот тез орада янги босқичга чиқиши мумкинлигини таъкидлади. У, шунингдек, Арманистон Туркия билан муносабатларни яхшилашга ҳам тайёр эканини маълум қилди.
Венгрияда мухолифат партияси етакчилик қилмоқда
Венгрияда мухолифатчи Петер Мадяр етакчилигидаги «Тиса» партияси сайловчилар орасида етакчиликни сақлаб қолмоқда. Medián агентлиги ўтказган сўров натижаларига кўра, партия ҳозирги бош вазир Виктор Орбаннинг «Фидес» партиясидан олдинда кетмоқда.
Сўров натижаларига кўра, ўз танловини аниқлаб бўлган сайловчиларнинг 46 фоизи «Тиса»ни қўллаб-қувватлаган, «Фидес-KDNP» блокига эса 37 фоиз овоз берилган. Бу фарқ 2024 йил ноябрь ойидан бери деярли ўзгармаган.
«Тиса» партияси сайловчиларининг 90 фоизи сайловда албатта иштирок этишини маълум қилган, бу кўрсаткич «Фидес» тарафдорлари орасида 80 фоизни ташкил этмоқда. Шунингдек, 56 фоиз респондент Венгрияда ҳукумат ўзгаришини қўллаб-қувватлаган, 35 фоизи эса Орбан ҳукуматига ишонч билдирган.
«Тиса» партияси Европарламент сайловлари арафасида ташкил этилган бўлиб, қисқа вақт ичида Венгриядаги энг йирик мухолифат кучига айланди. Мамлакатда навбатдаги парламент сайловлари 2026 йилда бўлиб ўтади.
КХДРда доҳий учун махфий бункер қурилди
Шимолий Корея етакчиси Ким Жонг Ун ядро ракеталарини жойлаштириш учун махфий бункер қурдирди. Daily Mail хабарига кўра, ушбу иншоот Пёнгянг яқинидаги қишки саройи ўрнида барпо этилган.
Расмий маълумотларга кўра, бу ҳудудда шахсий голф майдони қурилган. Бироқ мутахассислар бу майдон аслида махфий ракета старт комплексини ниқоблаш учун қурилганини таъкидламоқда. Сунъий йўлдошдан олинган тасвирлар бу ерда бетон пойдевор қўйилганини ва устидан юпқа тупроқ қатлами ётқизилганини кўрсатмоқда.
Инфрақизил тасвирлар таҳлилига кўра, 2023 йил июн ойида майдон қурилиш жараёнида бетон асос билан мустаҳкамланган ва устига чим қопланган. Бу усул объектни кузатув йўналишларидан яширишга хизмат қилади.
Мутахассислар бу бункер ядро қуролларини сақлаш ёки стратегик ракета старт мажмуаси сифатида ишлатилиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Бу эса Шимолий Кореянинг ҳарбий салоҳияти янада ошганини кўрсатади.
Мавзуга оид
13:40 / 28.05.2025
Талабаларга виза суҳбатларини тўхтатган АҚШ, Исроилни танқид қилган канцлер ва Ҳайит кунини эълон қилган Саудия – кун дайжести
13:15 / 27.05.2025
ҲАМАСга таклиф қилинган сулҳ, Ливерпулдаги фожиа ва рафиқасидан шапати еган Макрон — кун дайжести
13:31 / 26.05.2025
Путин вертолёти атрофида дронлар ҳужуми, Ҳамаснинг ҳарбий операцияси ва ЕИга божларни кечиктирган Трамп – кун дайжести
14:21 / 24.05.2025